Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ–Эрон музокаралари
Душанба куни АҚШ ҳарбийлари Эрон портларини блокада қилишни бошлади. Бу ҳолат Теҳроннинг ғазабини қўзғатиб, ўта муҳим сув йўли атрофидаги мавҳумликни янада кучайтирди.
Шунга қарамай, АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Эрон у билан алоқага чиққанини ва келишув тузишни хоҳлаётганини айтди. У Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига имкон берувчи ҳар қандай битимни тасдиқламаслигини билдирди.
Якшанба куни АҚШ делегациясига бошчилик қилган вице-президент Ж.Д. Вэнс ҳам Покистондаги музокараларда «катта ютуқларга эришганини» айтди. У Теҳрон билан мулоқот орқали АҚШ қаерда «ён босиши» мумкинлиги ва қаерда қатъий туришини тушунтирган.
Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай бойитилган ядровий материал Эрондан олиб чиқилиши ва ядровий қурол ишлаб чиқармаётганини текшириш механизми шартлиги ҳақидаги талаб – қатъий. Теҳрон «бизнинг йўналишимизда силжиди, шунинг учун баъзи ижобий белгилар бор дейишимиз мумкин, аммо улар етарлича силжимади», деди Вэнс тафсилотларни очиқламасдан.
Эроннинг БМТдаги делегацияси душанба куни ташкилотга мактуб йўллади. Унда Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Қатар ва Иорданиядан Эронга товон пули талаб қилинган. Теҳрон бу давлатлар АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши урушида ўз ҳудудларидан фойдаланишга рухсат берганини даъво қилмоқда.
НАТО яна Трампни қўлламади
13 апрел куни НАТО иттифоқчилари Доналд Трампнинг Эрон портларини блокада қилиш режасига қўшилмаслигини билдирди. Бу қарор Трамп ғазабини қўзғатиши ва алянс ичидаги тарангликни яна ошириши кутилмоқда.
Трамп дастлаб АҚШ Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемаларни тўсиб қўйиш учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишини айтган эди. Кейинчалик АҚШ ҳарбийлари блокада фақат Эрон портларига борадиган ёки у ердан келаётган кемаларга нисбатан қўлланишини аниқлаштирди.
Уруш 28 февралда бошланганидан бери Эрон сув йўлини деярли барча кемалар учун ёпиб қўйган. Теҳрон бўғоз устидан назоратни доимий қилишга ва ундан фойдаланадиган кемалардан бож йиғишга интилмоқда.
Европанинг қатор давлатлари, жумладан, Британия ва Франция каби НАТОдаги иттифоқчилар бўғозда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирди. Аммо бу – фақат ҳарбий ҳаракатлар барқарор тўхтаганда ва Эрон билан уларнинг кемаларига ҳужум қилинмаслиги ҳақида келишувга эришилганда амалга ошади.















