Жаҳон | 21:33 / 28.05.2026
3187
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон 60 кунлик сулҳни келишди, бироқ Трамп ҳали уни маъқулламади

АҚШ ва Эрон музокарачилари қуролли можарони тугатиш ва ядро муаммоси бўйича музокараларни бошлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми лойиҳасини тайёрлашни якунлади, бироқ президент Доналд Трамп ҳужжатни ҳали маъқулламади, деб хабар берди Axios.

Фото: Will Oliver/EPA/Bloomberg via Getty

АҚШ ва Эрон музокарачилари ўзаро англашув меморандуми бўйича келишувга эришди. Унда сулҳнинг 60 кунга узайтирилиши ва Эрон ядровий дастури бўйича музокараларнинг бошланиши ҳақида сўз боради, деб ёзди портал ўз манбаларига таяниб.

Таъкидланишича, меморандум шартларининг аксарияти келишилган, бироқ иккала давлат ҳам ҳали ўз етакчиларининг розилигини олиши керак. Кейинроқ Эрон томони америкалик музокарачилар билан боғланиб, уларга Теҳронда зарур рухсатномалар олинганини маълум қилди. Бу ҳақда Эронда ҳали расман хабар берилмади.

Шунингдек, портал маълумотларига кўра, америкалик музокарачилар келишув тафсилотлари ҳақида Трампга хабар берган, бироқ у меморандумни дарҳол имзоламаган ва «бу ҳақда ўйлаб кўришни хоҳлаётганини» айтган.

Манбаларнинг хабар беришича, меморандум доирасида 60 кун давомида Ҳўрмуз бўғозида кема қатнови «чекланмайди» ва бепул бўлади. Шунингдек, Эрон 30 кун ичида бўғоздаги миналарни олиб ташлаши керак.

Шунингдек, меморандумда Эроннинг ядро қуролига эга бўлишга уринмаслик мажбурияти ҳақида сўз боради. Битим амал қилиш даврида Эроннинг юқори даражада бойитилган урани тақдири ва умуман Эронда уранни бойитиш бўйича музокаралар олиб борилади.

Меморандум маъқулланган тақдирда, АҚШ Эронга қарши санкцияларни юмшатишга ва музлатилган Эрон активларини очишга ваъда беради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид