Жаҳон | 15:46 / 09.12.2025
2003
4 дақиқада ўқилади

Луврда меҳнат шароитларининг ёмонлашувига қарши иш ташлаш ўтказилади

Касаба уюшмалари Лувр ходимларини 15 декабрдан бошлаб иш ташлашга чақирди. Уларнинг айтишича, норозилик акцияси муддатсиз бўлади. Бундан олдин, Луврда сув оқиб кириши оқибатида илмий ҳужжатларга етган зарар ҳақида маълум бўлган эди. Касаба уюшмалари Лувр ходимларини 15 декабрдан бошлаб иш ташлашга чақирди. Уларнинг айтишича, норозилик акцияси муддатсиз бўлади. Бундан олдин, Луврда сув оқиб кириши оқибатида илмий ҳужжатларга етган зарар ҳақида маълум бўлган эди.

Фото: AP

Янги можаро — сув чиқиб кетиши туфайли юзлаб ҳужжатлар зарар кўргани ошкор бўлганидан кейин, дунёнинг энг машҳур музейларидан бири ходимлари иш ташлаш ўтказишга қарор қилди. Меҳнат шароитларининг ёмонлашуви ва молиялаштириш етарли эмаслигига қарши норозилик акцияси 15 декабрдан бошланади, деб душанба, 8 декабр куни бир нечта касаба уюшмалари хабар берди ва ходимларни муддатсиз иш ташлашга чақирди.

Касаба уюшмалари Луврда кадрлар етишмаслиги, техник муаммолар ва биноларнинг эскириб кетганига эътибор қаратди. «Коллекцияларни ҳимоя қилиш, шунингдек ходимлар ва ташриф буюрувчилар хавфсизлиги тўлиқ даражада таъминланмаяпти», — дея маълум қилди CFDT-Culture касаба уюшмаси. У 8 декабр тонгида Лувр ходимларининг умумий йиғилишига бошчилик қилди. Уюшма Франция маданият вазири Рашида Датини вазиятга аралашишга чақирди.

Le Monde нашри маълумотларига кўра, ходимлар бинога сув оқиб кириши хавфи борлиги ҳақида раҳбариятни бир неча йилдан бери огоҳлантириб келган. Сувдан зарар кўриш ҳолати ноябр ойи охирида аниқланган, ўтган ҳафта охирида эса Лувр бу ҳақда ОАВ берган маълумотни тасдиқлади.

Аввал La Tribune de l'Art журнали ёзишича, зарар иссиқлик ва вентиляция тизимидаги клапан тасодифан очилиши натижасида етказилган: шу сабабли сув мисршунослик кутубхонаси жойлашган бинo шифт қисмига ўтиб кетган.

Лувр директори ўринбосари Франсис Стейнбок AFP агентлигига маълум қилишича, сув оқиб кириши натижасида мисршунослик кутубхонасидаги 300–400 та ҳужжат зарар кўрган. Асосан, бу — тарихий журналлар ва илмий ҳужжатлар, «француз маданий меросининг асарлари эмас», деб қўшимча қилди у. AFP таъкидлашича, Луврда иссиқлик ва вентиляция тизими бир неча ойдан бери ўчириб қўйилган, уни 2026 йилда тўлиқ алмаштириш режалаштирилган.

Лувр кўп йиллардан бери тузилмавий камчиликлар ва ортиқча тўлиб кетганлик учун танқид қилиб келинади. Сўнгги йилларда бинолар сувдан зарар кўрган бир неча ҳолат аниқланган, баъзан бу экспозиция залларининг ёпилиши ва вақтинчалик кўргазмаларни кўчиришга олиб келган.

Париждаги музей октябрда юз берган шов-шувли ўғриликдан ва биноларни қўриқлашдаги камчиликлар учун танқид қилинганидан сўнг, уни бошқариш ва хавфсизлик масалалари Францияда сиёсий баҳс мавзусига айланди. Хусусан, ўнг популист «Миллий бирлашув» партияси француз маданий меросини самаралироқ ҳимоя қилишни талаб қилиб, ҳукуматнинг бу борадаги ҳаракатларини етарли эмасликда танқид қилмоқда.

19 октябр куни кундузи ўғрилар Париждаги Луврга ўғирланган юк машинасига ўрнатилган махсус нарвон орқали чиқиб, бинодаги ойнани кесиш ускуналари ёрдамида бузиб кирган. Жиноят жойини тарк этаётганда улар нарвондан тушиб, скутерларга қараб қочиш пайтида бриллиант ва зумрад тошлар билан безатилган тожни тушириб юборган, аммо яна саккизта экспонатни олиб қочишга улгурган.

Ўғирланган ашёлар орасида француз маликалари ва императрицаларининг зеб-зийнатлари ҳам бор. Қимматбаҳо буюмларнинг умумий қиймати 88 миллион евро деб баҳоланган. Полиция ҳалигача ўғирланган экспонатларни топа олмади, аммо бир неча гумонланувчи қўлга олинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид