Жаҳон | 14:11 / 12.11.2021
7402
1 дақиқада ўқилади

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туркий давлатлар ташкилотига айланади - Чавушўғли

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши давлат раҳбарларининг Туркияда бўлиб ўтаётган йиғинида Кенгашнинг “Туркий Дунё нигоҳи-2040” дастури қабул қилинади, деб хабар қилмоқда Анадолу агентлиги. Бундан ташқари Кенгаш ташкилотга айланади.

Фото: Anadolu Agency

“Туркий давлатлар ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида, Кенгаш ўз номини ўзгартиради ва Туркий давлатлар ташкилотига айланади”, - деган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли.

Таъкидланишича, Туркия тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 2021 йилги саммитида Туркманистон ҳам расман кузатувчи сифатида иштирок эта бошлаган. Бундан аввал, биргина Венгрия кузатувчи мақомида эди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши давлат раҳбарлари 12 ноябрдаги мажлисида ташкилотнинг 2040 йилгача бўлган дастурини ҳам қабул қилади.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилда туркий тилда сўзлашувчи давлатлар ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унга Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжон тўлақонли аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон Кенгашга 2019 йил аъзо бўлган эди.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид