Жаҳон | 16:02 / 23.07.2025
20153
5 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия пиёдалари Покровскка кира бошлади

Украиналик ҳарбийлар Покровск шаҳри жануби-ғарбий чеккаларида россиялик диверсант-разведкачилар билан жанглар олиб бормоқда. BBC’нинг Украина қуролли кучларидаги манбалари айтишича, амалда фронт чизиғи шаҳарга шу қадар яқинлашганки, энди унга нафақат диверсантлар, балки Россия армияси штурмчи бўлинмалари ҳам кириши мумкин.

Фото: Getty Images

Покровск ҳудудида россиялик пиёдалар гуруҳлари билан кечаётган жанглар ҳақида дастлаб 21 июл куни DeepStatе OSINT-проекти хабар берганди.

«Душман бир неча кун олдин бригадалардан бирида пиёдалар камайиб кетганидан, шунингдек, жойлардаги вазият ишончсизлигидан фойдаланиб, Зверево орқали шаҳар ичкарисига кириб келди. Вазият ҳалокатли тус олмаслиги учун зудлик билан 155-алоҳида механизациялашган бригада ва 68-алоҳида егер бригадаси йигитлари вазиятни ўнглашига тўғри келди», – дейилади DeepStatе хабарида.

Лойиҳа муаллифлари диверсантларни қидириш ва яксон этиш ишлари давом эттирилаётганини қўшимча қилган. Покровск жануби-ғарбий чеккасидаги Ҳимоячилар кўчаси устидан назорат учун ҳам жанглар кетмоқда. DeepStatе маълумотига кўра, россиялик диверсантлар у ерда мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳамда украин ҳарбийлари машиналарига пистирма қўйишга ҳаракат қилмоқда.

BBC манбаси DeepState маълумотини тасдиқлаган: унинг маълумотига кўра, бригадалардан бири аввалига диверсантларни ўз кучи билан тўхтатишга уринган, аммо шахсий таркибдаги етишмовчилик туфайли буни уддалай олмаган.

Покровск мудофааси учун масъул бўлган «Донецк» гуруҳи 20 июл куниёқ аксилдиверсия чоралари (шаҳарга яқинлашиб келган россиялик диверсантларни аниқлаш ва бартараф этиш) амалга оширилаётгани ҳақида баёнот берганди.

Покровск атрофида жанглар бошланганидан кейинги бир йил ичида фронт чизиғи шаҳар чеккасига яқинлашиб қолди.
GENYA SAVILOV/AFP via Getty Images

BBC Украина хизмати «Хортица» оператив-стратегик гуруҳига қўшимча изоҳ сўраб мурожаат қилди. У ердагилар ҳозирда вазият оператив хавфсизлик нуқтайи назаридан шарҳланмаслигини маълум қилишган.

BBC’нинг Покровскни ҳимоя қилаётган ҳарбийлар орасидаги ўз манбаси россиялик диверсантлар олдин ҳам шаҳарнинг жанубий ва жануби-ғарбий чеккаларига «кириш»ни амалга ошириб келганини айтиб берган. Украин ҳарбийлари уларни муваффақият билан йўқ қилган. Аммо бу сафар вазият бироз бошқачароқ.

Покровск мудофааси борган сари қийинлашмоқда, чунки Россиянинг асосий кучлари олдинга силжишга муваффақ бўлмоқда.

«Илгари, жанговар тўқнашув чизиғи ҳали шаҳарга етиб келмаганида, бу ҳақиқатан ҳам диверсия-разведка гуруҳлари эди. Ҳозир эса чизиқ деярли жануби-ғарбий чеккада жойлашган. Баъзилар шаҳар чеккасидаги россияликларнинг тўлақонли штурм гуруҳларини диверсия-разведка гуруҳлари билан адаштирмоқда», – дейди манба.

Жорий йилнинг май ойидан бери Украина ҳарбийлари Покровск жанубидаги «Шахтёрский» микрорайонида, шунингдек, шаҳар яқинидаги Леонтовичи ва Зверево аҳоли пунктларида Россия диверсия-разведка гуруҳларини пайқаган.

DeepState маълумотига кўра, бу сафар ҳам россияликлар Покровскка Зверево посёлкаси орқали кириб келган.

Павлоград-Покровск трассаси шаҳар таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади

Украина кучларининг Покровск районидаги логистикаси ҳозирда Россия дронларининг доимий зарбалари остида қолган Павлоград-Покровск йўлига боғлиқ.

«Йўл орқали ҳаракатланиш мумкин, лекин фақат ўз омадингизни синаб кўрган ҳолда. Курск йўналишидаги тажрибамга кўра, логистика тугаши биланоқ мудофаага нуқта қўйилади. У ерда руслар бизга Суджага борадиган йўлни дронлар билан тўсиб қўйишганд ва бутун мудофаамиз тўкилиб кетганди», – деди Курск областида жанг қилган ҳарбий BBC билан суҳбатда.

Унинг қўшимча қилишича, россияликларнинг Покровскка ҳужумлари шаҳар учун жанг бошланганидан бери тўхтагани йўқ, Покровск ва қўшни Мирноград аллақачон деярли ярим қуршов ҳолатида қолган.

«Россияликлар Покровск-Константиновка трассасини кесиб қўйишга муваффақ бўлганидан сўнг, улар доимий равишда олдинга силжимоқда. Ҳозир шимол томондан Мирноградни айланиб ўтишди, кейин Покровскни айланиб ўтишга уринишмоқда. Шаҳар атрофидаги конфигурация шуни кўрсатадики, яқин ойларда у Бахмут ва Авдийивка тақдирини такрорлаши мумкин», – дейди ҳарбий.

Вайрона ҳолатдаги Покровскда ҳамон тинч аҳоли вакиллари қолмоқда
Kostiantyn Liberov/Libkos/Getty Images

Аммо ҳозир Украина мудофаа кучлари Покровскда қолмоқда ва шаҳарни назорат қилмоқда.

У ерда ҳануз мингдан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қилади, уларни «Оқ фаришта» отряди полициячилари эвакуация қилишга уринмоқда. Лекин бу уринишлар қанча узоқ давом этса, шунча хавфли бўлади.

Урушдан олдин шаҳарда 60 мингдан ортиқ аҳоли яшаган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид