Ҳужжатдан келиб чиқишича, Украинага қилинган қуролли ҳужум Россияда қурол-яроғга бўлган эҳтиёжни, шунингдек оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқариш учун зарур технологияларга талабни оширган. Шу билан бирга, 2022 йилдан бери жорий этилган Европа Иттифоқи санкциялари РФ учун бундай товарларни харид қилишни “жиддий қийинлаштиргани” қайд этилган.

Шундай шароитда Россияга алоқадор тузилмалар экспорт чекловларини айланиб ўтишга уриниб, Германиядан юқори технологияли маҳсулотларни сотиб олишга ҳаракат қилмоқда. Улар қаторида юқори аниқликдаги станоклар, микроэлектроника, махсус дастурий таъминот, ўлчов ва лаборатория ускуналари, шунингдек айрим материаллар бор.

BfV маълумотига кўра, бундай маҳсулотлар Россияда қандай мақсадда ишлатилишини яшириш учун бу каби операцияларга Россия махсус хизматлари ҳам жалб этилади. Бу эса якуний олувчиларни ва етказиб беришларнинг ҳақиқий мақсадини ниқоблаш имконини беради.

48 саҳифалик ҳужжатда таъкидланишича, бундай ҳаракатлар оммавий қирғин қуроллари ва тегишли технологиялар тарқалиши билан боғлиқ хатарларни кучайтиради. Гап фақат тайёр тизимлар ҳақида эмас, балки бундай қуролларни ишлаб чиқиш, модернизация қилиш ва қўллаш учун зарур бўлган техника, материаллар ва ноу-хауга кириш имконияти ҳақида ҳам кетмоқда.

Бу тоифага “икки хил мақсадли” (dual-use) товарлар ҳам киради — улар фуқаролик соҳасида ҳам, ҳарбий соҳада ҳам қўлланиши мумкин. Жумладан, ядро, биологик ва кимёвий қурол яратишда, шунингдек ракеталар, дронлар ва бошқа етказиб бериш воситаларини тайёрлашда ишлатилиши эҳтимоли бор.

Идора баҳосига кўра, Германия бу масалада алоҳида диққат марказида. Таҳлилда “Германиядан харид қилишга қаратилган хорижий давлатлар уринишларининг сони ва профессионал даражаси, умуман олганда, юқори бўлиб қолмоқда ва ўсишда давом этмоқда”, дейилади.

Германияга қизиқиш сабаби сифатида унинг етакчи индустриал давлат экани ва кўп сонли юқори технологияли компаниялар, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда университетларга эга муҳим илмий марказ сифатидаги ўрни кўрсатилади. Потенциал нишонлар сифатида ҳам йирик халқаро концернлар, ҳам муайян технологик йўналишларда етакчи бўлган ўрта компаниялар кўрилиши айтилган.

Керакли технологияларни қўлга киритиш учун тарқоқ “харид тармоқлари”дан фойдаланилади: бу тармоқларда воситачи ёки сохта компаниялар харидор сифатида чиқиб, ҳақиқий олувчини яширади. Шунингдек, кўп ҳолларда ЕИ давлатлари ёки учинчи мамлакатлардаги воситачилар орқали “айланма етказиб беришлар” ташкил қилинади — мақсад логистикани чалғитиш ва якуний манзилни пинҳона сақлаш.