Жаҳон | 11:51 / 31.01.2026
2586
2 дақиқада ўқилади

Германияда жамоат транспортида иш ташлашлар кутилмоқда

Ver.di касаба уюшмаси иш шартларини сезиларли яхшилашни талаб қилиб, Германиянинг 16 федерал еридан 15 тасида жамоат транспортида иш ташлашларга чақирди. Акция 2 феврал куни 150 шаҳар транспорт компанияси ходимларини қамраб олади.

Фото: AP

Немис жамоат хизматлари соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Ver.di 2 феврал куни бутун Германия бўйлаб жамоат транспортида иш ташлашларга чақирди. Касаба уюшмаси жума куни, 30 январда билдиришича, иш ташлаш иштирокчилари навбатдаги музокаралар раундида иш берувчиларга босим ўтказмоқчи, музокаралар натижаси 150 та шаҳар транспорт ва автобус компаниясидаги қарийб 100 000 нафар ходимга дахл қилади.

AFP ахборот агентлиги эслатишича, музокаралар асосан Муниципал иш берувчиларнинг умумнемис бирлашмаси (KAV) билан 2025 йил ноябр ойидан буён Германиянинг барча 16 федерал ерида олиб борилмоқда.

Ver.di муниципал транспорт соҳасида иш шартларини сезиларли яхшилашни талаб қилмоқда. Гап, хусусан: ҳафталик иш юкламаси ва сменалар давомийлигини қисқартириш, дам олиш (ҳордиқ) вақтини кўпайтириш, тунги вақтда ва дам олиш кунлари ишлаганлик учун қўшимча тўловларни ошириш каби чоралар ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, Бавария, Бранденбург, Саар, Тюрингия ерларида ҳамда Ҳамбургдаги ерусти темирйўли оператори Hamburger Hochbahn компанияси билан иш ҳақини ошириш бўйича қўшимча музокаралар ҳам олиб борилмоқда.

Ver.di маълумотларига кўра, музокаралар давомида иш берувчилар деярли барча йўналишларда ён беришдан бош тортмоқда.

Касаба уюшмаси Германиянинг 16 федерал еридан 15 тасида — Қуйи Саксониядан ташқари — иш ташлашларга чақирди.

Шу билан бирга, Deutsche Bahn темирйўл оператори аллақачон бу акциялар унга тааллуқли эмаслигини маълум қилган. Берлин ва Мюнхенни ўз ичига олган йирик шаҳарлардаги шаҳар атрофи поездлари ҳам, кутилганидек, қатновни давом эттиради, чунки Ver.di уларнинг ходимлари манфаатини ҳимоя қилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид