Жаҳон | 10:59 / 07.01.2026
1238
2 дақиқада ўқилади

Мерц Украинада тинчликни сақлашда ГФР қуролли кучлари иштирокини истисно қилмади

ГФР канцлери немис ҳарбийлари Украинада тинчликни сақлаш ишларида иштирок этиши мумкинлигини истисно қилмайди, бироқ улар Украина ҳудудида жойлаштирилмаслиги керак. Эҳтимол, улар Украина билан қўшни НАТО давлатларидан бирида жойлаштирилиши мумкин.

Фото: Paulius Peleckis/Getty Images

Германия федератив республикаси канцлери Фридрих Мерц немис ҳарбий хизматчиларининг Украинада тинчликни сақлашда иштирок этиш эҳтимолини истисно қилмади, аммо улар хизматни мазкур мамлакат ҳудудида эмас, бошқа жойда ўташи керак. Парижда “кўнгиллилар коалицияси” учрашуви якунлари бўйича қилган баёнотидан келиб чиқиб, Мерц учун Украина билан қўшни бўлган НАТО давлатларидан бирида немис тинчликпарварларини жойлаштириш мақбул вариант бўлиши мумкин.

“Германия сиёсий, молиявий, шунингдек ҳарбий соҳада ҳам ўз ҳиссасини қўшади”, — деб таъкидлади Мерц. Шу билан бирга, у бундесвер аскарларининг Украинадаги халқаро тинчликпарварлик миссиясида иштирок этиши ҳозирча ноаниқ истиқбол эканини қайд этди. Германия ҳукумати раҳбарининг тушунтиришича, бунга асосий шарт — Россия билан ўт очишни тўхтатиш (оташкесим) тўғрисида келишувга эришиш.

Берлиннинг Украина учун хавфсизлик кафолатларида иштирок этишга тайёрлиги — ўз-ўзидан тушунарли нарса, деди Мерц. “Биз буни қай тарзда амалга ошира олишимиз ҳозирча очиқ масала, чунки хавфсизлик кафолатлари бўйича бутун пакет ҳали якуний келишилмаган”, — дея қўшимча қилди у. Мерцнинг айтишича, у оташкесим келишилгандан кейин ва “кўнгиллилар коалицияси” ягона ёндашувга келгач, бу масала бўйича ўз таклифларини бундестагга тақдим этмоқчи.

2025 йилдан бери Литвада бундесвернинг танк бригадаси жойлаштирилган. 2027 йилга бориб ундаги ҳарбий хизматчилар сони 5000 нафарга етказилиши керак. Бундан ташқари, Германия ҲҲК самолётлари Полша, Руминия ва Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудини патрул қилишда иштирок этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид