Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ётоқхонага қандай жойлашиш мумкин, кимнинг навбати биринчи келади?
Талабалар my.gov.uz сайти/иловаси орқали ёки давлат хизматлари марказига борган ҳолда ариза жўнатиб, ётоқхона учун навбатга ёзилиши мумкин. Бунда имтиёзли ва умумий рўйхатдаги номзодлар кетма-кет кўриб чиқилади. Хўш, жараён ўзи қандай кечяпти? Ётоқхонага жойлашиш қанчалик осон ёки қийин? Унинг тўлови қанча? Kun.uz материалида шу ҳақда сўз боради.
3 сентябр куни ОТМларда 1-курс талабалари учун дарслар бошланди. Юқори босқичлар учун ўқув йили 8 сентябрдан старт олади.
Ҳар ўқув йили бошланиши билан яшаш жойидан узоқда таҳсил олувчилар учун ётоқхона ёки ижарага турар жой топиш масаласи долзарблашиб қолади. Kun.uz бу борадаги саволлар билан Олий таълим вазирлиги бош мутахассиси Лазиз Мингишов билан суҳбатда бўлди.
Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг 376-сонли қарори билан 2024 йилдан бошлаб талабалар турар жойига жойлаштириш рақамлаштирилган ва бунинг маъмурий регламенти тасдиқланган.
“Ушбу маъмурий регламентга кўра, талабалар бевосита талабалар турар жойига жойлашиш учун давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ариза бериш йўли билан талабалар турар жойига жойлаштирилади.
Дастлаб имтиёзли ва умумий рўйхатдаги талабалар кетма-кет мезонлар асосида жойлаштирилади. Имтиёзли талабаларга: биринчи, иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги оила фарзандлари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га кирадиган талабалар, бундан ташқари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, чин етим бўлган талабалар, ундан кейин Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан республика бўйича ўтказиладиган фан олимпиадалари ғолиблари, турли танловлар: “Заковат”, талабалар театр студиялари ғолиблари бўлган талабалар, битта оилада икки ва ундан ортиқ контрактда ўқийдиган оила фарзандлари киради. Бу мезонлар кетма-кетлигида талабалар турар жойига жойлаштирилади.
Ундан кейин умумий рўйхатдаги талабалар жойлаштирилади. Буларга ҳам мезон белгиланган: бакалавриатнинг кундузги шаклида ўқийдиган талабалар тўлиқ ётоқхона билан таъминланмасдан туриб, кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқувчиларга жой берилмайди. Бакалавр биринчи жойлашмасдан туриб, магистрга ва ундан кейинги босқичларга йўл қўйилмайди. Устуворлик берилган бўлади”, – деди Мингишов.
Ариза бергандан кейин
Талаба ётоқхонада жойлашиш учун ариза берганидан кейин имтиёзли ёки умумий навбат рўйхатига киритилади. Шу сабабли ҳар йили аризалар қабули бошланиши биланоқ навбатга ёзилиб қўйиш керак. Талаба қанча эрта ариза берса, навбати келиши шунча тезроқ бўлади.
Талаба ариза берганидан кейин ҳам ундаги маълумотларни таҳрирлаши мумкин. Ётоқхонадаги, хусусан тегишли факултет бўйича мавжуд бўш ўринлари ҳақидаги маълумот аризачиларга кўриниб туради. Бўш жой пайдо бўлган тақдирда, аввалига имтиёзли рўйхат, кейин умумий рўйхатдаги даъвогарларга навбати келгани ҳақида хабарнома ва йўлланма берилади.
Йўлланмани олган талаба олий таълим муассасаси билан шартнома тузиши ва ётоқхона учун тўлов қилиши керак.
“Бугунги кунда талабалар турар жойларининг нархлари жойлашган ҳудудига қараб 300-400 минг сўм атрофида. Бу нархлар университетнинг илмий кенгаши орқали белгиланади, тасдиқланади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буйруғи асосида талабалар турар жойи тўловларидан озод этиладиган талабалар ҳам мавжуд. Бу ҳам ОТМнинг илмий кенгаши томонидан тасдиқланган ҳолатда тўлиқ ёки қисман озод этилиши мумкин. Бу ҳам ўша илмий кенгаш қарорига қараб, университетнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб белгиланади”, – деди вазирлик расмийси.
Кўмаклашувчи махсус марказлар
Бундан ташқари, Лазизхон Мингишов ҳозирда ҳар битта ОТМ яқинида талабаларни турар жойга жойлаштиришда кўмаклашиш марказлари ташкил этилганини, бу ётоқхона учун йўлланма ололмаганларга ёрдам бераётганини айтди. Ҳозир бундай маркаларнинг сони 368 тани ташкил этади.
“Ўша марказда волонтёрлар бириктирилган. Талаба келиши билан ётоқхонасига бўлса, ётоқхонага жойлаштириб қўяди, ёрдамлашади. Ёки ижара хонадонлари базасини шакллантириб қўйишган, уларга ижарага уй топиб беради.
Бу – уч-тўрт йилдан бери бўлаётган тажриба. Ҳозир шунақа оммалашдики, ижара хонадон эгаларининг ўзлари келиб базасини шакллантириб кетяпти. “Мен талабаларни ижарага қўймоқчиман” деб, маълумотини бериб кетишяпти. Олдин ўзлари қидиришган бўлса, ҳозир келиб ёздириб кетишяпти”, – деди масъул.
2025 йилга келиб Ўзбекистондаги талабалар сони 1,5 млн нафарга етган, шундан кундузги таълим шаклида ўқийдиганлар 540 мингдан зиёдни ташкил этади. Уларнинг 270 мингга яқини турар жойга эҳтиёжи бор. Лекин талабалар турар жойларидаги ўринлар сони 155,8 мингта, яъни ётоқхоналар умумий эҳтиёжнинг 57 фоизини қондира олади.
Лазиз Мингишов бу қамров камлигини, лекин тўлиқ қамраб олиш имконияти чекланганини айтиб, бу борадаги вазият йилдан йилга яхшиланишига умид билдирди.
Kun.uz'нинг кейинги материалида давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхона қуриш бўйича белгиланган вазифанинг ижроси ҳақида сўз боради.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.