15:08 / 03.05.2024
62565

Бир оиланинг уч аъзоси ўлдирилди. Мурдалар ёқиб юборилган Сирдарёдаги мудҳиш қотиллик тафсилотлари

Сирдарё туманида ёнғин содир бўлган уйдан икки аёл ва бир боланинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун Зиёкор маҳалласида бўлиб, қурбонларнинг қўшнилари ва яқинлари билан суҳбатда бўлди. Тафсилотларини эшитган одам даҳшатга тушади.

Маълум бўлишича, 27 апрелга ўтар кечаси рўй берган ҳодисада бир оиланинг уч аъзоси – 1951 йилда туғилган аёл, унинг 1985 йилда туғилган қизи ва 2012 йилда туғилган невараси вафот этган. (Воқеа ҳақидаги бирламчи хабарда марҳумлар аёл киши ва вояга етмаган икки нафар бола экани айтилганди).

Марҳумларнинг ўлими фақат олов ортидан келиб чиқмаган, ёнғиндан кейин текшириб кўрилганда уйдан икки аёл ва вояга етмаган боланинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳозирда бу уйнинг дарвозаси прокуратура томонидан муҳрланган.

1. Фото: Kun.uz

Марҳумларнинг қўшнилари бу уйда жанжал тез-тез бўлиб туришини айтди.

“Оилавий яхши инсон эдилар. Ўша куни тез ёрдам кириб, одам олиб чиқишмагач, демак, ўлибди деб ўйладик биз ҳам. Биринчи она ва болани топишди, охирида аёлни топишди, бир соатча қидиришди. Жасади жуда ёмон аҳволди экан, дейишди. Гумондор одам қўлга олинган, яқин инсони, ўша аёл билан гаплашиб юрарди яқин муносабатда, 6-7 йилдан буён тахминан. Ўша одам қилган, деган гап бўляпти. Биринчи ўлдириб, кейин уйни ёқиб юборган. Кундуз куни ўлдириб, уйни кечаси ёқиб юборган, дейишяпти. Бола мактабдан 17:30–18:00 атрофида келган, шундан кейин ҳеч ким кўрмаган, дарвозалари ҳам кун бўйи ёпиқ бўлган”, – дейди марҳумларнинг қўшниси Мадина Абдурашидова.

Марҳума аёлнинг фарзандлари бу мудҳиш хабарни эшитиши биланоқ хориждан етиб келган. Kun.uz мухбири таъзияли хонадонда бўлиб, марҳумларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

“Уч ўғил, битта қиз эдик. Ўртанча акам вафот этган, катта акам Россияга кетган эди. Бир куни синглим билан видеоқўнғироқда гаплашганимда милиция формасидаги киши кўринди, ким деб сўрадим, бир танишим деди, эҳтиёт бўлиб юр, дедим. Онамдан ҳам сўрадим, таниши экан, келиб туради, деб қўйгандилар. Орадан вақт ўтди, онам ҳалиги одам синглимни тинч қўймаяпти, деб қолдилар. Участкавойга ариза ёзибдилар онам, лекин барибир қайтиб келаверибди. Онамнинг олдида синглимга шапалоқ урган экан, онамнинг ўзига ҳам таҳдид қилибди. Иккаласининг орасида гап бўлгандир, лекин жиянимнинг, онамнинг айби нима экан?

Бу одам онангни, синглингни жуда безор қилиб, қийнаб юборганди, дейишди қўшнилар. Менга айтсанглар бўлмасмиди, десам, бировнинг оиласига қандай аралашамиз, деб айтмовдик, дейишди”, – дейди марҳумларнинг қариндоши Айдир Камаров.

Эслатиб ўтамиз, прокуратура ва ички ишлар органларининг тезкор-тергов гуруҳи гумонланаётган шахсни қўлга олган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Ўта шафқатсизлик билан икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) 2-қисми “а”, “ж” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top