Ўзбекистон | 16:43 / 24.07.2023
13842
4 дақиқада ўқилади

Украина элчихонаси ўзбекистонликларни урушда иштирок этмасликка чақирди

Украина элчихонаси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг ушбу давлатга қарши урушида қатнашмасликка ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирди. Шунингдек, элчихона Украинага қарши қуролли тажовузда қатнашган чет эл фуқаролари мамлакат миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилишини яна бир бор эслатиб ўтди.

Фото: Getty Images

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаат билан чиқиб, Россиянинг ушбу давлатга қарши урушида қатнашмасликка ва Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақирди.

Дипломатик ваколатхона мурожаатида таъкидланишича, Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар пайтида Россия армияси урушда қатнашиш учун хорижий фуқароларни жалб қилишга уринмоқда.

«Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, вақтинча босиб олинган Донецк вилояти Горловка шаҳрида жойлашган Россия кучларининг бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари борлиги аниқланган. 

Ушбу шахслар Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудига қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Мариупол (Украина) шаҳрига етиб келганидан сўнг, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва бу фуқаролар Россия Федерацияси кучлари сафига кўнгилли сифатида сафарбар қилинган», дейилади элчихона хабарида.

Шунингдек, элчихона Украинага қарши қуролли тажовузда қатнашган чет эл фуқаролари мамлакат миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтди.

Бироз аввалроқ, Россиянинг Волгоград шаҳрида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини «махсус ҳарбий амалиёт»га чақириш бошлангани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Маҳаллий аҳоли вакиллари жамоат транспорти салонларида шундай чақириқлар акс этган плакатларга гувоҳ бўлишган.

«Бу автобусларда хорижликлар юришади. Бу реклама улар учун. Рекламани биз жойлаштирдик ва ўзбек тилидан бошлашга қарор қилдик. Келгусида биз бу ташвиқотни бошқа тилларда ҳам олиб борамиз: тожик, қозоқ ва ҳоказо. Бундай эълонларни автобуслардан бошқа жойларда ҳам жойлаштириш ҳақида ҳозирча буйруқ бўлмади», – деган саралаш пункти ходими маҳаллий нашрлардан бирига берган изоҳида.

Март ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида яшовчи, Россияда қамоқ муддатини ўтаган фуқаро Украинада ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. У Украинага қурилиш ишлари учун жўнатилган ва у турган жойга снаряд келиб тушгани маълум бўлганди.

ДХХ май ойи охирида ҳам Россия қамоқхонасидан Украинадаги урушга сафарбар қилинган Ўзбекистон фуқароси вафот этгани ҳақида хабар берганди. Марҳумнинг онаси таъкидлашича, у илгари ҳеч қачон қўлига қурол олмаган. «Она, мен уларга одамларни ўлдирмаслигимни, у ерга бормаслигимни айтдим, лекин улар барибир мени мажбурлашди», — деган у ўғли билан охирги суҳбати ҳақида.

Июн ойида BBC Рус хизмати Россия қамоқхоналаридаги Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларининг Украинадаги урушга ёлланиши мавзусидаги суриштирувни эълон қилганди. Сайт маълумотларига кўра, қамоқхоналарда ёлланганларнинг 93 нафари урушда ҳалок бўлган, шундан 34 нафари ўзбекистонликлардир.

Маълумот учун, ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид