Ўзбекистон | 18:13 / 22.02.2022
9518
3 дақиқада ўқилади

Кўп квартирали уйларда ўзбошимчалик билан қурилиш қилганлик учун 8 млн сўмгача жарима белгиланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 22 февралдаги мажлисида бир қатор қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Фото: Kun.uz

Хусусан, Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасига кўра, Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига аниқланган ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этишга оид судларга аризалар тақдим этишда давлат божи тўловидан озод этиш назарда тутилмоқда.

Қайд этилишича, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Инспекция давлат божи тўловидан озод этилмагани боис ушбу мазмундаги материалларни судларга тақдим этишда қатор қийинчиликларга дуч келинган.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳага кўра, кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қоидаларни бузиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, кўп квартирали таянч ва тўсиқ конструкцияларини қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шу жумладан, кўп квартирали уйларда ва туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилмалар қуриш фуқароларга БҲМнинг 20 баравари (5 млн 400 минг сўм)дан 30 баравари (8 млн 100 минг сўм)гача, мансабдор шахсларга қирқ бараваридан эллик бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Лойиҳада агарда ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса ва ўзбошимча қурилма бартараф этилса, фуқаро жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳа билан шартнома интизомини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда.

Жумладан, МЖТК 175-моддасидан дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузиш учун белгиланган маъмурий жавобгарлик масаласини чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар бузилиши оқибатида МЖТКнинг 176-1-моддасидан шартнома интизомини бузганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланмоқда.

Қўшимча қилинишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ортидан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг битта ҳаракати учун икки марта жавобгарликка, яъни ҳам фуқаролик-ҳуқуқий, ҳам маъмурий жавобгарликка тортилишининг олди олинади.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тайёрлаган:  Аббос Салайдинов

Мавзуга оид