Жаҳон | 22:59 / 19.12.2024
5953
6 дақиқада ўқилади

Ташқи қарз босими: коалиция тарқади, Шолц ютқазиши мумкин

Германия парламенти Олаф Шолц ҳукуматига ишончсизлик вотумини эълон қилди. Энди президент парламентни тарқатиб юборади ва янги сайлов белгиланади. Воқеалар ривожи канцлер Шолц фойдасига ўйнаши мумкин, аммо сўровномаларда консерваторлар етакчилик қилмоқда. Ким ютса ҳам, сайловдан кейин Германияда коалицион ҳукуматни тузиш асосий муаммога айланмоқда.

Германияда 23 феврал куни навбатдан ташқари сайлов бўлиб ўтади. Сабаби Бундестаг Олаф Шолц ҳукуматига ишончсизлик вотумини эълон қилди. Буни парламентдан Шолцнинг ўзи сўраган. Бундестагдаги 207 депутат Шолц учун, 394 нафари унга қарши, 116 депутат эса бетараф овоз берган. Ишончсизлик вотумига парламент овоз берганидан кейин канцлер буёғини сайловчилар ҳал қилишини айтиб ўтди. Демак, сайлов олдидан шиддатли кампания ҳам олиб борилади. 

BBC таҳлилига кўра, ишончсизлик вотуми Шолц кутганидек бўлди, чунки энди сайлов келаси йили сентябр эмас, балки олдинроқ – февралда бўлиб ўтади. Шу йилнинг ноябр ойида Шолцнинг уч партияли – яъни Социал-демократик, Яшиллар ва Эркин демократик партияларидан иборат коалицияси парчалангандан сўнг, парламентда у кўпчиликнинг қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлганди. Шунинг учун Бундестагнинг бу қарори кутилган эди. Президентга энди парламентни тарқатиб юбориш учун 21 кун вақт берилади. Амалдаги ҳукумат эса кутилаётган сана, 23 февралдаги сайловларга қадар ўз фаолиятини давом эттиради.  

Сайлов санасининг олдинга олиниши Шолц фойдасига ўйнайди. Сабаби 2025 йил сентябр ойига белгиланган сайловгача Германиянинг айни пайтда тўхтаб қолган иқтисодиёти ва дуч келаётган глобал инқироз сабаб одамларнинг амалдаги ҳукуматга ортиқ ишончи қолмаслиги, сайловчилар Шолцни масъулиятсизликда айблаши ҳам мумкин эди.  Маълум бўлишича, оммавий сўровларда Шолцнинг Социал-демократик партияси  анча орқада бормоқда, Фридрих Мерс бошчилигидаги консерватив Христиан демократик иттифоқи эса ҳукуматга қайтиш ниятида. 

16 декабр куни ўтказилган овоз бериш жараёни олдидан сўзга чиққан Шолцга кўра,  навбатдан ташқари сайловлар мамлакат учун янги йўналишни белгилашда имконият ҳамда мудофаа учун жуда муҳим. Мерс эса Германиянинг кўпроқ хорижий қарзни жалб этишга уриниши келажак авлодга юк бўлишини айтди ва солиқ имтиёзларини тақдим қилишини билдирди.  

Шолцнинг бу ҳаракати сиёсий инқироз эмас, балки парламентни тарқатиб юбориш учун қилинган сиёсий воситадир. Буни немис жамоатчилиги “Камикадзе ҳаракати” деб номлаган. Бу Германияда парламентни тарқатиб юбориш ва эрта сайловларни белгилашнинг ягона йўлидир. 

Бу усул сиёсий беқарорликдан қочиш учун Германиянинг иккинчи жаҳон урушидан кейинги асосчилари томонидан махсус ишлаб чиқилган. Демак, айни пайтда Шолц ҳукуматига эълон қилинган ишончсизлик вотумини сиёсий инқироз эмас, стандарт конституциявий механизм сифатида қабул қилсак тўғрироқ бўлади. 

Лекин Германияда эътибор қилиниши керак бўлган бошқа муаммолар бор. Ҳозир нигоҳни коалиция нега тарқади, деган саволга қаратишимиз керак. Бунга, албатта, пул устидаги жанжал сабабчи бўлди. Шолцнинг социал-демократик партияси ва унинг коалициядаги ҳамкори бўлган Яшиллар Украинани қўллаб-қувватлаш ва асосий инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Германиянинг қаттиқ қарз сиёсатини юмшатишни сўради. Бунга Шолц ҳукуматидаги молия вазири Кристиан Линднер тўсқинлик қилди. Чунки вазир Эркин демократия партияси раҳбари, унинг фикрича, биринчи ўриндаги вазифа қарзни камайтиришдир. Унинг тўсқинлигидан кейин Линднер ишдан олинди ва шу билан коалиция қулади. Натижада эса Берлиндаги партиявий сиёсий тизим тарқоқ ҳолга келди ва ҳозир парламентда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ партияларни кўриш мумкин. 

Энди тузилган сиёсий кучлар ҳам радикал қарашлари ортидан тез танилиб бормоқда. Биргина мисол, 2017 йилда ўта ўнгчи Германия учун муқобил партияси биринчи марта Бундестагга кирди ва 12,6 фоиз овоз тўплай билди. 2021 йилга келиб, 10,4 фоиз қувватловга эга бўлган партиянинг бугунги кўрсаткичи деярли 20 фоиз. Лекин катта эҳтимол билан бу партия вакиллари ҳукумат таркибида бўлмайди. Чунки мавжуд бирор сиёсий куч бу партия билан ишлаш ниятида эмас. Германия учун муқобил партиясининг борлиги ва деярли 20 фоиз овоз олаётгани қолган асосий партияларнинг оёғига урмоқда. Чунки бундай шароитда коалиция тузиш ҳам амримаҳол ва қийин масалага айланмоқда. 

Шолц олдида бир томондан имконият, иккинчи томонда мағлубият, учинчи томондан эса ютиб чиқса-да, яна қайта коалиция тузиш муаммоси пайдо бўлмоқда. Яна бир янги популистик сиёсий партиянинг ҳам биринчи марта парламентга кириши эҳтимоли бор. Бу Шарқий Германия Коммунистик партиясига кирган ўта чаплар алянси. Айни пайтдаги оммавий сўровларда консерваторлар етакчилик қилмоқда. Бироқ консерваторларнинг ҳам коалиция тузиш имкониятлари чекланган. Чунки улар ўта ўнглар билан ишлашни рад этади, уларнинг радикал чаплар, яъни ўта чаплар билан ишлашини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Консерваторларнинг баъзилари Яшиллар билан ҳисоблашишдан бош тортади. Эркин бозор либераллари эса етарли овоз тўплолмай қолиши мумкин. Натижада фақат битта имконият – Шолцнинг Социал-демократик партияси қолмоқда. Кейинги ҳукумат қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, Германияда консенсуал коалициялар даври тугаганга ўхшайди.  

Kun.uz билан суҳбатда бўлган Германияни ўрганувчи сиёсатшунос фикрича, Шолцнинг сайловда ютиш имкони бор. Украинага ёрдам бериш-бермаслик мавзуси ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. 

Мавзуга оид