Ўзбекистон | 10:55 / 19.02.2022
32863
6 дақиқада ўқилади

Фарзанд тарбиясида йўл қўйиладиган хатолар — Одинахон Муҳаммад Содиқ билан суҳбат

Фарзандлар – оиланинг давомчиларидир. Оилада ота-она томонидан бериладиган тарбия уни ё ҳалокатга, ё саодатга етаклаши тайин. Олима Одинахон Муҳаммад Содиқ Kun.uz билан суҳбатда шариат фарзанд тарбиялаш бобида ота-она зиммасига юклаган вазифалар ва кўп учрайдиган хатолар ҳақида маълумот берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Оила қуришдан мақсад иффатни сақлаш ҳамда насл қолдиришдир. Аллоҳдан зурриёт сўрашда ҳам мақсадни тўғри қўя билиш лозим. Зурриёт сўрашдан мақсад – келажакда ўз ортидан солиҳ бандани қолдиришдир.

Кўпинча шу мақсадни қўйишда ҳам хато қилинади. Ота-она фарзанд кутаётган бўлса, бу билан мақтаниш, кўз-кўз қилиш ҳолатлари учрайди. Бундан имкон қадар четланиш лозим. Фарзанд тилаганда “хизматимизни қилсин, роҳатини кўрайлик” деб ният қилишади. Ниятда солиҳ фарзанд сўралишининг ўзи етарли. Солиҳ фарзанд туфайли ота-она барча яхшиликларга етиши мумкин. Зурриёт сўрашда айни шу томонига урғу бериш керак.

Қуръони каримда ота-оналарнинг бу борадаги ёлвориши: “Бизга солиҳ фарзанд берсанг, шукр қилувчилардан бўламиз” дея бўлмоғи лозимлиги айтилади.

Аммо ҳар бир ота-она ҳам шукр қилишни амалда қўлламайди. Фарзанд учун шукр шундаки, фарзандни Аллоҳ таоло истагандек тарбиялашдир. Мақсад бошқа томонга қаратилиб, фарзанддан бошқа нарсалар талаб қилиб, тарбияда хатоликларга йўл қўйилса берилган ваъдага хилоф бўлади.

Фарзанднинг ҳуқуқлари нимада?

Фарзанд дунёга келмасдан туриб унда ҳуқуқлар пайдо бўлади. Яъни ота ўз фарзанди учун муносиб она танлаши, она эса боласи учун муносиб ота танлаши лозим.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам фарзанд кўрадиган инсонни тўғри танлашни таъкидлаганлар. Эркак ҳам, аёл ҳам фарзанд кўрадиган инсонини тўғри танлаши фарзанднинг илк ҳуқуқи ҳисобланади. Уларнинг динига, тақвосига қараб танланиши эса энг аҳамиятли жиҳати ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Фарзанд ҳомилалик чоғида унга яшаш ҳуқуқини бериш (тушириш, аборт қилдирмаслик) ҳам фарзанднинг ҳуқуқидир. Ҳомилани ўз вужудида олиб юрган онанинг парвариши эрнинг зиммасида бўлиб, бу ҳам туғилажак боланинг ҳуқуқларидан бири. Афсуски ҳозирги вақтда ҳомиладор аёлларимиз ҳам зўравонликларга, эътиборсизликка учраяпти. Уларнинг маънавий тушкунликка тушиб қолишаётгани ачинарли ҳолат. Ҳомилали эканликлари, келгусида бир инсонни дунёга келтириши инобатга олинмаяпти. Фарзанд ҳурмати учун, унинг ҳақ-ҳуқуқлари учун ҳам ҳомиладор аёлларга эътибор бериш керак. Бу отанинг вазифаси саналади.

Фарзанднинг таъминоти отанинг зиммасида

Фарзанд дунёга келгач, унинг ҳуқуқлари янада кўпаяди: муносиб исм танлаш, ақиқа қилиш, азон айтиш кабилар ҳам шулар жумласидан.

Фарзанднинг ҳақи 3 турга бўлинади. Таълим, тарбия, таъминотдаги ҳуқуқлари унинг энг асосий ҳуқуқлари бўлиб, қолган ҳуқуқлари шуларнинг таркибида бўлади. Бола вояга етиб, мустақил ризқ топишга қодир бўлгунга қадар таъминоти отасининг зиммасида бўлади.

Фарзандни таъминлаш онанинг эмас, отанинг бурчи – буни баъзи оталар яхши билиб олишлари керак. Боланинг таъминотидан қочаётган кўп оталарни кўряпмиз. Айниқса, ажрашиб кетаётган эркаклар аёли билан бирга боласидан ҳам ажрашяпти. Аёл билан ажрашиш, бола билан ажрашиш дегани эмас. Фарзанд вояга етгунча бу отанинг бўйнидаги қарз бўлиб туради.

Боланинг таълим олиш ҳуқуқи ҳам бор: унга диний ва дунёвий билимларни бериш, бир соҳани эгаллашга йўналтириш ота-онанинг бурчидир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фарзандларингизни 7 ёшдан намозга ўргатинг. Агар 10 ёшида ҳам ўқимасалар енгил уринг. Шунингдек, уларнинг ётар жойларини алоҳида қилинг”, деганлар. Шу ҳадисдан кўринадики, болани 7 ёшдан фарз амалларга ўргатиш ота-онанинг вазифаси ҳисобланади.

Ота-она олдидаги муҳим бурч – фарзандга гўзал тарбия бериш, чиройли хулқ-атворли этиб вояга етказиш. “Ота-она боласига бериши мумкин бўлган энг гўзал тортиқ – гўзал тарбиядир”, деб марҳамат қилади пайғамбаримиз.

Фарзанд тарбияси учун ота-она тенг масъул

Бола тарбиялашда кўпинча онанинг ўрни таъкидланади. Бундан баъзи оталар бошқача хулосага бориб, ўзларини бу вазифадан мустасно ҳисоблашади. Бола тарбиясини буткул аёлга юклаб, ўз масъулиятини ҳам аёлнинг зиммасида қолдириш одатга айланяпти. Аёл фарзандлари билан кўп вақт ўтказиши маълум, чунки эркакнинг ташқаридаги масъулиятлари кўпроқ бўлади. Лекин бу кўчада чойхоналарда, ошна-оғайнилар билан вақт ўтказиб, уйда телефондан бош кўтармаслиги керак дегани эмас – ота ҳам фарзанд учун вақт ажратиши шарт. Бола тарбиясида эр-хотин тенг масъул.

Она фарзандни вужудида кўтариб юрса, катта қилса, ювиб-тараса, едириб-ичирса-ю, болани тарбиялашни ҳам тўлиқ ўз зиммасига оладиган бўлса, бундан аёлга жабр бўлиб кетади.

Бу ерда бундан бошқа манфаат ҳам бор – ўғил болаларни тарбиялашда отанинг ўрни жуда катта. Ўғил бола тарбиясида онанинг кўп иштирок этиши оқибатида бола аёл табиатига хос жиҳатларни ўзига сингдиради. Қатъиятсизлик, иродасизлик, қўрқоқлик каби феъл-атворга эга болаларнинг тарбиясига қаралса, уларнинг ҳаётида оналарининг ўрни кўп бўлганини кўриш мумкин.

Аввало, ота-она ўзлари шахсий намуна бўлишлари керак. Чунки бола уйида кўрганини қилади. Уларнинг тарбияси гўзал ва мукаммал бўлиши учун ота-онанинг тарбияси шундай бўлмоғи лозим.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Одинахон Муҳаммад Содиқ билан туркум суҳбатлар:

Шунингдек, Bintu Sodiq канали орқали ҳам барча саволларга жавоб олиш мумкин.

Мавзуга оид