Ўзбекистон | 21:19 / 25.08.2022
40722
2 дақиқада ўқилади

Администрацияда ўзгаришлар давом этади. 65 ёшли Абдувоҳидов маслаҳатчиликдан кетди

Ўзбекистон президентининг таълим ва соғлиқни сақлашга масъул 65 ёшли маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов лавозимидан озод этилди. Абдувоҳидов Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси ҳисобланади.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов лавозимидан озод этилди.

Kun.uz манбасига кўра, бу ҳақда бугун, 25 август куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказган йиғилишда маълум қилинган. Умрзоқов аҳолининг жуда кўп эътирозлари айнан таълим ва тиббиётга оид эканини таъкидлаган.

Шу йил 66 ёшга тўладиган Абдужаббор Абдувоҳидов администрация ва ҳукуматдаги энг кекса ёшли амалдорлардан саналарди. У 4 йил олдин, 2018 йил 27 августда президент маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.

Маълумот учун, Абдувоҳидов Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қудаси ҳисобланади.

Мазкур истеъфо Президент администрациясида охирги 1 ой ичидаги бешинчи кадр ўзгариши бўлди. Бу ўзгаришларнинг барчаси Зайнилобиддин Низомиддинов администрация раҳбарлигидан олиниб, ўрнига Сардор Умрзоқов тайинлангани ортидан рўй бермоқда.

Бу тайинловдан кўп ўтмай Суннатилла Бекенов администрация раҳбарининг ёрдамчиси, Комил Алламжонов эса администрация раҳбарига ўринбосар этиб тайинланди. Шундан кейин президент маслаҳатчиси лавозимидаги Бахтиёр Исломов Олий суд раиси лавозимига ўтказилди.

Куни кеча Президент администрациясининг Назорат инспекциясига ҳам янги бошлиқ тайинланди. Бу лавозимни Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов эгаллади.

Мавзуга оид