Ўзбекистон | 12:04
3474
12 дақиқада ўқилади

Иш ташлаш ҳуқуқига нисбатан 30 йиллик “қонун сукути” тугаяптими?

Бугун 1 май – Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни дунё давлатларида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Тошкент давлат юридик университети Тадқиқот маркази раҳбари, PhD Мирёқуб Раҳимов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида Ўзбекистонда меҳнаткашлар бирдамлигининг ҳуқуқий асосида бўшлиқ борлиги ва уни тўлдиришга қаратилган қонун Сенатдан ўтгани ҳақида сўз юритади.

Фото: Dreamstime

Куннинг қисқача тарихи

XIX аср охирларида ишчилар кунига 10–12 соат ишлашга мажбур бўлар, уларнинг меҳнати эса етарли даражада қадрланмас эди. Шу боис улар 8 соатлик иш куни учун курашни бошладилар.

1886 йил 4 май куни Чикаго шаҳрида бўлиб ўтган намойиш Ҳаймаркет воқеаси номи билан тарихда қолди. Тинч ўтиши керак бўлган йиғилиш кутилмаганда фожиага айланган. Номаълум шахс томонидан ташланган бомба оқибатида полиция ва оддий фуқаролар ҳалок бўлди. Воқеа дунёни ларзага солди.

Ўша воқеа 1 майни халқаро миқёсда меҳнаткашлар бирдамлиги рамзига айлантирди.

Жаҳон меҳнат бозори рақамларда

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг World Employment and Social Outlook 2024 ҳамда McKinsey Global Institute маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб дунё бўйича меҳнат кучи тахминан 3,5 миллиардга етиши кутилмоқда.

Жаҳонда 2 миллиарддан ортиқ ишчи норасмий секторда фаолият юритаётгани меҳнат сифатининг пастлигини кўрсатади. Хусусан, 241 миллион ишчи ўта қашшоқлик (кунига 2,15 доллардан кам даромад билан) шароитида яшамоқда.

Ўзбекистон статистикаси

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 5,5 миллион нафар ходим расмий бандликда фаолият юритмоқда. Шундан 2,2 миллиони давлат ташкилотларида, 3,3 миллиони эса хусусий секторда ишлайди. Бу – хусусий секторнинг меҳнат бозоридаги устун улушини кўрсатади.

Банд аҳолининг 553,7 минг нафари бандлик органлари орқали, қолган 4,9 миллиони мустақил равишда ишга жойлашган.

Иш ташлашга нисбатан жаҳон мамлакатлари ёндашувлари

Дунё давлатларида иш ташлаш ҳуқуқига нисбатан уч хил ёндашувда муносабат қилади: рухсат беради ва мустаҳкамлайди, қатъий тақиқлайди ва жазолайди, сукут сақлайди ва қонунчиликда бу масалани очиқ қолдиради.

Германия, Франция, Италия, Испания, Буюк Британия ва Канадада иш ташлаш ҳуқуқи меҳнат муносабатларининг муҳим элементи сифатида эътироф этилади.

Саудия Арабистони, Қатар ҳамда Бирлашган Араб Амирликларида иш ташлаш деярли мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар жарима, депортация ёки бошқа жавобгарликка сабаб бўлади.

Охирги тоифага кирувчи Ўзбекистон ва Хитой каби давлатлар иш ташлаш ҳуқуқини қонунчиликда аниқ тартибга солмаган.

Ўзбекистонда иш ташлаш ҳуқуқи йўқ

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистонга нисбатан айрим эътирозлари асосли. Сабаби бугунги кунгача мамлакатда иш ташлаш ҳуқуқи қонунда мустаҳкамланмади.

1995 йил 25 декабрда қабул қилинган эски Меҳнат кодексида иш ташлаш ҳуқуқи ҳақида бирорта норма йўқ эди. 2016 йилдан бошланган ислоҳотлар доирасида ишлаб чиқилган янги Меҳнат кодекси лойиҳаси уч марта умумхалқ муҳокамасига чиқарилди. Эътиборли жиҳати, лойиҳанинг 2019 йил 23 сентябрдаги биринчи ва 2019 йил 14 октябрдаги иккинчи вариантида иш ташлаш тушунчаси киритилиб, уни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби батафсил белгиланган эди. Бироқ учинчи вариант, яъни 2020 йил 16 сентябрдаги таҳрирда ушбу нормалар бирор сабаб кўрсатилмасдан чиқариб ташланди.

Шу тариқа, 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган янги Меҳнат кодексида иш ташлаш ҳуқуқи ва уни ўтказиш тартиби назарда тутилмади.

Вазиятдан чиқиш йўли бор

Ўзбекистонда ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқи тўғридан тўғри ва батафсил тартибга солинмаган бўлса-да, у мутлақо инкор этилмаган. Давлат ушбу ҳуқуқни халқаро мажбуриятлар доирасида тан олади.

Хусусан, “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт”нинг 8-моддасида ҳар бир иштирокчи давлат иш ташлаш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини олади дейилган. Ўзбекистон мазкур ҳужжатга 1995 йил 31 августда қўшилган. Амалдаги Меҳнат кодексининг 10-моддасига мувофиқ, агар мамлакатнинг халқаро шартномасида ходимлар учун миллий қонунчиликка нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Шундай экан, иш ташлаш ҳуқуқи билвосита тан олинади ва маълум даражада қўлланиши мумкин.

Иш ташлаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган

1995 йил 1 апрелда қабул қилинган ва ҳозир амалдаги Жиноят кодексининг 218-моддасига кўра, тақиқланган иш ташлашга бошчилик қилиш ёки фавқулодда ҳолат вақтида корхона ва ташкилотлар ишига халақит бериш жиноят ҳисобланади.

Бундай ҳаракатлар учун жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш, ҳатто 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Бу эса амалда иш ташлаш масаласи қатъий тартибга солинганини ва айрим ҳолларда жиноий жавобгарликка олиб келишини кўрсатади.

Натижада, меҳнат ҳуқуқларидаги номутаносиблик ёки пародокс бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда. Янги Меҳнат кодекси қабул қилинди, бироқ иш ташлаш ҳуқуқи яна унда акс эттирилмади.

Халқаро ташкилотнинг эътирозлари

Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, меҳмонхона, ресторан, умумий овқатланиш, тамаки ва турдош соҳалар ходимлари халқаро уюшмалари федерацияси (IUF) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ходимлар асосий меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Хусусан, ҳисоботга кўра, меҳнаткашлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоавий йиғилишлар, митинглар ва намойишлар ташкил эта олмайди. Давлатга алоқадор Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси таъсири туфайли мамлакатда мустақил касаба ташкилотлари мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Меҳнат кодекси ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонунчилик ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқини кафолатламаган.

Ўзбекистон эҳтиёткорлик билан ёндашади

Давлат нафақат иш ташлашга, балки бошқа оммавий тадбирларга нисбатан ҳам жуда эҳтиёткор. Конституциянинг 33-моддасида фуқароларнинг митинглар, йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқи кафолатланган. Бироқ ушбу ҳуқуқни амалга ошириш тартибини белгиловчи махсус қонун ҳануз қабул қилинмаган. 1991 йилдан бошлаб ўтган қарийб 35 йил давомида бу соҳада ягона ва комплекс қонуннинг мавжуд эмаслиги – конституциявий ҳуқуқнинг амалий ижросини чеклаб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати 2025-йилда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳузуридаги Уюшмалар эркинлиги бўйича қўмитага тақдим этган ҳисоботида бу масалага алоҳида тўхталган. Унга кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти талаблари инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан митинглар, йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш тартибини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳамда ҳозирда кўриб чиқилаётгани қайд этилган. Бироқ бугунги кунгача мазкур қонун қабул қилинмади.

Иш ташлаш тартибсизлик эмас

Иш ташлаш – ходимларнинг иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган жамоавий ҳуқуқий восита. У ўз моҳиятига кўра зўравонлик ёки тартибсизлик эмас, балки меҳнат низоларини ҳал этишнинг тинч шакли ҳисобланади.

Демократик давлатлар иш ташлашни халқаро стандартлар асосида фундаментал ҳуқуқ сифатида тан олади. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ушбу ҳуқуқни уюшмалар эркинлигининг ажралмас қисми сифатида эътироф этади.

Гарчи Ўзбекистон “Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Жамоа музокараларини олиб бориш ва бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида”ги конвенсияларни ратификация қилган бўлса-да, иш ташлаш масаласида ҳамон сукут сақламоқда.

Бугун режалаштириб, эртага иш ташлаб бўлмайди

Кўпчилик иш ташлашни бирданига бошланадиган тартибсиз ҳаракат деб ҳисоблайди. Аслида эса у жамоавий меҳнат низосини ҳал этишнинг қонунда қатъий белгиланган босқичларига эга мураккаб жараёндир. Ходимлар талабларини расмий тартибда билдиради, иш берувчи уларни рад этса ёки жавоб бермаса, айнан шу кундан бошлаб жамоавий низо бошланган ҳисобланади. Шундан кейин низони дарҳол кескинлаштириш эмас, балки уни тартибга солиш механизмлари ишга тушади.

Кейинги босқичларда низо мажбурий яраштирув тартиб-таомилларидан ўтади. Аввало яраштириш комиссияси тузилади ва қисқа муддатларда келишувга эришишга ҳаракат қилинади. Натижа бўлмаса, медиатор жалб этилиши ёки тўғридан тўғри меҳнат арбитражига ўтилиши мумкин. Энг асосийси, барча босқичлар мажбурийдир. Яраштириш комиссиясини ташлаб медиаторга ёки медиаторни ташлаб меҳнат арбитражига тўғридан тўғри мурожаат қилиб бўлмайди. Жараён одатда бир икки кунда якунига етмайди, ҳатто бир неча ой давом этишиши ҳам мумкин.

Фақат шу барча имкониятлар тугаб, келишувга эришилмаса, иш ташлаш охирги чора сифатида юзага келади. У ҳам тартибсиз эмас. Ходимлар ўз вакиллари, айниқса касаба уюшмалари орқали ҳаракат қилади. Иш берувчи ҳамда тегишли давлат органларига олдиндан иш ташлаш режалаштирилган сана, жой ва бошқа маълумотларни бериб огоҳлантиради. Шу боис иш ташлаш бир кунлик ҳиссий қарор эмас, балки узоқ давом этган музокаралар, расмий тартиб-таомиллар ва ҳуқуқий жараёнларнинг якуний босқичи ҳисобланади.

Мисол билан тушунтирамиз

Иш ташлаш жамоавий низони ҳал этиш воситаси саналади. Жамоавий меҳнат низоси индивидуал низодан фарқли равишда битта ходим ва иш берувчи ўртасида эмас, балки бир гуруҳ ходимлар билан иш берувчи ўртасида юзага келади. Масалан, ташкилотда ишлайдиган барча ходимлар ойига 1 271 000 сўм эвазига меҳнат шартномаси асосида ишлайди. Бу миқдор қонундаги минимал талабга мос.

Бироқ ушбу сумма ходим ва унинг оиласи харажатларини қопламайди. Бир нафар ходим иш берувчига мурожаат қилиб, иш ҳақини оширишни сўради. Аммо иш берувчи таклифни рад этди. Рад этиш – иш берувчининг ҳуқуқи. Чунки ишга киришда тарафлар айнан шу миқдорга келишган ва уни ўзгартириш учун яна ўзаро келишув талаб қилинади. Ходим ҳолат юзасидан судга мурожаат қилса ҳам, ютқизиш эҳтимоли юқори.

Шундан сўнг барча ходимлар бирлашиб, иш берувчига ягона жамоавий талаб билан чиқади ва иш ҳақини оширишни сўрайди. Агар иш берувчи бу талабни рад этса, низо жамоавий тус олади. Айнан шундай вазиятда иш ташлаш жамоавий низони ҳал этиш воситаси сифатида намоён бўлади. Ва бу ходимларнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Янги кутилмалар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2025 йил 9 сентябр куни иш ташлаш ҳуқуқини қонуний тартибга солишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти конвенсиялари, хусусан бирлашмалар эркинлиги ва жамоа музокаралари бўйича халқаро стандартларга мослаштиришдан иборат. Бу орқали меҳнат муносабатларида ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Мазкур қонун 2026 йил 8 апрел куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида маъқулланди. Ушбу ҳужжат Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган меъёрларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади. Эндиликда қонуннинг кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши ва расмий эълон қилиниши талаб этилади.

Хулоса

Иш ташлаш ҳуқуқининг Меҳнат кодексида аниқ норматив мустаҳкамланиши Ўзбекистонда қарийб 35 йил давом этган “қонун сукути”ни институционал даражада якунлашни англатади.

Бу бир томондан 5,5 миллион ходимнинг фундаментал меҳнат ҳуқуқларини кафолатлайди, иккинчи томондан эса жамоавий меҳнат низоларини тартибли механизмлар орқали ҳал этиш имконини яратади. Шу билан бирга, миллий ҳуқуқ тизимини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаб, давлатнинг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини амалда бажарганлигини кўрсатади.

Раҳимов Мирёқуб Актамович,
Тошкент давлат юридик университети
Тадқиқот маркази раҳбари,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (Phd), доцент

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид