Ўзбекистон | 23:22 / 14.04.2020
28188
3 дақиқада ўқилади

Кооперация асосида хонадонларда парранда боқиш кенг жорий этилади, ипак қурти боқишга 750 минг киши жалб қилинади

Бунда паррандачилик корхонаси хонадонга 3 кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради. 40 кундан кейин кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.

14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда паррандачилик тармоғида аҳоли билан кооперацияни ривожлантириш кераклиги таъкидланган.

«Кооперация асосида хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг жорий этилади. Бунда паррандачилик корхонаси хонадонга уч кунлик жўжаларни тарқатиб, озуқасини етказиб беради. Қирқ кундан кейин кооперациянинг ўзи гўштни марказлашган ҳолда сотиб олади.

Маълумки, балиқчилик учун ҳам барча ҳуқуқий-ташкилий асослар яратилган. Ўтган йили юртимизда 200 минг тонна балиқ етиштирилган.

Бугунги кунда 38 минг гектар сунъий сув ҳавзаларининг атиги 0,6 фоизида интенсив балиқчилик ташкил этилган. Қолаверса, уларда ҳосилдорлик даражаси пастлигича қолмоқда.

Йиғилишда бу йил балиқ етиштиришни камида 350 минг тоннага етказиш, сунъий ҳавзалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, балиқчилик хўжаликлари ва қайта ишлаш корхоналари ташкил қилиш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Асалчилик тармоғига эътибор қаратилар экан, бу йил ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга кўпайтириш, ўрмон хўжаликларидаги имкониятларни тўла ишга солиш муҳимлиги таъкидланди. Аҳолига асалари уялари тарқатиб, улардан маҳсулот сотиб оладиган асаларичилик кластерлари ташкил қилиш бўйича вазифалар белгиланди.

Қишлоқ аҳолисини уй шароитида иш билан таъминлайдиган резервлардан бири – ипакчилик соҳаси. Жорий йилда 382 минг қути ипак қурти боқилишини инобатга олсак, бу камида 750 минг одамни иш билан банд қилиш дегани.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ва Меҳнат вазирлигига бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, яхши ҳосил олган хонадонларга қўшимча маблағлар ажратиш топширилди.

«Ушбу чора-тадбирлар натижасида минглаб фуқароларимизни иш билан таъминлаш, даромадларини кўпайтиришга эришамиз. Бозорларимизда маҳсулот кўп бўлади. Ҳар бир вазир, сектор раҳбари буни юрагидан ўтказиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда менинг ўрним қандай бўлади, деган саволга виждонан жавоб бериши керак», – деди Президент.

Видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги тармоқлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ахборот берди. Ҳудудларга бириктирилган мутасаддилар ва ҳокимларнинг пандемия даврида амалга ошираётган ишлари танқидий кўриб чиқилди», дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид