Ўзбекистон | 20:01 / 23.06.2023
21471
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон – энг кўп сув ишлатадиган мамлакатлардан. Айрим ечимлар маълум қилинди

Тошкентда аҳоли жон бошига кунига 400 литр сув ишлатилаётганини маълум қилган сенатор Борий Алихонов Kun.uz билан суҳбатда муаммо ечими бўйича ўз таклифларини билдирди.

Фото: Kun.uz

Кеча, 22 июн куни Сенат ялпи мажлисида сенатор Борий Алихонов сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласида маъруза қиларкан, Ўзбекистон учун хавотирли бўлган қатор рақамларни келтириб ўтган.

Жумладан, бугунги кунда Тошкент шаҳрида сув сарфи айрим пайтларда аҳоли жон бошига суткасига 400 литрни ташкил қилмоқда. Бу дунё шаҳарлари кўрсаткичидан анча юқори. Шунингдек, чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади (дунёда ушбу кўрсаткич ўртача 65 фоизга тенг).

Kun.uz мухбири сенатор билан боғланди ва маърузада келтирилган рақамлар, шунингдек, сув сарфи исрофгарчиликларини камайтириш йўллари ҳақида сўради.

— Борий Ботирович, кеча Сенатнинг ялпи мажлисида Ўзбекистондаги сув истеъмоли даражасига оид чиқиш қилдингиз. Кенгроқ айтганда, бугун Ўзбекистондаги вазият дунёдаги билан солиштирганда қандай?

— Сир эмас, ҳозирги кескин экологик муаммолардан бири бўлган сув муаммоси минтақамиз ва мамлакатимиз учун ҳам ўта долзарб. Зеро, сув – стратегик ресурс бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, ҳаёт кечириш ва умуман инсоният тараққиётининг асосий манбаи.

Ачинарлиси, ҳозирда Ер юзидаги дарёларнинг деярли ярми ифлосланган, уларнинг ресурслари тугаб бормоқда. Ички сув ҳавзалари табиий йўл билан ўзини ўзи тозалай олмаяпти. Бундай сувлар нафақат истеъмол учун, балки, маиший хизмат, турмуш ва саноат эҳтиёжлари учун ҳам яроқсиз бўлиб қоляпти.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидаги 2 млрддан зиёд аҳоли сув танқислигини сезмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қарийб 1,5 млрд аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдалана олмайди, 2,3 млрд аҳоли эса санитар талабга жавоб бермайдиган сувни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Ҳар куни 2 млн тоннадан ортиқ, шу жумладан пластик чиқиндилар сув ҳавзаларига ташланади.

Аслида минтақамизда сув азалдан энг азиз неъмат, ҳаёт манбаи саналиб, ривожланиш ва фаровонликнинг асоси сифатида хизмат қилган ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади.

Сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш сиёсати натижасида сувнинг умумий миқдори ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан йилига 64 млрд м3 дан ҳозирда ўртача 51 млрд м3 гача камайтирилди. Шунингдек, мос равишда 1 гектар суғориладиган майдонга ўртача 16 минг м3 сув ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 10 минг м3 га туширилди.

Бироқ соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Мамлакатимизда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади (дунёда ушбу кўрсаткич ўртача 65 фоизини ташкил этади), (коммунал соҳада, 4,5 фоиз, саноат ва энергетка соҳасида 4,3 фоиз, балиқчиликда 1,2 фоиз). Қишлоқ хўжалигида ҳар бир гектарга сув сарфи эса айрим давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Экин майдонларига сув етказиб беришда сезиларли йўқотишлар бор. Ирригация тизимларида носозликлар мавжуд.

Ундан ташқари, ерости сувларининг ҳажми ва сифати ҳам тобора пасайиб бормоқда.

Иқтисодий тармоқлар, ижтимоий объектлар, ҳатто айрим ҳолатларда аграр соҳада ҳам сувдан фойдаланишнинг эскирган усул ва воситалари қўлланмоқда. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида суғоришда жуда катта миқдордаги сув фильтрацияси, буғланиши ҳамда ортиқча сув сарфи орқали йўқотилади.

Сувни бошқариш, фойдаланиш, юритиш ҳамда сув хўжалиги объектлари тўлиқ рақамлаштирилмаган.

Шу билан бирга, ичимлик сувидан бошқа соҳаларда фойдаланиш авж олган. Жумладан, транспорт воситаларини ювиш, суғориш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш.

Бундан ташқари, сувдан фойдаланиш маданияти ҳам етарли даражада эмас. Сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари сустлиги натижасида жон бошига сув сарфи миқдори ортиқча қолмоқда.

Мисол учун, Тошкент шаҳрида айрим пайтларда аҳоли жон бошига суткасига 400 литргачани ташкил этса, бу кўрсаткич Берлин бўйича 124 литрни, Амстердамда 156 литрни, Лондонда 165 литрни, Москвада 249 литрни, Хитойнинг шаҳарларида эса аҳоли жон бошига ўртача сув истеъмоли 204 литрни ташкил этади холос.

Шунингдек, ерости ва ерусти сувларининг тўлақонли кадастри мавжуд эмас. Бизда сув омборларининг кадастри бор холос.

Шаҳарлар ва айрим йирик саноат корхоналарининг тозалагич иншоотлари сувни сифатли тозалаш технологияларига эга эмас.

Бозорлар, кўчалар, хизмат кўрсатиш масканлари ва бошқа аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган сув тармоқлари нуқталарида элементар қоидаларга амал қилинмаган. Масъулларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли сувнинг беҳуда исроф бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда.

— Хўш, юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, ҳукумат сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда қандай тадбирларни амалга ошириш керак?

— Биринчи босқичда қуйидаги масалаларни ҳал қилишга қаратилган қисқа муддатли тезкор чоралар кўриш лозим. Бунда аввало, суғоришда сувдан фойдаланиш коэффициентини 90-95 фоизга етказиш, анъанавий суғориш усулларидан воз кечиш, томчилатиб ва бошқа сув тежовчи технологияларни қўллашни янада кенгайтириш, иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда, нисбатан кам сув талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратиш;

иккинчидан, сувдан фойдаланиш бўйича янги воситалар ва технологик ечимларни топишга қаратилган изланишларни кенгайтириш;

учинчидан, сув тақчиллиги шароитида аҳолини сувдан оқилона фойдаланишга ўргатиш, ичимлик сувидан бошқа мақсадларда фойдаланмаслик, сувни ифлослантирмаслик ҳамда уни асраб-авайлаш бўйича тарғиботни кучайтириш;

тўртинчидан, ҳудудлар кесимида ерости сув ресурсларини таҳлилий аниқлаш ҳамда муқобил сув манбаларини (булоқ, қудуқ, ҳовуз, ерости сувлари ва бошқалар) қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг захиралари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;

бешинчидан, соҳадаги қонун ва қонуности ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни қўллашни рағбатлантириш чораларини кўриш;

олтинчидан, ишлаб чиқариш саноат ва коммунал объектларга тегишли бирламчи механик ва биокимёвий самарали локал оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш;

еттинчидан, ичимлик сувидан фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтириш; бунда маиший-техник эҳтиёжлар учун алоҳида сув тармоқларини жорий қилиш чораларини кўриш;

саккизинчидан, ерости сув манбалари ҳолатини мунтазам кузатиб бориш ва улардаги сифат ва миқдор ўзгаришлари ҳақида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига маълумотлар берилишини таъминлаш;

Иккинчи босқичда эса, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари камайиб бораётгани, ерларнинг мелиоратив ҳолатини инобатга олган ҳолда мамлакатимизда 2030 йилгача умуман, яъни ерости ва ерусти сувларидан фойдаланиш прогнозини ва унинг асосида сув ресурсларини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид