Ўзбекистон | 08:42 / 14.03.2026
3260
2 дақиқада ўқилади

Автобуслар учун махсус йўлаклар тўсиқлар билан ажратилади

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини янада самарали ташкил этиш ва автобуслар қатновига қулайлик яратиш мақсадида махсус ажратилган «А» йўлакларини делиниаторлар билан ҳимоялаш режалаштирилмоқда. 

Мазкур янгилик орқали автобуслар учун мўлжалланган алоҳида йўлакларни аниқ ажратиш, ушбу ҳудудларга бошқа транспорт воситаларининг ноқонуний кириб кетишини чеклаш ҳамда жамоат транспорти ҳаракат тезлигини ошириш кўзда тутилган.

Мутахассислар фикрича, бундай амалиёт шаҳарда тирбандлик шароитида автобуслар ҳаракатининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки амалда автобуслар учун ажратилган йўлакларга енгил автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларининг кириб қолиши жамоат транспорти ҳаракатида кечикишларга сабаб бўлмоқда. 

Делиниаторлар ўрнатилиши эса бу муаммонинг олдини олиш, ҳайдовчиларни йўл қоидаларига қатъий амал қилишга ундаш ва автобуслар ҳаракати учун устуворлик яратишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, янги тартиб жамоат транспортидан фойдаланувчи йўловчилар учун ҳам қулайликларни оширади. Автобусларнинг белгиланган вақтда ҳаракатланиши, бекатларга ўз вақтида етиб келиши ва умумий қатнов интизомининг яхшиланиши кутилмоқда. Бу эса пойтахтда жамоат транспорти жозибадорлигини кучайтириб, шахсий автомобиллардан кўра автобусдан фойдаланишни рағбатлантириши мумкин.

Ҳозирча мазкур тизим қайси кўчаларда жорий этилиши юзасидан аниқ манзиллар очиқланмаган. Масъуллар бу ҳақдаги батафсил маълумот яқин кунларда эълон қилинишини билдирган. 

Қайд этилишича, ушбу ташаббус Тошкент шаҳрида жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид