Ўзбекистон | 11:11 / 28.09.2022
21281
2 дақиқада ўқилади

Янгиер шаҳрига янги ҳоким тайинланди. Аввалги ҳоким бетоблик туфайли вафот этганди

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Носиров Янгиер шаҳрининг янги ҳокимига айланди.

Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Ғофуржон Мирзаев / Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, шаҳар Кенгаши депутатлари, вилоят ва шаҳар секторлар раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этаётган сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Ғофуржон Мирзаев Янгиер шаҳрининг собиқ ҳокими ҳақида фикр билдирди. Шаҳарга 2016 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Элёр Хўжаев 2022 йил июлида вафот этганди.

Элёр Хўжаев / Kun.uz

«Раҳбарга энг аввало халқ баҳо беради. Элёр Хўжаев ҳам ёмон фаолият олиб бормади. Шаҳарни ободонлаштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида кўзга ташланарли ишлар қилди. Энг муҳими талабчан ва ҳаракатчан, мулоҳаза билан иш кўрадиган, узоқни кўра оладиган ёш раҳбарлардан бири эди. Лекин умри қисқа экан», деди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокими 2019 йилдан буён Сирдарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Отабек Урал ўғли Носиров номзодини Янгиер шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этди.

Отабек Носиров

О.Носиров 1976 йилда туғилган, маълумоти олий. 1999 йилда Жиззах политехника институтини, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 

«Отабек Носиров вилоят ҳокими ўринбосари сифатида фаолият юритган даврида бир қатор ижобий ишлар амалга оширди.

Тўплаган иш тажрибаси орқали Янгиер шаҳрининг драйвер йўналишларини яхши билади, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича астойдил меҳнат қилади деган умиддамиз», - дея ишонч билдирди Ғофуржон Мирзаев.

Депутатлар номзод бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва Отабек Носировни бир овоздан шаҳар ҳокими этиб тасдиқлади.

Мавзуга оид