16:00 / 29.03.2024
9090

Ўзбекистон дунё иқтисодий эркинлик индексида 6 поғона юқорилади

Ўзбекистон “Иқтисодий эркинлик индекси – 2024” рейтингида 184 та мамлакат орасида 55,9 балл билан 103-ўринни эгаллади ва иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатидан жой олди. Ўтган йилга қараганда фискал саломатлик (-13,2 балл) ва давлат харажатлари (-4,5 балл) масаласида аҳвол сезиларли даражада ёмонлашган.

Фото: Kun.uz

Heritage Foundation тадқиқот маркази “Иқтисодий эркинлик индекси – 2024” ҳисоботини эълон қилди.

Унда Ўзбекистон 184 та мамлакат орасида 55,9 балл билан 103-ўринни эгаллаган. Сўнгги ҳисоботга кўра, мамлакат рейтинги 0,6 баллга ёмонлашган бўлса-да, 6 поғонага юқорилаган ва иқтисодиёти эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳидан жой олган.

Иқтисодий эркинлик индексида республика 12 та индикаторнинг 6 тасида ижобий ўзгаришларни қайд этган, 3 та индикаторда эса салбий ўзгаришлар кузатилган. Шунингдек, яна 3 та индикатор бўйича нарижалар ўзгаришсиз қолган.

Фискал саломатлик (-13,2 балл) ва давлат харажатлари(-4,5 балл) масаласида аҳвол сезиларли даражада ёмонлашган. Бунга охирги 4 йилдан бери бюджет дефицити кўрсаткичларига амал қилинмаётганлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

1996-2023 йилларда Ўзбекистонга берилган умумий баллнинг ўзгариш динамикаси

“Ўзбекистонда умумий қонун устуворлиги заиф. Мамлакатдаги мулкчилик ҳуқуқи, суднинг самарадорлиги ва ҳукумат яхлитлиги рейтинги жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан паст”, дейилади ҳисоботда.

МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткичларни Арманистон (47-ўрин) ва Қозоғистон (62-ўрин) қайд этган. Кейинги поғоналардан Озарбойжон (70-ўрин), Молдова (99-ўрин), Қирғизистон (112-ўрин), Россия (131-ўрин), Тожикистон (137-ўрин), Беларус (153-ўрин) ва Туркманистон (162-ўрин) ўрин олган.

Умумий рейтингнинг энг юқори 3 та поғонасини Сингапур (83,5 балл), Швейцария (83 балл) ва Ирландия (82,6 балл) эгаллаган бўлса, энг қуйи ўринларда Венесуэла (28,1 балл), Куба (25,7 балл) ва Шимолий Корея (2,9 балл) қайд этилган. 8 та давлат: Афғонистон, Ироқ, Ливия, Лихтенштейн, Самоли, Сурия, Украина ва Яманга турли сабабларга кўра рейтинг берилмаган.

Умумий иқтисодий эркинлик бўйича ўртача кўрсаткич ўтган йилги 59,3 баллда 58,6 баллга тушган. Бу сўнгги йигирма йилликдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Top