Жаҳон | 11:55 / 30.03.2026
13153
3 дақиқада ўқилади

Саудияда АҚШнинг разведкачи самолёти йўқ қилинди

Эрон дрони 27 март куни Саудия Арабистонидаги авиабазага берган зарбаси оқибатида бир неча самолёт шикастланган, хусусан, E-3 Sentry русумли радар ўрнатилган самолёт яроқсиз ҳолатга келган.

Фото: UGC / AFP / Scanpix / LETA

Американинг Boeing Е-3 Sentry русумли узоқ масофали радиолокацион аниқлаш ва бошқарув самолёти (AWACS) Эрон томонидан 27 март куни Саудия Арабистонидаги авиабазага қилинган ҳужум оқибатида жиддий шикастланди.

Буни BBC Verify, The Insider, шунингдек OSINT-таҳлилчилар томонидан верификация қилинган фотосуратлар тасдиқлайди. The Wall Street Journal ва Air & Space Forces Magazine манбалари ҳам ушбу ҳужум вақтида Е-3 Sentry’дан ташқари иккита ёқилғи қуювчи самолёт ҳам шикастлангани ҳақида хабар берган.

Гап Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддан тахминан 100 километр масофада жойлашган «Шаҳзода Султон» авиабазасига ракета ва дронлар орқали уюштирилган ҳужум ҳақида кетмоқда. WSJ хабарига кўра, зарба оқибатида 12 нафар америкалик ҳарбий хизматчи яраланган.

Ушбу ҳужум оқибатлари акс этган тасвирлар фейсбукда Америка армияси ҳақидаги янгиликларга ихтисослашган Air Force amn/nco/snco саҳифасида эълон қилинган.

Кадрларда зарба самолётнинг радар ўрнатилган том қисмига берилгани, натижада самолёт иккига бўлиниб кетганини кўриш мумкин.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқдор ҳисобланган Fars агентлиги E-3 самолётига Shahed русумли дрон билан зарба берилганини маълум қилди.

BBC Verify журналистлари шикастланган самолёт суратлари «Шаҳзода Султон» базасида олинганини тасдиқлади. Суратлардан бирида самолёт борт рақамининг бир қисми аниқ кўринган. Тахминларга кўра, гап 81-0005 рақамли борт ҳақида кетмоқда. Flightradar24 хизмати маълумотларига кўра, у 18 март куни авиабаза яқинида ҳаракатланган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.

Boeing E-3 Sentry разведкачи самолёти Boeing 707 йўловчи самолёти негизида яратилган. Унинг фюзеляжининг орқа қисмида айланувчи радиолокацион диск ўрнатилган. Нархи тахминан 500 миллион доллар турадиган бундай самолётлар – ҳарбий-ҳаво кучлари учун «кўз» ҳисобланади, улардан ҳаво кенглигидаги ва ердаги вазиятни кузатиш учун фойдаланилади.

Унинг радари юзлаб километр масофадаги самолётлар, ракеталар ва дронларни пайқай олади, Америка ҳарбийлари авиациянинг Эрондаги ҳаракатларини шундай самолётлар орқали мувофиқлаштиришади.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларида бундай самолётлардан 16 та бор эди. Шундан олтитаси Форс кўрфазидаги базаларга жойлаштирилганди. Бу самолётлардан биттаси йўқотилиши ҳам АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан урушдаги имкониятларини сезиларли даражада қисқартиради.

Украина президенти Володимир Зеленский «Шаҳзода Султон» базасига уюштирилган ҳужумдан кейин Россия зарбадан бир неча кун олдин ушбу авиабазани сунъий йўлдошдан суратга олгани ва бу маълумотларни Эронга етказганини айтган. У ўз сўзларига далил келтирмади. Москва илгари бундай айбловларни рад этган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид