Ўзбекистон | 15:15 / 19.08.2020
29508
4 дақиқада ўқилади

«Бу илтимос эмас, талаб» – Хушнудбек Худойбердиев олий таълим муассасалари харажатлари очиқ бўлиши кераклиги ҳақида

Бугун, 19 август куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг олий таълим тизимидаги муаммолар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Республика олий таълим кенгаши аъзоси, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев тизимдаги бир қатор муаммолар ва уларни келтириб чиқарган сабаблар ҳақида гапирди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Узоқ йиллар давомида амал қилган тизим бизни ботқоққа ботириб қўйган. Бу бор нарса. Бундан чиқишга шунчалар қийналяпмизки, бир неча 10 йиллар давомида ишдан чиққан тизим бизни 20-30 йил орқага улоқтириб юборган. Биз ҳали замонавий дунёга етиб олишимизга анча бор.

Давлат узоқ йиллар хусусий олий таълимга қарши бўлиб келган. Ҳамма нарсани давлат ўз назоратига олади, ҳаммасини давлат ўқитади, дейилган. Хусусий олий таълимга душмандек қаралган. Давлат на ўзи эплай олган, на талабалар контрактини харажатларни қоплайдиган даражада белгилашга рухсат берган, на етмаётган суммани ўзи ошиғи билан тўлаб берган, на ўзим ўқитаман, бозор шароитида зўр сифат қиламан деган тадбиркорга рухсат берган.

Бундан ташқари, кириш имтиҳонлари қанақа ўтганини ҳаммамиз биламиз. Мактаб ўз жойига бориб қолган, ундан келадиган ўқувчиларни Кембрижда ўқитсангиз ҳам нари борса 30 фоизи яхши кадр бўлади. Буларнинг ҳаммаси ўтди. Энди нима қиламиз?

Пандемия туфайли кўп нарса тезлашиб кетди. Таълимнинг тепасида қўрқоқлар бўмаслиги керак. Бунақа одамлар амалда ўтирмаслиги керак. Қўрқиб қанча кўп вақтни ўтказсак – олий таълим тайёр эмас, талаба тайёр эмас, ўқитувчилар тайёр эмас, деб яшайверсак, ҳар бир кун учун камида 1-2 ойга орқада қолиб кетяпмиз. Онлайн қабул, масофавий таълим қанчадан бери айтиб келинган. Биз тайёр эмасмиз дейишди. Оқибатда нима бўлди? Онлайн таълимга ўтдикми?! 1,5 млн ҳужжат қабул қилдик, эпласа бўлар экан-ку!

Масофавий таълимга ўтишни сал аввалроқ бошлаганимизда – 5-10та олий таълим муассасасида бошлаганимизда ҳам, улар базавий сифатли таълимни бера олган бўларди. Биз умуман рухсат бермадик. Ҳамма нолдан, эмаклашдан бошлади. Натижада талаба ҳам сифатдан норози бўлди», деди у давра суҳбатида.

Ҳуқуқшунос талабаларда турли савол ва эътирозларга ўрин қолмаслиги учун олий таълим муассасалари ўз харажат ҳисоботларини очиқ эълон қилиши лозимлигини таъкидлади.

«Молиявий масала ҳақида гап кетар экан, молиявий шаффофликни таъминлаш керак. Талаба тўлаётган контракт таълим харажатларининг 68 фоизини қоплаши айтиляпти. Бу рақамни жуда кўп эшитдик, лекин бунинг таги қани? Барча олий таълим муассасаларида ҳам бундай эмас. 68 фоиз бу – ўртача рақам. Қайси биридадир бу кўрсаткич 30 фоиз, қайсидадир 90 фоиз бўлиши мумкин. Нега ректорлар ўзининг олий таълим муассасасида мана шунақа молиявий ҳисоботларни эълон қилмайди? 1 йилда 100 млрд пул туширдик, харажатимиз 200 млрд бўлди, пулни мана буларга сарфладик, деб айтмайди? Нега молиявий шаффофлик йўқ?

Фақат вазирлик 100дан ортиқ муассаса учун жавоб беради. У барча маълумотларни умумлаштириб битта рақам айтади, лекин бу рақам фақат саволни кўпайтиради, жавоб бермаяпти. Ҳар бир ректор ўз талабалари билан гаплашиб жавоб берса бўлмайдими? Ахир бу солиқчиларнинг, талабаларнинг пули, ректорнинг чўнтагидаги пул эмас.

Ҳар бир ректор ўзининг олий таълим муассасаси бўйича харажатларни эълон қилсин. Шунда жавоблар олинади, оз бўлса ҳам норозилик пасаяди. Кейингина сифат масаласи бўлади.

Бу илтимос ёки имконият бўлса қилинадиган иш эмас. Талаб қилишимиз керак. Марҳамат, ўзининг ҳисоботларини очиқ ва шаффоф эълон қилсин. Биз билайлик ва кейинги стратегияларни шундан келиб чиқиб белгилайлик», дея Хушнудбек Худойбердиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид