Ўзбекистон | 17:58 / 03.02.2022
9236
2 дақиқада ўқилади

Андижонда яна «дарахткушлик»: Асакада 10 га яқин кўп йиллик дарахт кесиб юборилди — фотолар

Андижон шаҳар перинатал маркази ҳудудида қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатига киритилган 12 туп элдор қарағайлари ноқонуний равишда кесилганига кўп вақт ўтмасдан яна вилоятда дарахт кесилиши ҳолати кузатилди.

Фото: KUN.UZ

Бир неча йиллар аввал Асака туманида жойлашган «Тўрахон ота» чойхонаси эгалари корхона фаолиятини хусусий шифохонага ўзгартириб, қурилиш ишларини олиб борган. 3–4 кун муқаддам мазкур ҳудуддаги ўнга яқин дарахтлар кесилган. Дарахтлар орасида, каштан, арча ва элдор қарағайлари ҳам бўлган.

Kun.uz мухбири воқеа жойига борган пайтда элдор қарағайи дарахти танасидан қолган шох-шаббалари йиғиштирилаётган эди.

Узайтирилган мораторий амал қилаётган айни даврида ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатга киритилган дарахтлар қурилиш бўлаётган ҳудудда жойлашганми ёки бошқа бир сабаб билан уни кесишга зарурат туғилганми, қатъи назар, кесишга ҳеч қанақасига рухсат берилмайди. 

Мазкур ҳудуд Асака тумани Соҳилбўйи кўчаси бўлиб, туманнинг энг соя-салқини бор ҳудудлардан саналади. Мазкур ҳудудда кўп йиллик, серсоя чинор дарахтлари ҳам бор. Уларнинг бирортаси кесилмасдан турибди.

Дарахт кесилишига гувоҳ бўлганлардан бири ушбу дарахтларни мебел ишлаб чиқарувчилар ўзлари келиб кесиб кетганини таъкидлади. Хусусий шифохона раҳбарияти эса дарахтларни ўз қўллари билан экканини иддао қилди.

Ҳозир мазкур ҳолат Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бошқармаси томонидан ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар перинатал маркази ҳудудида қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатига киритилган 12 туп элдор қарағайлари ноқонуний равишда кесилгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят перинатал маркази ходимларидан бири эса Kun.uz мухбири билан суҳбатда дарахтлар вилоят ҳокими топшириғи билан кесилганини айтган эди

Мавзуга оид