Тошкентда осон шартлар билан уй олиб беришни ваъда қилган “Credit House” ва “In Fin Strоy Invest” билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди. Маълум бўлишича, иш доирасида айбланаётганлар 9 киши. Жабрланувчиларнинг аниқ сони ва етказилган зарар миқдори ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Тошкент шаҳрида осон шартларда уй олиб беришни ваъда қилган “Credit House” иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Бош прокуратуранинг жиноят ишини судга юбориш ҳақидаги хатидан (2025 йил 8 ноябр) маълум бўлишича, иш доирасида 9 киши айбланган.

Жумладан, Бахтиёр Амзаев, Дмитрий Баженов, Робия Галямова, Клара Талипова, Ғайрат Миркамалов ва Баҳром Ҳикматуллаев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 170-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (мулкий зарар етказиш), 177-моддаси 4-қисми “а,б” бандлари (жуда кўп миқдорда валюта қимматликларининг қонунга хилоф муомаласи), 178-моддаси 3-қисми (чет эл валютасини яшириш), 184-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланган.

Шунингдек, Алишер Шамсиддиновга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в”, 170-модда 2-қисми “а,в”, 177-моддаси 4-қисми “а,б”, 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,в” ва 243-модда билан, Шоира Раҳимова ва Шухрат Маҳамадовга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в”, 170-модда 2-қисми “а,в”, 177-моддаси 4-қисми “а,б”, 178-модда 3-қисми, 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,в”, 243-модда бандлари бўйича айблов эълон қилинган.

Тергов якуни бўйича батафсил маълумот Kun.uz ихтиёрида мавжуд эмас. Таҳририятнинг бу ҳақида маълумот сўраб аввалроқ ички ишлар вазирлигига йўллаган сўрови жавобсиз қолдирилганди.

Эслатиб ўтамиз, “Credit House” номи остида фаолият юритиб, осон шартларда уй-жой олиб беришни ваъда қилган фирмадан минглаб фуқаролар алданиб қолгани шу йил март ойига келиб маълум бўлганди