Иқтисодиёт | 13:27 / 03.03.2026
10258
2 дақиқада ўқилади

Айрим иловаларда картадан картага пул ўтказишда ўтказма мақсадини кўрсатиш мажбурий бўлди

Бир қатор банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларида картадан картага пул ўтказиш учун бу амалиётнинг мақсадини мажбурий равишда кўрсатиш талаб этилмоқда. Фойдаланувчи рўйхатдаги 16 хил мақсаддан бирини танлаши керак. Марказий банкнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фойдаланувчи киритган маълумот учинчи шахсларга тақдим этилмайди.

Ўзбекистондаги бир қатор банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалар орқали P2P ўтказмаларни амалга оширишда ўтказма мақсадини мажбурий равишда кўрсатиш талабини жорий этди.

Ўтказма юборувчига маблағ юборишда 16 та тоифадан бирини танлаш таклиф қилинади:

  • Товар ёки савдо учун тўлов;
  • Овқатланиш ва таом харажатлари;
  • Қарзни қайтариш;
  • Ёрдам пули;
  • Оила ёки қариндошларга ўтказма;
  • Совға;
  • Етказиб бериш ҳақи;
  • Ижара тўлови;
  • Коммунал тўловлар;
  • Сафар харажатлари;
  • Таълим харажатлари;
  • Тиббий харажатлар;
  • Хайрия;
  • Миннатдорчилик учун (чойпули);
  • Ўйин-кулги харажатлари;
  • Инвестиция ўтказмалари.

Марказий банк ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, пул ўтказмаларини амалга оширишда аниқлаштирувчи параметрлар жорий этилишига оид янгиланишлар техник хусусиятга эга бўлиб, сервис ишини такомиллаштириш ва операцияларнинг тўғри қайта ишланишини таъминлашга қаратилган.

“Фойдаланувчи томонидан киритилган маълумотлар мобил илованинг стандарт ишлаш жараёни доирасида қайта ишланади ва учинчи шахсларга тақдим этилмайди.

Фойдаланувчилардан ўтказмани тасдиқлашдан олдин реквизитларни диққат билан текшириш, тасдиқлаш кодларини учинчи шахсларга бермаслик ҳамда молиявий қарорларни ўйлаб, шошилмасдан қабул қилиш тавсия этилади.

Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларига мобил иловалар функционалини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берган. Ушбу тавсия сервисни ривожлантиришга қаратилган тавсиявий ёндашув ҳисобланади. Муҳими, ҳеч қандай тўлов ёки транзакцияларга чеклов киритилмайди. Ўтказмаларни амалга ошириш тартиби ўзгармайди.

Мазкур тавсияларни ҳар бир банк ва тўлов ташкилоти мустақил равишда, ўз мобил иловаси архитектураси ва ички жараёнларидан келиб чиқиб белгилайди”, дейилади МБ ахборот хизмати изоҳида.

Ҳозирча юқоридаги тавсия айрим иловалардагина жорий қилинган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид