Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги режалари, Японияда сайловлар ва рус нефтидан воз кечаётган Ҳиндистон – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Рус генералига суиқасдда гумонланаётган шахс ушланди
Россия армияси Бош штаби бош бошқармаси раҳбари ўринбосари, генерал Владимир Алексеевга суиқасдни амалга оширган шахс Дубайда қўлга олинди. Бу ҳақда хабар берган Россия Федерал хавфсизлик хизмати бевосита ижрочи сифатида Россия фуқароси – 66 ёшли Любомир Корбани кўрсатмоқда.
У суиқасддан бир неча соат ўтиб БААга учиб кетган. Корба Дубайда ушланиб, кейин Россияга олиб келинган.
Тергов қўмитаси баёнотига кўра, у 2025 йил декабрида «Украина махсус хизматлари топшириғи билан террорчилик ҳаракатини содир этиш учун» Москвага келган.
Куч тузилмалари ижрочининг яна икки нафар шеригини ҳам тилга олди, лекин уларнинг аниқ роли кўрсатилмаган. Улардан бири 67 ёшли Виктор Васин Москвада қўлга олинган. Иккинчиси – 55 ёшли Зинаида Серебритская ФСБ ва Тергов қўмитаси маълумотига кўра Украинага чиқиб кетган.
Маҳаллий пабликларга кўра, гумондорлар бир-бири билан таниш бўлган ва айримларида Украина паспорти ҳам бўлган.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Киев генералга қилинган суиқасдга алоқадор эмаслигини айтди. Бошқа нашрлар эса Алексеевга суиқасд «ички ҳисоб-китоблар» бўлиши «анча эҳтимолга яқин» эканини ёзмоқда.
Владимир Алексеевга суиқасд жума куни содир бўлган. Номаълум шахс Москвадаги уйининг подъездида генералга бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетганди. Алексеев шифохонага ётқизилган. У шанба куни операциядан сўнг ҳушига келгани хабар қилинди.
Исроил Ғарбий соҳилда яна кенгаймоқчи
Расмий Тел-Авив босиб олинган Ғарбий соҳилда Исроил назоратини кучайтириш ва кўчманчилар посёлкаларини кенгайтиришни кўзловчи янги чораларни маъқуллади.
Исроил ОАВларига кўра, мудофаа вазири Исроил Кац ва молия вазири Безалел Смотрич илгари сурган ҳужжат бўйича Ғарбий соҳилда фаластинликлар ерларини яҳудийларга сотишни тақиқловчи Иордания давридан қолган қонун бекор қилинади. Шунингдек, ерга эгалик реестрлари очилади ҳамда посёлкалар блокида қурилиш рухсатномалари Исроил маъмуриятига ўтказилади.
Ер реестрларининг очилиши эгаларининг исмлари оммага ошкор бўлишига ва исроиллик харидорларнинг улар билан бевосита боғланишига имкон яратади. Бу эса ҳудуд бўйлаб ер сотиб олишни ва посёлкалар кенгайишини осонлаштиради.
Исроилнинг бу қадамлари — Фаластин маъмурияти томонидан бошқариладиган ҳудудларда ҳам мулкларни бузиш ва мусодара қилишга йўл очади.
Исроил расмийлари рухсатномалар йўқлигини асос қилиб, Ғарбий соҳил бўйлаб фаластинликларнинг уй-жойлари ва иншоотларини бузишда давом этмоқда. Фаластинликлар буни қурилиш тасдиқларини олишни қийинлаштирадиган чекловчи сиёсат билан изоҳлайди.
Ҳукумат комиссияси маълумотига кўра, Исроил 2025 йилда 538 та бузиш ишларини амалга оширган бўлиб, бу қарийб 1400 та уй-жой ва иншоотга таъсир кўрсатган. Бу аввалги йиллар билан солиштирганда мисли кўрилмаган ўсишдир.
Ҳонгконглик медиа-магнат 20 йилга қамалди
9 феврал куни Ҳонгконгнинг энг машҳур медиа-магнати Жимми Лай 20 йилга озодликдан маҳрум этилди. Айбловлар таркибига: хорижий кучлар билан тил бириктириш бўйича фитнанинг икки банди ҳамда бузғунчи материалларни чоп этиш бўйича бир банд киради.
Мазкур ҳукм — қарийб беш йил давом этган суд жараёни ва Ҳонгконгдаги энг шов-шувли миллий хавфсизлик ишига нуқта қўйди. Ҳозир ёпилган Apple Daily газетасининг асосчиси бўлган Лай илк бор 2020 йил августида ҳибсга олинган ва ўтган йили айбдор деб топилганди.
Ҳонгконг суди Лайга нисбатан жазо оғирлаштирилганини айтди. Бунга унинг хорижий кучлар билан «тил бириктиришнинг бошида тургани» сабаб қилиб кўрсатилган.
78 ёшли, Буюк Британия фуқароси бўлган Лай барча айбловларни рад этди. У судда ўзини Пекин томонидан таъқиб қилинаётган «сиёсий маҳбус» деб атади.
Лайнинг аҳволи АҚШ президенти ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармер каби глобал етакчилар томонидан танқид қилинмоқда.
Хусусан, Пекинда Хитой раҳбари Си Жинпинг билан юзма-юз учрашув чоғида Кир Стармер Британия фуқароси масаласини батафсил кўтарган ва уни озод қилишга чақирган. Доналд Трамп ҳам ўтган йил октябрида Си билан бўлган учрашувда Лай масаласини кўтарган.
Лайнинг оиласи ва тарафдорлари у юрак уришининг бузилиши, юқори қон босими каби касалликлардан азият чекаётгани боис қамоқда вафот этиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда.
Ҳиндистон Россия нефтидан воз кечмоқда
Ҳиндистондаги нефтни қайта ишлаш компаниялари апрел ойидан Россия нефтини харид қилишдан воз кечмоқда. Бундан ташқари, улар апрелдан кейинга битимлар тузмасликни режалаштирмоқда. Бу ҳолат Ню Деҳлига АҚШ билан савдо келишувини тузишда ёрдам бериши мумкин.
«Indian Oil, Bharat Petroleum ва Reliance Industries март ва апрел ойларида Россия нефтини юклаш бўйича трейдерлардан келаётган таклифларни қабул қилмаяпти», деган Reuters манбаси. Бошқа кўплаб нефтни қайта ишлаш компаниялари ҳам Россия нефтини харид қилишни тўхтатган.
Бу жараёнлар АҚШ ва Ҳиндистон савдо келишувига яқинлашаётган бир пайтда юз бермоқда. Томонлар март ойигача тузилиши кўзда тутилган битимда савдо божларини камайтиришни назарда тутади.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистондан экспорт қилинадиган маҳсулотларга қўйилган 25 фоизлик божларни бекор қилгани маълум бўлди. Эвазига Ҳиндистон Россиядан бундай харидларни тўхтатиш мажбуриятини олган.
Бундан олдин Трамп Ҳиндистон нефтни АҚШдан ва «эҳтимол Венесуэладан» харид қила бошлашини айтганди.
Японияда сайловлар
Япония парламентининг қуйи палатаси — Вакиллар палатасига бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловларда амалдаги ҳукмрон Либерал-демократик партия ғалаба қозонди. Партияга бош вазир Санаэ Такаичи раҳбарлик қилмоқда.
ЛДП парламентдаги 465 ўриндан 316 тасини қўлга киритган. Бу партия тарихидаги энг яхши натижа бўлиб, 64 ёшли Такаичи учун катта сиёсий ғалаба ҳисобланади.
Япониянинг илк аёл бош вазири аввалроқ навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини талаб қилганди. У бунга ҳукмрон партия раҳбари этиб тайинланганидан буён кучли оммавий қувватловга эга бўлаётганини асос қилган.
64 ёшли Санаэ Такаичи 2025 йил октябрида Япония бош вазири этиб тайинланганди. Такаичи ўнг қарашлари билан танилган. Уни қатъий консерватор, миллатчи ва Синдзо Абенинг сиёсий вориси деб аташади.
Ҳукумат раҳбари лавозимига киришар экан, Санаэ Такаичи Япониянинг хавфсизлик ва мудофаа сиёсатини қайта кўриб чиқишга, мамлакатнинг ҳужумкор ҳарбий салоҳиятини кучайтиришга ва II жаҳон урушидан кейин Япония амал қилиб келган пацифистик тамойиллардан воз кечишга ваъда берган.
Эрон–АҚШ музокаралари
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён АҚШ билан минтақавий давлатлар кўмагида ўтказилган музокаралар «олдинга ташланган қадам» бўлганини айтди.
«Диалог — ҳар доим тинч йўл билан ечимларга эришиш стратегиямиз бўлиб келган», - деб ёзди у. Пизишкиён Эроннинг ядровий масалага ёндашуви «Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома» доирасида кафолатланган ҳуқуқларга асосланишини таъкидлади.
Эрон президенти, шунингдек, мамлакат «ҳурматга ҳурмат билан жавоб беришини, бироқ куч тилини қабул қилмаслигини» қўшимча қилди.
Эрон ва АҚШ бир неча ҳафталик кескинликдан сўнг 6 февралдан билвосита ядровий дипломатияни қайта бошлади. Бу кескинликка Эрондаги йирик намойишлар ва унинг ортидан Трампнинг ҳарбий чоралар кўриш таҳдиди туртки бўлганди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи музокараларни «яхши бошланиш» деб атади ва агар ишончсизлик муҳити енгиб ўтилса, улар давом этади. Унинг айтишича, томонлар кейинроқ Уммон пойтахти Масқатда яна учрашиши мумкин.
Арақчининг таъкидлашича, Эроннинг ракета дастури ҳозир ҳам, келажакда ҳам музокаралар мавзуси бўлмайди. У буни «мудофаа масаласи» деб атади.
Мавзуга оид
14:34 / 03.04.2026
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026