Жамият | 19:58 / 24.09.2025
6724
3 дақиқада ўқилади

 “Тутунли Албион”: Қашқадарёда шундай жой борлигини билармидингиз?

Қарши тумани Манғит маҳалласи аҳолиси Kun.uz’га мурожаат қилиб, йиллар давомида уларни безовта қилиб келаётган оғир экологик муаммога эътибор қаратишни сўраган. Ғузор ва Қарши туманлари чегарасидаги чиқиндихонада деярли ҳар куни ёнғин келиб чиқиши ва аҳоли соғлиғига зарар етказаётгани маълум қилинган.

Манғит маҳалласида истиқомат қилувчи Арслон Явқочдиев аҳоли бу ҳолатдан зада бўлиб қолганини айтмоқда.

«Кечки 18:00-19:00 атрофида чиқиндихона ёнади. Эрталаб бутун қишлоқ тутун ичида қолади. Болаларимиз, кексаларимиз нафас йўллари билан боғлиқ касалликка чалиняпти. Кўпчиликнинг терисида яра-чақа кўпайган. Ҳеч ким бу муаммога жиддий эътибор қаратмаяпти», – дейди Явқочдиев.

Kun.uz’га юборилган видеоларда бутун чиқиндихона ёнғин ичида қолгани, аёллар қўлида эса касаллик аломатлари пайдо бўлгани акс этган.

Қашқадарё бўйича полигонлар дирекцияси раҳбари Жамшид Усмонов билан боғландик. Унинг маълумот беришича, мазкур чиқиндихона 2017 йилда ташкил этилган ва 2025 йил январидан дирекция назоратига ўтган.

«Чиқиндиларни ёқиб юборишдан бизга ҳеч қандай манфаат йўқ. Аксинча, 2027 йилда чиқинди қайта ишлаш заводи қурилиши режалаштирилган. Шунинг учун чиқинди захирасини сақлаб боришимиз фойдали», – дейди Усмонов.

Шу билан бирга, у чиқиндихонада тез-тез ёнғин содир бўлаётганини тасдиқлади ва 24 сентябр куни Ғузор тумани ИИБга бу ҳолат юзасидан мурожаат қилинганини маълум қилди.

20 сентябр куни Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Карима Ядгарова билан ҳам телефон орқали боғландик. У аввалига «Чиқиндилар эски, туриб-туриб ўзи ёниб кетяпти», – деган жавобни берди.

Бироқ, бу ноодатий жавобдан қониқмай, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, муносабат беришларини сўрадик. Ходимнинг кейинги жавоби ҳам олдингисидан унчалик фарқ қилмади: «Чиқиндихонада ҳеч қандай ёнғин кузатилмаган, сизларга ташланган маълумот икки-уч ой аввалги» деган муносабатни берди экологлар.

Аммо Kun.uz таҳририятидаги видеолар ва маҳаллий аҳоли кўрсатмасига кўра, 16 сентябр куни чиқиндихонада ёнғин қайд этилган. 21 сентябрда ҳам чиқиндихона тутун ичида қолган.

Муаммо ҳақида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳам хабар берилган. Аммо ҳокимлик масалага жиддий қарамаяпти шекилли, вазиятни бартараф этиш бўйича ҳеч қандай ташаббус кўрсатмади.

Манғит маҳалласи ва атроф қишлоқлар аҳолисига кўра, чиқиндихонада ёнғинлар сўнгги беш йилдан бери мунтазам давом этиб келган. Уларнинг масъул идораларга қилган мурожаатлари эса самарасиз қолмоқда.

Ҳолатдан азият чекаётганлар манзарани «Туманли Албион», яъни Англияга қиёслашди. Бироқ Қашқадарёда пайдо бўлган «тутунли Албион» романтик манзара эмас, аҳоли ҳаётини издан чиқараётган, соғлиқни хавф остига қўяётган ҳодиса.

Савол туғилади: Қашқадарёнинг «тутунли Албион»га айланган ҳудуди қачонгача эътиборсиз қолади?

Исомиддин Пўлатов,

Kun.uz мухбири

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид