Ўзбекистон | 19:43 / 30.05.2020
49713
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус аниқланган Шофиркон ва Избоскан туманлари нега «қизил» тоифага киритилмади?

Республика махсус комиссияси коронавирус тарқалганлик даражасига кўра «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифага кирувчи туманлар (шаҳарлар) рўйхатини эълон қилди.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги

Рўйхатда Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳамда Андижон вилояти Избоскан туманлари «яшил» тоифага киритилганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, Избосканда 23 май куни коронавирус аниқланган. Россиядан келган избосканлик халқаро юк ташувчи ҳайдовчи коронавирусга тест топшириб натижасини кутмай карантин қоидасини бузган ҳолда уйига кетиб қолган. Ҳайдовчи кетгач, у топширган тест натижаси мусбат чиққан (яъни вирус аниқланган).

Оқибатда коронавирус юқтирган ҳайдовчи билан мулоқотда бўлган 100 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган. Избосканлик ҳайдовчида вирус аниқланганидан икки кун ўтиб эса туманда «Соғлом ҳаёт учун 5 000 қадам» шиори остида оммавий тадбир ўтказилган. Унинг иштирокчилари «Уйда қолинг» деган баннерларни ҳам кўтариб олишганди. 23 май куни коронавирус аниқланган Избоскан туманининг нега ҳамон «яшил» ҳудуд бўлиб тургани ҳақида маълумот берилмаган.

Ўз навбатида Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳам «яшил» ҳудудлар орасида бўлиб тургани кўпчиликни ажаблантирди. Чунки 27 май куни бу туманда яшовчи бир оиланинг 7 нафар аъзосида коронавирус аниқланган. Республика махсус комиссияси эса Шофиркон туманини «яшил» ҳудуд сифатида кўрсатган.

Бухоро вилояти ҳокимлиги бу борада муносабат билдирди. Маълум бўлишича, Шофирконни «қизил» ҳудудга киритиш борасида «таклиф берилган ва яқин орада бу борада махсус комиссия қарори қабул қилиниши кутилмоқда». 

«Шуни маълум қиламизки, жорий йилнинг 27 май куни Шофиркон туманида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар аниқлангани сабаб эпидемияга қарши кураш талабларидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур туманни «яшил» ҳудуддан «қизил» ҳудудга, Навоий вилоятида ҳам касаллик ўчоғи мавжудлигини инобатга олиб унга ёндош бўлган Ғиждувон ҳамда Когон туманларини «яшил» ҳудуддан «сариқ» ҳудудга ўтказилиши юзасидан таклиф киритилди.  Яқин орада бу бўйича ҳукумат комиссияси қарори қабул қилиниши кўзда тутилган», дейилган баёнотда.

Маълумот учун, «яшил» тоифасидаги туманлар (шаҳарлар) коронавирус тарқалиш хавфи паст ҳудудлар ҳисобланади. Коронавирус аниқланган ҳудудлар эса автоматик тарзда вирус юқиш хавфи юқори бўлган «қизил» ҳудудлар қаторига кириши керак. Аммо маълум бўлишича, Ўзбекистонда ҳудудларнинг бу борадаги статуси фақат махсус комиссия қарори билан ўзгартирилади. Чунки 23 май куни вирус аниқланган Избоскан, 27 майда вирус аниқланган Шофиркон туманлари махсус комиссия баёнотида ҳамон «яшил» тоифада турибди.

Мавзуга оид