Жамият | 16:44 / 16.07.2020
17957
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда айрим беморларга қилинмаган муолажа учун катта харажатлар ёзилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда коронавирусга чалингани учун карантинга олинган айрим шахсларга қилинмаган муолажа учун миллионлаб харажат сарфлангани ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўйдириб олинаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Карантинга жойлаштирилган фуқароларга уларнинг шикоятлари ва аҳволига қараб керакли муолажалар ўтказилган ва ҳозирда хам бу ишлар олиб борилмоқда.

Бу каби гапларга ишонишдан аввал масаланинг моҳиятини англаб олишимиз керак. Карантинга жойлаштирилганлар булар ҳали беморлар эмас, соғлом одамлардир. Улар коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинмоқда. Чунки улар эпидемиологик нохуш ҳудудлардан келишган, беморлар билан алоқада бўлган бўлишлари мумкин.

Шунинг учун карантиндагиларга даволаш муолажалари ўтказилмайди. Чунки бунга умуман эҳтиёж йўқ. Карантин даврида уларнинг саломатлиги кузатувга олинади, холос. Агарда кузатув пайтида уларда касалликнинг у ёки бу клиник белгилари пайдо бўлса, лаборатория натижалари мусбат натижа берадиган бўлса, у ҳолда бу шахс юқумли касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналарга ўтказилади ва у ерда тегишли даволаш муолажаларини олишади.

Фақат баъзи ҳолатларда, масалан, карантинга олинган шахснинг ёши катта бўлса, қўшимча ҳамда ёндош касалликлари бўлса, ҳар хил сурункали касалликлар бўлса, бу каби шахсларга карантин зонасида ҳам тиббий ёрдам кўрсатилади, муолажалар белгиланади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат бош санитария инспектори беморларга ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация қилиш ва профилактикаси билан боғлиқ тадбирларга мисли кўрилмаган даражада сарф-харажатлар қилаётган бир пайтда бу каби ёлғон маълумот тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик мавжудлиги эслатиб ўтган.

Мавзуга оид