Ўзбекистон | 12:30 / 21.12.2022
12938
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 2 ой ичида 475 км автобус йўлаклари ташкил этилади

Автобуслар учун мўлжалланган алоҳида ҳаракатланиш бўлакларида автобуслардан ташқари фақат тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ИИВ автомобиллари ҳаракатланиши мумкин. Бу бўлакларнинг узлуксиз чизиқ билан ажратилган қисмидан бошқаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.

Фото: uzreportnews

Тошкент шаҳрида 475 кмга яқин 34 та алоҳида автобус йўлакчалари ташкил этилади. Хусусан, яқин бир ҳафта ичида Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли сингари марказий кўчалар бўйлаб, қолган кўчаларда эса 1−2 ой ичида ана шундай йўлакчалар тўлиқ йўлга қўйилади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл-ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқарма бошлиғи Фазлиддин Тошкенбоев маълум қилди.

Мулозимнинг сўзларига кўра, йўлакчаларда автобуслардан ташқари фақатгина тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ИИВ автомобиллари ҳаракатланиши мумкин. Қолган автотранспорт воситаларига эса ҳаракатланиш тақиқланади ва бу тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

“Аммо ҳар қандай автомобилга маълум сабабга кўра, масалан, йўл ёқасидаги объектларга ёки кўчага кириш учун ушбу йўлакда фойдаланишга рухсат этилади. Бунда тегишли жойлар пунктир (узуқ чизиқ) билан ажратилади. Бу йўлакча ташкил этилаётган даврда ҳаммаси ҳисобга олинади”, – дейди Фазлиддин Тошкенбоев.

ЙҲХХ алоҳида ажратилган тасмаларда ҳаракатланиш ёки тўхташ тартиби бўйича видеойўриқнома эълон қилди. Унда айтилишича, ҳайдовчилар йўловчини йўл бўйида тушириш ёки олиш учун автобусларга ҳалақит бермаган ҳолда улар учун мўлжалланган бўлакка кириши ва тўхташи мумкин, лекин йўловчи автомобилдан тушиб ёки автомобилга чиқиб бўлгач, ортиқча тўхтаб турмай, алоҳида ҳаракат бўлагини тарк этиши керак.

Маълум қилинишича, йўналишли транспортлар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаклари бир йўналишда камида 3та ҳаракатланиш бўлаги бор кўчаларда ташкил этилади.

Тошкентда автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаклари ташкил этиладиган транспорт коридорлари (1-босқич) / Фото: Gazeta.uz

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг Gazeta.uz'га маълум қилишича, биринчи босқичда автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаклари 8 та транспорт коридорида ташкил этилади:

  • Амир Темур шохкўчаси КХАЙдан ТХАЙгача;

  • Шота Руставели – Алишер Навоий;

  • Беруний;

  • Самарқанд дарвоза – Кукча – Бешқайрағоч;

  • Лутфий – Муқимий – Бобур;

  • Фарҳод – КХАЙ;

  • Фарғона йўли – Истиқбол;

  • ТТЗ – Мирзо Улуғбек – Махтумқули.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида жамоат транспорти билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратиб, Наврўз байрамигача республикага 2000 та автобус олиб келинишини айтган (шунинг ярми Тошкент шаҳри учун), бу орқали 300 та маҳалладаги 1 миллион аҳолининг узоғи яқин бўлишини таъкидлаганди.

Мавзуга оид