Жаҳон | 09:30 / 16.05.2026
910
2 дақиқада ўқилади

Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ 45 кунга узайтирилди

АҚШ Давлат департаменти маълум қилишича, Исроил ва Ливан ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими яна 45 кунга узайтирилди.

Фото: picture alliance

АҚШ Давлат департаменти вакили Томми Пиготт 15 май куни Х ижтимоий тармоғида ёзишича, келишув Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида қабул қилинган.

Амалдаги сулҳ режими 17 май куни якунланиши керак эди. Пиготтнинг маълум қилишича, Исроил ва Ливан дипломатлари ўртасидаги музокаралар АҚШ Давлат департаменти воситачилигида 2–3 июнь кунлари яна давом эттирилади.

Шунингдек, 29 май куни Пентагонда икки давлат ҳарбийлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

“Ушбу муҳокамалар икки давлат ўртасида мустаҳкам тинчликка эришиш, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш, шунингдек умумий чегара бўйлаб ҳақиқий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади, деб умид қиламиз”, — деб ёзди Пиготт.

14 апрель куни Вашингтонда 1993 йилдан бери илк бор Исроил ва Ливан вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтган эди. Унда икки давлатнинг АҚШдаги элчилари иштирок этган.

Учрашув якунларига кўра, томонлар тинч йўл билан келишувга эришиш бўйича тўғридан тўғри мулоқотни бошлаш томон қадам ташлагани маълум қилинган.

16 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасида сулҳ тузилганини эълон қилган, кейинроқ эса унинг узайтирилишини маълум қилган эди.

Шундан кейинги кунларда эса томонлар бир-бирини оташкесим режимини бузишда айблаб келаётганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид