Ўзбекистон | 21:04 / 03.03.2026
5552
4 дақиқада ўқилади

Картадан картага пул ўтказишда янги талаблар ва газ учун қишки лимит муддатининг узайтирилиши – маҳаллий дайжест

Бир қанча банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалар орқали P2P (картадан картага) ўтказмаларни амалга оширишда мақсадни кўрсатиш талабини жорий этди. Аҳоли хонадонларида табиий газ сарфининг иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик базавий меъёри барча ҳудудларда 2026 йилнинг 15 мартига қадар узайтирилди. Тиббиётда «суперконтракт» бекор қилиниши мумкин. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Айрим иловаларда картадан картага пул ўтказишда мақсадни кўрсатиш мажбурий бўлди

Ўзбекистондаги бир қатор банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалар орқали P2P (картадан картага) ўтказмаларни амалга оширишда мақсадни мажбурий равишда кўрсатиш талабини жорий этди.

Пул ўтказувчига 16 та тоифадан бирини танлаш таклиф қилинади. Улар орасида товар ёки савдо учун тўлов, овқатланиш ва таом харажатлари, қарзни қайтариш, ёрдам пули, оила ёки қариндошларга ўтказма, совға ва бошқалар бор.

Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, пул ўтказмаларини амалга оширишда аниқлаштирувчи параметрлар жорий этилишига оид янгиланишлар «техник хусусиятга эга бўлиб, сервис ишини такомиллаштириш ва операцияларнинг тўғри қайта ишланишини таъминлашга» қаратилган.

Газ учун қишки мавсумдаги лимит барча ҳудудларда 15 мартгача узайтирилди

Аҳоли хонадонларида табиий газ сарфининг иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик базавий меъёри Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2026 йилнинг 15 мартига қадар узайтирилди.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, янгиланган об-ҳаво прогнозларидан келиб чиқиб шундай қарор қабул қилинган. Совуқ ҳаво массаси фақат шимолий ҳудудлар эмас, республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам кириши эҳтимоли бор. Аввалроқ иситиш мавсуми учун лимит Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятлари учун 15 мартгача узайтирилган эди.

Эслатиб ўтамиз, иситиш мавсумидан ташқари вақтдаги базавий меъёр ойига 100 кубометрни ташкил этади.

Тиббиётда «суперконтракт» бекор қилиниши мумкин

Тиббиёт ва фармацевтика таълими тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қарор лойиҳасига мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан тиббиёт йўналишларида оширилган контракт шакли амалиёти тугатилади. Мазкур ўзгариш бакалавриат босқичига тааллуқли бўлиб, қабул жараёни шаффофлик ва сифат мезонлари асосида ташкил этилади.

Шунингдек, янги тартибга кўра: бакалавриат, магистратура ва резидентура босқичларида ҳар бир ўқув модули ҳамда давлат имтиҳонлари учун минимал ўтиш балли шифокор мутахассисликлари бўйича 70 фоиз, ўрта тиббиёт ходимлари учун 60 фоиз этиб белгиланади.

Мазкур чора-тадбирлар соғлиқни сақлаш тизими учун рақобатбардош, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Самарқандда ҳокимлар расмий делегациялар таркибига оила аъзоларини қўшгани маълум бўлди

Самарқанд вилоятида расмий делегациялар таркибига ҳокимларнинг яқин қариндошлари киритилгани ҳақидаги ҳолатлар ортидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш олиб борди. Унга кўра, Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари томонидан хорижий хизмат сафарларига ҳокимларнинг ўғли, турмуш ўртоғи ҳамда сафарга алоқадор бўлмаган шахслар юборилган, айрим маълумотлар эса очиқ эълон қилинмаган.

Ўрганиш давомида Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари мансабдор шахслари хизмат сафарларига яқин қариндошлари, шунингдек сафарга бевосита алоқадор бўлмаган ходимларни юборгани аниқланган. Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид