ОАВнинг «оёғига кишан» бўлиб турган солиқ юки. Таҳририятлар ҳукуматдан солиқ имтиёзлари кутишмоқда
ОАВ зиммасидаги солиқ юки – бугун таҳририятларни, айниқса, хусусий электрон нашрларни қийнаб келаётган асосий муаммолардан бири.
Мамлакат тараққиётида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Амалдорларнинг коррупцион жиноятлари, масъулларнинг ҳаракатсизлиги қандай мудҳиш оқибатларга олиб келгани, ҳамма биладиган, аммо қарши курашолмайдиган кўплаб иллатлар айнан матбуот юзини кўргандан кейин фош этилгани, ечим топганига дунё тажрибасидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шунинг учун ҳам президент Шавкат Мирзиёев журналистларга қарата «Танқид қилинглар. Бу учта-тўртта қарордан ҳам кўпроқ таъсир қилади», дея уларни фаолликка чақириб келади.
Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида ОАВнинг роли кун сайин ошиб бормоқда. Шу билан бирга, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган айрим масалалар ҳам борки, улардан бири оммавий ахборот воситаларини солиққа тортиш билан боғлиқ. Ўзбекистондаги бир қатор интернет нашрлари раҳбарлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда бугунги кунда таҳририятлар зиммасидаги солиқ ставкалари миқдори юқори экани, бунинг салбий оқибатлари ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритишди.
Лола Исломова, Anhor.uz нашри бош муҳаррири:
– Таҳририятимиз унчалик катта эмас, айланмамиз ҳам кўп эмас. Шунинг учун иш ҳақидан 12 фоиз даромад солиғи ва 12 фоиз ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромадимиздан 4 фоиз ягона солиқ тўлови тўлаймиз. Тахминимча, Ўзбекистондаги аксарият таҳририятлар, агар қандайдир истиснолар бўлмаса, худди шу тарзда ишлашади. Анчагина тўлов йиғилиб қолади.
Ягона солиқ тўлови 6 фоиз бўлган даврларни яхши эслайман. Индивидуал тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари ҳам бор ва уларнинг сони кам эмас. Бу камроқ солиқ тўлаш ва камроқ ҳисобот топшириш мақсадидаги мажбурий чора бўлган деб ўйлайман.
Кўп сонли ходимлар штатига эга, офис ижараси ва бошқа чиқимлари кўп бўлган, камига ҚҚС тўловчиси бўлган йирик оммавий ахборот воситаларига ҳаммадан кўра қийинроқ. Ўзбекистонда цивилизацияли реклама бозори шаклланмаган. Шу сабабли бозордаги рекламаларнинг умумий суммаси катта эмас. Рақамларни эслай олмайман, бироқ бу маълумотлар маркетологларда бор.
ОАВ оёққа туриши учун камида икки йил талаб этилади. Шунда ҳам иш бошланган вақтда яхши молиявий маблағ ажратилган бўлса. Кўпчилик ҳеч қандай молиявий инвестициясиз иш бошлайди, шу сабабли ўзининг молиявий ҳолатини ўнглаш, оёққа туриш, ўзини ўзи таъминлай оладиган даражага етиш кўп вақт олмоқда. Ҳамма ҳам бундай марафонга дош бера олмайди ва ушбу босқичда фаолиятини қисқартириши мумкин. Менимча, шаклланиш босқичида барча оммавий ахборот воситалари қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзларига муҳтож.
ОАВга солиқ преференцияларини бериш бу шунчаки бизнесни қўллаб-қувватлаш эмас, балки тараққиётнинг демократик йўлини қўллаб-қувватлашдир. Шу сабабли улар бу ҳақда гапиришлари ва имтиёзга эришишлари жуда муҳим. Лекин бу осон масала эмас, бу борада бошқа давлатлар тажрибасини ҳам ўрганиш жоиз.
Агар солиқ имтиёзлари ҳақида сўз борадиган бўлса, ҳукуматни ОАВга нисбатан дифференциялашган ҳолда ёндашишга чақирган бўлардим. Ахборот-таҳлилий нашрларни алоҳида категорияга киритган бўлардим. Ахир бу шунчаки ахборот тақдим этиш ёки кўнгилочар янгиликлар тарқатиш эмас. Таҳлил бу – экспертлар, олимлар, мутахассисларнинг катта ва жиддий фаолияти. Таҳлил жамоатчилик фикрини шакллантиради, уни иқтисодий, ижтимоий ва идеологик жиҳатдан саводлироқ қилади. Тоқатли бўлишга ўргатади.
Таҳлилий оммавий ахборот воситалари шунчаки бизнес эмас, у тараққиётнинг демократик йўлини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг сиёсий саводини ошириш демакдир. Шунинг учун бундай ОАВ аудиторияси енгил-елпи, кўнгилочар материаллар берувчиларникига нисбатан камроқ. Табиийки, уларга бериладиган реклама ҳам камроқ. Шу боис, агар давлат саводли фуқаролик жамиятидан манфаатдор бўлса, уларни қўллаб-қувватлаши керак.
Давлат оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш орқали фақат ва фақат ютади. Шубҳасиз бу ерда сўз демократик давлат ҳақида бормоқда. Давлат ахборот олиш ва тарқатишга доир шартларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, қатор қонунларда белгилаб қўйган. Ва ҳукумат бошқа шартларни белгиламаслиги керак, акс ҳолда, бу сўз эркинлигига аниқ тажовуз бўлади.
Сўзим якунида барча электрон оммавий ахборот воситаларини IT-парк резидентлигига қайтариш кераклигини таъкидламоқчиман. Резидентлик уларга юқорида санаб ўтилган қатор муаммолардан фориғ бўлиш имконини беради.
Абдуғани Абдураҳмонов, Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали раҳбари:
– Ўтган йили Президент администрацияси қошидаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига маҳаллий ОАВни ривожлантириш, уларни қийнаётган иқтисодий қийинчиликларга ечим топишга қаратилган 10тага яқин таклиф берганмиз. Ҳозирча бу борада ўзгариш сезилгани йўқ.
Босма нашрларни кўпинча мажбурий обунага боғланиб қолганликда, замон билан ҳамнафас бўла олмасликда, ахборот узатишнинг консерватив усулига ёпишиб олганликда айблашади. Шахсан мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки «Хabar» газетаси қошида 2017 йили Xabar.uz сайтини ташкил қилганмиз. Шу билан бирга, газетамиз ҳам чиқишда давом этмоқда.
Сайт йўналиши тезкорликка асослангани, жанр хусусиятлари бошқача бўлгани учун у алоҳида юритилади. Газетамизда чиққан долзарб мавзудаги, таҳлилий мақолалар Xabar.uz порталида ҳам бериб борилишини айтмаса, сайт ва газета бир-бирини такрорламайди. Шу ўринда Xabar.uz Ўзбекистондаги етакчи 10та интернет нашрлар сафига киргани, ўқувчилари кундан кунга кўпайиб бораётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда сайтга реклама берувчиларни жалб этиш, реклама агентликларидан реклама ундиришнинг ўзи бўлмаяпти. Кўпкарида улоқни айиргандай йирик рақобатчилар бор бозорда бир иложини қилиб ундирилган рекламадан тушган пулдан ҳам ҚҚС ушлаб қолинади. Обуна учун ҳам, етказиб бериш харажати учун ҳам ҚҚС белгиланган.
Таъкидлаш керакки, реклама ва обуна учун ҚҚС жорий қилиниши таҳририятларнинг иқтисодий аҳволини бадтар оғирлаштирди. Тўғрисини айтсак, матбуот даромадгир соҳа эмас. Битта Ўзбекистонда эмас, бутун дунёда шундай. Ҳаттоки Guardian, Times каби жаҳон миқёсидаги йирик нашрлар ўқувчилар, реклама берувчи компанияларнинг молиявий кўмаклари орқали яшаб келмоқда. BBC, Deutsche Welle сингари оммавий ахборот воситаларининг фаолияти давлат томонидан молиялаштирилади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Биз харажатларимиз давлат томонидан қоплаб берилсин, ҳукумат бизни васийликка олсин демаймиз. Бундай ҳолда ОАВ холисликни сақлай олмаслиги мумкин, табиийки, буни истамаймиз. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, Ўзбекистонда реклама бозори у қадар ривожланмагани, реклама берувчилар йилдан йилга ОАВдан кўра ижтимоий тармоқларда реклама беришга кўпроқ хоҳиш билдиришаётгани, пандемия реклама бозорига ҳам катта таъсир кўрсатаётгани, нашрларнинг асосий даромади шу йўналишдан эканини ҳисобга олиб, оммавий ахборот воситаларига келиб тушаётган реклама тушумлари ҚҚС солиғидан озод этилишини таклиф қилган бўлардим. Умуман, ҚҚСни сайтлар учун ҳам, босма нашрлар учун ҳам бекор қилиш керак.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ходимларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида уларнинг ойлик маошидан ушланадиган солиқни 50 фоизга қисқартириш керак. Шунингдек, иш берувчидан ундирилаётган ягона ижтимоий тўлов йиғимини ҳам қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Аҳвол шу зайлда давом этаверса, босма нашрлар ҳам, кўплаб электрон нашрлар ҳам ёпилиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг ўрнини тўлдириш эса жуда ва жуда қийин бўлади.
ОАВ ҳеч қачон ишлаб чиқариш объекти бўлмаган. Гарчи, юридик шахс бўлсак-да, юридик мақомимиз, фаолиятимиз, даромадимиз бошқа солиқ тўловчиларникидан кескин фарқ қилади. Шу боис, солиққа тортишда ҳам соҳанинг ўзига хослигини ҳисобга олиш зарур назаримда.
Хайрулла Қосимов, Nuz.uz сайти директори:
– Катта ёки кичиклиги, юридик мақоми, масалан, МЧЖ, ОК, ХК ва ЯТТ эканидан қатъи назар Ўзбекистондаги ҳамма оммавий ахборот воситалари кўрсатаётган хизматлари учун савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари билан баб-баравар солиқ тўлаб келишади. Ҳолбуки, ОАВнинг фаолият тарзи, молиявий айланмаси, даромадлари манбайи уларникидан кескин фарқ қилади.
Республикадаги оммавий ахборот воситалари, хусусан, электрон нашрларнинг 80 фоизида ҚҚС билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги мумкин, чунки аксарият таҳририятларнинг тушуми камтарона бўлгани боис молиявий айланма 1 миллиард сўмга етмайди. Лекин айланмаси 1 миллиарддан юқори нашрларда харажат билан боғлиқ муаммолар кўпайса кўпаядики, асло камаймайди.
Шахсан Nuz.uz сайти таҳририяти мисолида келтирадиган бўлсам, МЧЖ шаклида давлат рўйхатидан ўтганмиз. Бизни ҳам солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммолар кўпдан бери қийнаб келади. Иш фаолиятимиз сайтни юритишдан иборат. Ташқаридан бизга ҳеч қандай имтиёзлар йўқ. Бозорда савдо-содиқ, экспорт ёки импорт, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчиларга нисбатан қандай муносабатда бўлинса, солиқ сиёсати борасида бизга ҳам шундай кўз билан қараб келинади.
Қайсидир ташкилот сайтимизда мақоласини чиқартирмоқчи бўлса, пулини тўлаб кейин чиқаради. Журналистларимизнинг ўзлари реклама берувчиларни сайтда ўз маҳсулотларини реклама беришга жалб қилиш билан ҳам шуғулланади, баъзида рекламалар реклама агентликларидан ҳам келади. Аммо сайтимизда реклама ёки PR-мақолаларни чиқариш учун мижозлар ҳеч қачон навбатда туришмайди, йирик нашрларда балки шунақадир, аммо бизда вазият бошқача.
Йирик нашрларда реклама бўйича алоҳида менежерлар бор, лекин бизда бу иш журналистларнинг зиммасида. Чунки молиявий аҳволимиз рекламаларни жалб қилиш учун алоҳида вакансия очиш имконини бермайди. Журналистлар мақола ёзсинми, сайтга реклама топиш билан шуғуллансинми?! Осон эмас, хуллас. Буларнинг барчаси алалоқибат солиқларга, таҳририятнинг харажатлари юқори эканига бориб тақалади.
ОАВга солинаётган солиқлар масаласи юракларимизни тирнаб турадиган оғриқли масала. Қўлимизни калта қилиб турган ҳам, юқорида айтганимдай, айрим фаолият турлари учун алоҳида ходимларни ишдан олишдан қайтариб турган ҳам солиқлар билан боғлиқ. Чунки бир ходим кўпайиши ортидан фирманинг солиқлари ҳам кўпаяди.
Ҳукуматимиз давлат рўйхатидан ўтиб, лицензия олиб фаолият юритиб келаётган электрон оммавий ахборот воситаларини солиққа тортиш масаласини қайта кўриб чиқиши, бугунги кунда стартап сифатида баҳоланаётган кўплаб лойиҳалар юридик мақом олган ҳолда IT-парк резидентлигига қабул қилиниб, солиқ тўловлари борасида имтиёзларга эга бўлишаётгани каби, сайтларга ҳам ана шундай имконият берилиши керак деб ҳисоблайман. Чунки ўзини ўзи оёққа қўяётган, мустақил ОАВ учун бу каби тўловлар ортиқча юк бўляпти.
Масалан, хусусий тадбиркор ўлароқ янги иш ўринларини яратиб, жамиятдаги ишсизлик юкини камайтиришга маълум даражада ҳисса қўшаётган, бу билан ижтимоий портлашнинг олдини олаётган субъектларнинг фаолияти рағбатлантирилиши керак. Ривожланган давлатларда бу солиқ преференциялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари ва бошқа кўринишларда мавжуд. Бизга ҳам турли халқаро ташкилотлар грант бериш таклифи билан кўп марта мурожаат қилишган, лекин кимгадир молиявий қарам бўлиш ортидан холисликка путур етиши эҳтимоли мавжудлигини ўйлаб бу таклифларни рад этганмиз. Қолаверса, яқин ўтмишимизда четдан грант олган оммавий ахборот воситалари бошидан қандай кунлар ўтганини ҳам биламиз.
Ўзбекистонда ҳам айрим фондлар таҳририятларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20-25 млн сўм миқдорида грант ажратиб келади, лекин бу пулни эркин тасарруф этолмайсиз. Ажратилган пулга қатъий смета доирасида фақат мебел сотиб олиш, битта ёки иккита компьютер харид қилиш мумкин, ходимларнинг иш ҳақига ёки бошқа мақсадларга йўналтириш мумкин эмас. Грант миқдори камлиги ўз йўлига, уни олгандан кейин зиммангизга юкланадиган мажбуриятлар, ойма-ой, ярим йиллик ва йиллик ҳисоботлар кўплигидан кўпчилик грант олишни исташмайди.
Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг юридик мақоми МЧЖ, ХК ёки ОК эмас, балки ҳар бир нашр алоҳида ахборот агентлиги сифатида рўйхатга олиниши ҳамда уларнинг фаолияти учун муайян солиқ преференциялари қўлланишини таклиф қилмоқчиман. Бу билан агар ҳозирги юридик мақомимиз бизга имтиёзлар қўлланишида чалкашликлар юзага келиши мумкин дейишса, юридик мақомимизни ўзгартиришга ҳам тайёрмиз, демоқчиман.
Яқинда Ўзбекистонда 1 млн обуначиси бўлган Телеграм канали эгаси билан гаплашиб қолдим. Кунига рекламалардан камида 10 млн сўм даромад кўраркан. Солиқ тўлайсизми десам йўқ дейди. Неча йилдан бери фаолият юритиб келаётган, давлат рўйхатидан ўтган бизнинг таҳририятимизга кунига 10 млн сўм кирим бўлмайди. Телеграм каналлари бизга ўхшаб солиқ тўлаб, қийналиб фаолият юритаётган нашрларда чиққан материалларни кўчириб босишади, яъни ҳеч қандай ресурс сарфлашмайди, уларнинг жавобгарлик масаласи ҳам бизникичаликмас. Солиқ ҳам тўлашмайди. Олди-бердини ҳам нақд қабул қилишади. Биринчидан, бундай ҳолат давом этаверса, расмий ОАВ очгандан кўра мана шундай норасмий фаолият юритиш афзал бўлиб қолади. Шу боис, ОАВни ҳимоялаш учун ҳам бу масалани кўриб чиқиш керак, назаримда. Иккинчидан, қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқ бўлмаслиги, ҳаммага бир кўз билан қаралаши керак.
Хуршид Далиев, Human.uz сайти асосчиси:
– ОАВ зиммасидаги солиқ юки – бугун таҳририятларни, айниқса, хусусий электрон нашрларни қийнаб келаётган асосий муаммолардан бири. Фикримни қуйидаги мисоллар билан тушунтираман. Дейлик, таҳририятда 10 нафар ходим доимий асосда фаолият юритади. Бугунги кунда яхши журналистларга талаб юқори, кўнгилдагидек ойлик берилмаса бошқа нашрларга ўтиб кетишади. Ойлик қанча юқори бўлса, таҳририят тўлайдиган солиқлар ҳам ошиб боради.
Таҳририят штат асосида ишловчи ҳар битта ходими учун унга тўланаётган иш ҳақининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди. Ходимнинг ойлиги тахминан 5 млн сўм деб олинадиган бўлса, битта ходим учун тўланадиган ижтимоий солиқ 600 минг сўмни ташкил этади. Энди ходимлар сони 10, 20 ёки ундан кўп бўлса, чиқим кўламини тасаввур қилаверинг. Бугунги кунда бу кичкина рақамлар эмас.
Энг қизиғи, биз солиғини тўлаб ходимга тўлайдиган иш ҳақи учун ходимнинг ўзидан ҳам даромад солиғи ушлаб қолинади. Бу битта нарса учун икки марта солиқ тўлашдек гап.
Бундай вазиятда таҳририятлар ходимларни расман ишга олишдан қочишади. Солиқлардан қочиш учун журналистлар билан меҳнат шартномаси тузмасдан, конверт усулида ишлашга ўтишади. Давлат раҳбари яширин иқтисодиётга барҳам бериш кераклигини таъкидлаб турган, ҳукумат ушбу топшириқ ижросини таъминлашга уринаётган айни кезларда солиқ сиёсатининг бебурдлиги ортидан яна тадбиркорлар «соя»га қочишга мажбур бўлиши мумкин. Чунки тизим шунга мажбурламоқда.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини солиққа тортишга негадир специфик ёндашилмайди. Аслида шундай бўлиши керак. Чунки бозорнинг бошқа иштирокчиларини таҳририятлар билан солиштириб бўлмайди. Масалан, республикадаги йирик ишлаб чиқарувчи бўлган GM Ўзбекистон ёки ОКМК қандай солиққа тортилса, сайтлар ҳам шундай солиққа тортиб келинмоқда. Ваҳоланки, юқорида номлари кўрсатилган йирик ишлаб чиқарувчилар ўзлари маҳсулот ишлаб чиқариб уни реализация қилишади. Сайтлар фақат ахборот ишлаб чиқаради, унинг реализацияси амалда мавжуд эмас, яъни ўқувчи сайтда чиққан ахборотларни ўқигани учун ҳеч қандай пул тўламайди. Бундай вазиятда икки хил ҳолатдаги субъектни бир хил солиққа тортиш мантиққа тўғри келмайди.
Таҳририятларнинг асосий даромади тижорий мақолалар ва рекламалардан. Шу даромадларга ҳам ҚҚС солинаётгани алоҳида мавзу. Бу харажатлар яқинда ташкил этилган ёки анча олдин ташкил этилган бўлса-да, даромадлари юқори бўлмаган ҳар қандай таҳририятнинг белини букиб қўяди. Шундай бўляпти ҳам.
Ўзбекистонда ОАВга давлат томонидан ҳеч қачон субсидиялар берилмаган. Олий Мажлис қошидаги фонд ҳар йили 30 млн сўмгача бўлган миқдорда грант ажратиб келади, лекин бу пул рисоладагидек таҳририят ташкил этиш, фаолият юритиш учун урвоқ ҳам бўлмайди. Оммавий ахборот воситаларига солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиши шарт. ОАВ ниманинг ҳисобига яшайди? Жуда кўплаб тармоқларга преференциялар берилаётган бир пайтда нега энди жамиятни иллатлардан тозаловчи соҳага имтиёз берилмаслиги керак?
Масалан, бюджет маблағлари ҳисобидан МТРК ва ЎзА фаолиятини ривожлантириш учун ажратилаётган миллиард-миллиард пуллар ҳақида ҳали гапираётганимиз ҳам йўқ. Бундан ташқари, ушбу икки ташкилотга ахборот олиш учун берилаётган рухсат, ҳар қандай ахборот энг аввал уларга тақдим этилиши, бир сўз билан айтганда, ахборот монополияси ҳақида ҳам индамаяпмиз.
Сўраётганимиз, ўзини ўзи таъминлашга ҳаракат қилаётган, янги иш ўринлари яратаётган оммавий ахборот воситаларини ҳеч бўлмаса оёққа туриб олгунича қўллаб туриш керак. Ўзбекистондаги ҳар қандай оммавий ахборот воситаси фаолиятини бошлаган илк кезлардан бошлаб аслида давлатга хизмат қилади: унинг фаолиятини ёритади, қаердаки муаммолар кузатилаётган бўлса, уларни кўрсатиб беради, мавжуд камчиликларга ойна тутади.
Оммавий ахборот воситаларига преференциялар берилишидан давлат фақат ютади. Биринчидан, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони у қадар кўп эмас. Шунинг учун солиқ ставкалари бекор қилинган ёки камайтирилган тақдирда ҳам бу бюджет тушумлари кескин камайиб кетишига олиб келмайди. Иккинчидан, давлат томонидан бериладиган иқтисодий енгилликлар сабаб мамлакатдаги ОАВ молиявий барқарорликка эришади. Табиийки, бировнинг қўлига қарам бўлмаган, ўзини ўзи таъминлай олган нашрлар зиммасидаги вазифаларни холис бажара олишади.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Таҳририятдан: Турдош соҳа вакилларини айни кунда қийнаб келаётган солиқ юкига оид муаммолар Kun.uz веб-сайти таҳририятининг муассиси бўлган корхона учун ҳам бегона эмас. ОАВга солиқ имтиёзлари Ҳукумат даражасида кўриб чиқилиб ижобий ҳал этилса, мамлакатда журналистика соҳаси янада ривожланиб, кўплаб қўшимча иш ўринлари яратилишига сабаб бўларди.
Мавзуга оид
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:45 / 07.08.2024
Bloomberg Гершкович ҳақидаги материалдан кейин мухбирни ишдан бўшатди
23:13 / 17.07.2024
«Сўнгги вақтларда фейк ва дезинформацияларнинг сони ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз» — Комил Алламжонов
22:02 / 27.06.2024