Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оташкесимга келишган Исроил ва Ливан, Индонезияда вертолёт ҳалокати ва Ҳўрмуздаги миссия муҳокамалари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишди
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Ливан етакчилари 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини бошлашга келишиб олганини маълум қилди.
Кеча республикачи президент Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Ливан президенти Жозеф Аун билан «ажойиб суҳбатлар» ўтказганини ёзди. Иккинчи постида эса у икки давлат ўртасида «мазмунли музокаралар» ўтказиш учун етакчиларни Оқ уйга таклиф қилди. «Ҳар икки томон ТИНЧЛИКНИ хоҳламоқда ва ишонаманки, бу тез орада амалга ошади!» деди у.
Кейинроқ АҚШ Давлат департаменти Исроил ва Ливан сулҳи пайшанба куни кечки вақтдан кучга кириши ва 10 кунлик муддати ўзаро келишувга кўра узайтирилиши мумкинлигини билдирди.
Келишув матнига кўра, сулҳ кучга кириши билан Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» ва ўз ҳудудидаги бошқа қуролли гуруҳларнинг Исроилга қарши ҳужумлар уюштиришига йўл қўймаслик чораларини кўради.
Исроил эса сулҳ даврида режалаштирилган, муқаррар ёки давом этаётган ҳужумларга қарши ўзини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши мумкин. Бироқ у ҳам ўн кун давомида Ливанда ҳеч қандай ҳужумкор ҳарбий операциялар ўтказмасликка рози бўлди.
Келишувга кўра, икки давлат барча ҳал қилинмаган масалаларни, жумладан, халқаро қуруқлик чегараларини демаркация қилиш учун АҚШдан музокараларга кўмаклашишни сўраган.
Исроилнинг Ливандаги ҳарбий кампанияси АҚШ–Эрон ўртасидаги тинчлик битимига асосий тўсиқлардан бири эди. Энди ҳафта охирида Покистонда АҚШ–Эрон музокараларининг иккинчи босқичи давом этиши кутилмоқда.
Россия–Украина уруши
Россиянинг Украинага ҳужумларидан сўнг қурбонлар сони 18 нафарга етгани маълум бўлди. Хусусан, Россия бир кечанинг ўзида бир неча тўлқинли ҳужумда 700 дан ортиқ дрон ва ракеталарни учирган.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳужумлар оқибатида Украина жанубидаги Одесса порт шаҳрида тўққиз киши, марказий Днепр шаҳрида беш киши ва пойтахт Киевда тўрт киши ҳаётдан кўз юмган.
Россия жанубидаги Краснодар ўлкасида эса Украинанинг дрон ҳужуми натижасида икки киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган.
Ушбу ҳужумлар ўтган ҳафта охирида Пасха байрами муносабати билан эълон қилинган қисқа муддатли сулҳдан сўнг юз бермоқда.
Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида Россия 659 та дрон ҳамда 44 та қанотли ва баллистик ракета учирган. Шулардан 636 та дрон ва 31 та ракета уриб туширилган, бироқ 26 та нуқтага тўғридан тўғри зарба берилган.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳафта бошида улар баллистик ракеталарни тутиб олувчи «Patriot» ракеталарининг ўткир тақчиллигига дуч келаётганини айтганди.
Украинадаги уруш ҳозирда бешинчи йилига кирди. АҚШ воситачилигида бир неча марта тинчлик музокаралари ўтказилган бўлса-да, президент Доналд Трамп ўз эътиборини Яқин Шарққа қаратганидан бери жараён тўхтаб қолди. Украина биринчи қадам сифатида тўлиқ ўт очишни тўхтатишни таклиф қилмоқда, бироқ Москва аввал ҳудудий масалаларни ҳал қилиб, тинчлик битимини имзолашни талаб қилмоқда.
Туркия мактабларидаги қотиллик
Туркия полицияси шу ҳафтада содир бўлган мактаблардаги мудҳиш отишма ҳақида интернетда мунозарали контент жойлаштирган 95 кишини ҳибсга олди.
Туркия адлия вазири Акин Гурлекнинг маълум қилишича, улар эфирга узатиш тақиқланганига қарамай, ҳужумга оид кадрларни тарқатиш, ваҳима уйғотиши мумкин бўлган контентни улашишда айбланмоқда. Шунингдек, уларга ҳуқуқбузарликка ундаш, нотўғри маълумотларни тарқатиш айбловлари ҳам қўйилган.
BBC нашрининг ёзишича, яна 67 киши бошқа мактабларда ҳам ҳужумлар амалга оширилишига ишора қилувчи постларни улашгани учун ҳибсга олинган. Вазирга кўра, ушбу қотилликлар ортидан ижтимоий тармоқлардаги 1100 дан ортиқ профил ва ҳисобларга чеклов қўйилган.
Туркияни ларзага солган қотиллик 15 апрел куни Қаҳрамонмараш ҳудудидаги Айсер Чалик ўрта мактабида содир бўлди. 14 ёшли ўқувчи камида тўққиз кишини, жумладан, саккиз нафар мактабдоши ва бир ўқитувчини отиб ўлдирди. Шунингдек 13 киши яраланган, уларнинг олти нафари оғир аҳволда.
Кейинроқ маҳаллий прокуратура гумонланувчи ҳужумни олдиндан режалаштирганини маълум қилди: гумонланувчининг компютеридан 2026 йил 11 апрел санаси билан қайд этилган. У яқин келажакда йирик операция ўтказиш ниятида эканини кўрсатувчи далиллар топилган.
Шунингдек, гумонланувчи ўзининг WhatsApp профилидаги суратида америкалик оммавий қотил Эллиот Роджерга ишора қилган.
Пайшанба куни ҳужумчининг полицияда ишлайдиган отаси ва онаси ҳам ҳибсга олинган. Улар ўғлининг руҳиятидаги бузилишлар ва унинг қуролга қизиқиб қолгани ҳақида айтиб берди.
Индонезияда вертолёт ҳалокати
Индонезиянинг Ғарбий Калимантан провинциясида вертолёт ҳалокатга учради. Расмийларга кўра, оқибатда бортдаги барча саккиз киши ҳалок бўлган. Ҳозирда қидирув гуруҳлари жасадларни ва вертолёт қолдиқларини олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.
Индонезия қутқарув агентлиги раҳбарига кўра, Airbus H130 вертолёти пайшанба тонгида ҳавога кўтарилганидан беш дақиқа ўтиб — зич ўрмон ва тепаликлар ҳудудида алоқани узган. Қутқарувчилар алоқа узилган нуқтадан тахминан 3 км ғарбда вертолётнинг думи деб тахмин қилинаётган бўлакларни топган.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Маҳаллий қутқарув агентлиги бортдаги олти йўловчи ва икки нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Ҳарбийлар ва полиция ходимларидан иборат қутқарув гуруҳи ўша куннинг ўзида ҳалокат жойига етиб борган. Бироқ ноқулай релеф ва кўриш даражасининг пастлиги эвакуация ишларини қийинлаштирмоқда.
Германия Ҳўрмуздаги миссияда қатнашади, фақат...
Германия Ҳўрмуз бўғозида кемаларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш бўйича эҳтимолий халқаро миссияда иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда хабар берган манбаларга кўра, Германия бундай операцияни ҳарбий режалаштириш бўйича музокараларда иштирок этади. Хусусан, канцлер Фридрих Мерц жума куни Парижда ушбу мавзудаги учрашувда қатнашади.
ГФРнинг ҳиссаси – ҳарбий ҳаракатлар якунлангач ҳамда ҳуқуқий асос ва Бундестаг мандати мавжуд бўлган тақдирда қуролли кучларини жойлаштиришни ўз ичига олиши мумкин. Бунда гап сув йўлини миналардан тозалаш ёки денгиз разведкаси ҳақида бормоқда.
Германия ҳарбий-денгиз кучлари миналарни қидириш, йўқ қилиш учун мўлжалланган ўнта ихтисослашган кемага ва Жибутида жойлашган ҳарбий-денгиз логистика базасига эга.
Шу билан бирга канцлер – ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши, дастлабки сулҳ ва халқаро мандатни ҳисобга олиб, «буларнинг барчасидан ҳали жуда узоқмиз» деб таъкидлади.
Бугун Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг таклифига биноан етакчилар Форс кўрфазидаги эҳтимолий миссияни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
14:55 / 18.04.2026
Ҳўрмузни очган Эрон, Россия чегарачиларида янги ваколат ва Трампнинг Исроилга талаби – кун дайжести
14:36 / 16.04.2026
Туркиядаги мактабда қонли отишма, Европа аэропортларида коллапс ва Эронга келган Покистон армияси бошлиғи – кун дайжести
15:16 / 15.04.2026
Эрон ядровий фаолиятини «музлатиш» таклифи, Исроил билан мудофаа битимини тўхтатган Италия ва Путиннинг янги ваколатлари – кун дайжести
13:41 / 14.04.2026