Жамият | 22:45 / 21.11.2022
18392
2 дақиқада ўқилади

Қаршида 17 ёшли қиз ис газидан заҳарланиб вафот этгани айтилмоқда

Косон туманида яшовчи қиз Қарши шаҳридаги ўқув курсларидан бирида ўқиган ва жасади топилган хонадонда ижарада турган.

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида абитуриент қиз ижарада яшаган уйида ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қашқадарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Соҳибжон Ғайбуллаев ҳодиса юзасидан Kun.uz’га маълумот берди.

Маълум бўлишича, 2022 йил 20 ноябр куни эрталаб Қарши шаҳри Маҳаллот маҳалласидаги хонадонлардан бирининг ҳаммомидан 2005 йилда туғилган қизнинг жасади топилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Косон туманида яшовчи қиз Қарши шаҳридаги ўқув курсларидан бирида ўқиган ва жасади топилган хонадонда ижарада турган.

С.Ғайбуллаевнинг айтишича, ҳозирда Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қиз ис газидан вафот этганликда гумонланмоқда. Ҳолат юзасидан экспертиза тайинланган. Унинг хулосаларига кўра қизнинг нима сабабдан вафот этганига ойдинлик киритилади.

«Ўзбекистонда совуқ мавсум бошланганда ис гази билан заҳарланиш ҳолатлари содир бўлади. Аксарият ҳолларда ис гази билан заҳарланиш иситиш печлари мўрисининг яхши тозаланмаслиги ёки иситиш печларини ўрнатишда эътиборсизлик қилиш ортидан келиб чиқади. Фуқаролардан иситиш печларига, мўриларига эътиборли бўлишларини илтимос қиламиз», дейди Соҳибжон Ғайбуллаев.

Аввалроқ, Жиззахда уч киши, Хоразмда икки киши ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Улардан уч нафари вояга етмаган болалар бўлган.

 

Мавзуга оид