Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонга мол гўшти импорти қисқара бошлади. Нархлар ҳам ошган
Охирги 2 ойда Ўзбекистонга мол гўшти олиб кириш 22 фоизга камайди. 1 кг импорт маҳсулот учун ўртача нархлар ҳам 7,4 фоизга ошди. Бунга Россиянинг бир қатор ҳудудларида қорамоллар орасида хавфли инфекция тарқалиши фонида маҳсулот етказиб беришдаги узилишлар таъсир қилаётган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Кобул ва расмий Исломобод ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб, қуролли тўқнашувлар юзага келди. Ушбу омил ҳам Покистондан Афғонистон орқали гўшт киришини мураккаблаштиради.
Ўзбекистонга мол гўштининг импорти охирги ойларда қисқара бошлади. Kun.uz ўрганган Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, апрел ойида қиймати 57 миллион долларлик 11,2 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич, март ойида 12,7 минг тоннани, феврал ойида эса 14,4 минг тоннани ташкил этганди.

Ўз навбатида нархлар ҳам қимматлаша бошлаган. Хусусан, ўтган ойда 1 кг импорт мол гўштининг ўртача баҳоси 5,06 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич мартда 4,81 доллар, февралда 4,71 доллар бўлганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда гўшт импорти учун божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.
Охирги ойларда гўшт импортининг ўсиши секинлашиб, нархлар ошганига бир қанча омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин. Хусусан, Россиянинг бир қатор ҳудудларда қорамоллар орасида хавфли инфекция тарқалди. Натижада Қозоғистон ҳукумати ушбу мамлакатдан тирик чорва, гўшт маҳсулотлари, шунингдек, иссиқлик ишлови берилмаган озуқа ва ем қўшимчаларини олиб кириш ҳамда транзит қилишни тўхтатди. Бундан ташқари, Кобул ва расмий Исломобод ўртасида юзага келган зиддият фонида Покистондан Афғонистон орқали гўшт кириб келишида ҳам муаммолар кузатилаётган бўлиши мумкин.
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрел ойида суякли мол гўшти 3,2 фоизга (йиллик нисбатда +16,6 фоиз), суяксиз мол гўшти 3,2 фоизга (+17,3 фоиз), қўй гўшти 3,7 фоизга (+20,3 фоиз) қимматлашган.
Расмий рақамларга қарайдиган бўлсак, суякли мол гўшти нархининг ошиши охирги йилларда қуйидагича бўлган:
- 2017 йил – 35,9 фоиз (умумий инфляция – 14,4 фоиз);
- 2018 йил – 26,9 фоиз (умумий инфляция – 14,3 фоиз);
- 2019 йил – 26,6 фоиз (умумий инфляция – 15,2 фоиз);
- 2020 йил – 21,1 фоиз (умумий инфляция – 11,1 фоиз);
- 2021 йил – 10,4 фоиз (умумий инфляция – 9,98 фоиз);
- 2022 йил – 9,8 фоиз (умумий инфляция – 12,3 фоиз);
- 2023 йил – 9,3 фоиз (умумий инфляция – 8,8 фоиз);
- 2024 йил – 13,3 фоиз (умумий инфляция – 9,8 фоиз).
Мавзуга оид
08:17 / 06.05.2026
Ўзбекистонда мол гўшти нархи жаҳон нархлари билан таққосланди
08:28 / 30.03.2026
Ўзбекистонда 15 турдаги маҳсулот учун хомашёга импорт божлари бекор қилинади
15:21 / 21.03.2026
ЕИ Хитойдан биринчи марта унга етказиб берганидан кўра кўпроқ автомобил импорт қилди
12:50 / 10.03.2026