Иқтисодиёт | 20:11 / 23.09.2023
25632
4 дақиқада ўқилади

“Шарқ” нашриёти мажмуасининг қайси қисми маданий мерос объекти экани аниқлаштирилади

Давактив аукционга қўйилган “Шарқ” нашриёти бино-иншоотларининг қайси қисмлари маданий мерос объектига эканига аниқлик киритиш учун Маданий мерос агентлиги билан иш олиб боришини маълум қилди. ЎзА биноси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаган, шундай бўлса-да, харидорга унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш мажбурияти қўйилади.

Фото: Давактив

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкентдаги “Шарқ” нашриёти биносини хусусийлаштириш жараёнига қарши чиққан Маданий мерос агентлигининг баёнотига муносабат билдирди. Аввалроқ маданий мерос органи нашриёт биноси маданий мерос объектлари рўйхатида туриши сабаб қонунга кўра уни хусусийлаштириш мумкин эмаслигини таъкидлаган ҳолда Давактивга огоҳлантириш берганди.

“Шарқ” нашриёт-матбаа ижодий уйи фаолият юритадиган бино-иншоотлар Буюк турон кўчаси 41-уй манзилида жойлашган. Давлат активларини бошқариш агентлигига кўра, объектнинг умумий ҳудуди 28 888 кв метрни, бўш ер майдони 15 211 кв метрни, бино ва иншоотларнинг ҳажми 42 048 кв метрни (шундан 25 024 кв метрда ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар жойлашган) ташкил этади ва 3 та алоҳида маъмурий бинолар мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, Давактив ва Маданий мерос агентлиги раҳбарлари объект ҳудудида жойлашган бино-иншоот ёки ер майдонининг қайси қисми (бири) маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритиш бўйича биргаликда иш ташкил этиш келишиб олинди, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, “Шарқ” нашриёт-матбаа АЖ кам қувватда ишламоқда (50 фоиз), бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилмай келмоқда, жорий йил ярим йиллик якуни бўйича соф тушуми ўтган йилга нисбатан пасайган, соф фойдаси эса атиги 13,8 млн сўмни ташкил этиб, 80 фоизга камайган.

“Жамиятнинг мавжуд бино-иншоотлари ва ҳудудидан самарали фойдаланилмаса-да, катта миқдорда мол-мулк ва ер солиғи тўлаб келмоқда. Жумладан, 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даврида жамият томонидан 3,3 млрд сўм миқдорида мол-мулк ва ер солиғи тўланган.

Буюк Турон кўчаси, 41-уйда жойлашган “Шарқ” нашриёт-матбаа АЖнинг бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш ускуналари эса маънан эскирган ва таъмирталаб, аксарияти эса яроқсиз аҳволга келиб қолган, шунинг учун ҳам уни ихчам ва замонавий бинога кўчирилиши жамият билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда”, – дейилади Давактив ахборотида.

Таъкидланишича, Буюк Турон кўчаси 42-уйда жойлашган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг маъмурий биноси маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаган, лекин бу бино Тошкент шаҳрининг тарихий архитектурасини, шу жумладан, муҳим модернизм ёдгорлиги қиёфасини акс эттиришини инобатга олиб, уни сақлаб қолиш мақсадида савдонинг асосий шарти этиб маъмурий бинонинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш белгиланган.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг эслатишича, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкига эгалик қилишга ва (ёки) ундан фойдаланишга ижара шартномасига ёки давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига, давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, шу жумладан концессия шартномасига асосан йўл қўйилади.

Давактив Маданий мерос агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда маданий мерос объектига аниқлик киритиши, мулкий мажмуани амалдаги қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда шаффоф хусусийлаштириш жараёнини таъминлаши, жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммани хабардор қилиб боришини билдирган.

Мавзуга оид