Олий суд фуқаронинг ижтимоий норма бўйича шикоятини қабул қилмади
Фуқаро аҳолининг электр токи ва табиий газ истеъмоли бўйича ойлик ижтимоий нормалар белгиланган Вазирлар Маҳкамаси қарорини бекор қилишни сўраб, Олий судга мурожаат қилган эди. Судя унинг аризасини иш юритувига қабул қилишни рад этди. Олий суд апелляция инстанцияси ҳам бу ажримни ўзгаришсиз қолдирди. Аризачи Конституциявий судга шикоят қилмоқчи.
Ўзбекистон Олий суди аҳоли учун электр энергияси ва табиий газнинг ойлик ижтимоий нормасини бекор қилишни сўраган фуқаронинг аризасини иш юритувига қабул қилмади.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, фуқаро Мардон Субҳанов Олий судга мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган ва 2024 йил 1 майдан кучга кирган ижтимоий нормани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Бироқ, Олий суд судясининг 19 июндаги ажрими билан, аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилган. Судянинг изоҳлашича, фуқаронинг арзи маъмурий судга ҳам, фуқаролик ишлари бўйича судга ҳам, иқтисодий судга ҳам тааллуқли эмас. Шу сабабдан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан, аризани иш юритишга қабул қилиш рад этилган.
23 июл куни Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судьялари Ш.Саидов, Д.Абуқаҳҳорова ва Д.Каримовдан иборат судлов ҳайъатида ушбу ажрим устидан Субҳановнинг апелляция шикояти кўриб чиқилди.
Суд мажлисида иштирок этган аризачининг ишончли вакили (ўғли)га кўра, асосий мақсад – Вазирлар Маҳкамасининг қарорининг қонунийлигига кимдир жавоб бериши керак.
“У ёки бу масалага суд томонидан тегишли баҳо берилиши керак. Вазирлар Маҳкамасининг қарори қонуности ҳужжати бўлгани сабабли у ҳар қандай ҳолатда қонунга зид келмаслиги керак. Шунинг учун бу оммавий ҳуқуққа муносабат сифатида кўрилади. Бунда Конституциявий суд баҳо бериши керак дейилади. Биз Конституциявий судга ҳам ариза билан мурожаат қилиб, жавоб оламиз”, – дейди аризачининг ишончли вакили.
Вазирлар Маҳкамаси вакили ўз нутқида бир неча сабабларни келтириб, 19 июндаги ажримни ўзгаришсиз, келтирган апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни сўради. Худди шундай, прокурор ҳам бу ажримни ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Якунда, апелляция ҳайъати 19 июндаги ажримни бекор қилишга асослар йўқ деб топди ва уни ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.
Судлов ҳайъатига кўра, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси (суд томонидан ҳал этиладиган ишлар) 1-қисми 1-бандига мувофиқ, маъмурий судлар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши белгиланган.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси (норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари)га мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, унинг устидан низолашиш маъмурий судловга тааллуқли эмас.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳукумат қарорига Конституциявий суд баҳо беради.
Мавзуга оид
20:03 / 22.11.2024
Газ қазиб олишнинг қисқариши 2 млрд кубга яқинлашди, нефт ва бензин ишлаб чиқариш ҳам камайиб боряпти
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
15:18 / 20.11.2024