Авто | 10:19 / 09.02.2026
1432
1 дақиқада ўқилади

Сирдарёда автомобилсозлик бўйича ўқув-тренинг маркази ташкил этилади

Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев бошчилигидаги делегациянинг Хитойга ташрифи доирасида Beifang Automotive Education Group раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар якунида томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Фото: “Дунё” АА

Ҳужжатга мувофиқ, Сирдарё вилоятида, хусусан Гулистон давлат университети қошида халқаро стандартларга жавоб берадиган автомобилсозлик йўналиши бўйича замонавий ўқув-тренинг маркази ташкил этиш режалаштирилмоқда. Марказни илғор лаборатория жиҳозлари ва замонавий ўқув инфратузилмаси билан таъминлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида қўшма ўқув режалари ва ўқув-услубий материаллар ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш, Хитойда малака ошириш ва стажировкалар ташкил этиш режалаштирилган. Битирувчиларга халқаро сертификат ва малака бериш механизмларини жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус автомобилсозлик соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик ҳаракатчанлигини кенгайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид