Ўзбекистон | 13:37 / 30.01.2021
75094
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокими ишдан олинди. Унинг ўрнини Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўринбосари эгаллади

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов лавозимидан озод этилди. Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги фармони эълон қилинди.

Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг эндиликда собиқ биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Бугун, 30 январ куни, Тошкент вилояти халқ депутатлари Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бош вазир Абдулла Арипов ҳам қатнашган. Йиғилиш давомида вилоят ҳокими Рустам Холматов ишдан олинган.

Рустам Холматов 2019 йил 4 июндан Тошкент вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келаётганди.

Даврон Ҳидоятов /Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Йиғилишда 2018 йилдан буён Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996−2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004−2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

2014 йилдан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси сифатида ишлаган Ҳидоятов 2017 йилнинг апрелида лавозимдан олиниб, Чилонзор тумани ҳокимлигига туширилганди. 2018 йил октябрида эса Тошкент шаҳри ҳокимига архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосар бўлганди.

Олдинроқ Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов Ҳидоятов ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид