Ўзбекистон | 13:22 / 22.11.2022
38508
2 дақиқада ўқилади

“Тарифлар ошмагани эвазига электр энергияси ва газга субсидия ошириляпти” — Ишметов бюджет харажатлари оширилганига изоҳ берди

2022 йилги бюджет қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда. “Йилнинг охиригача бюджет тақчиллигини 3 фоиздан 4 фоизга оширяпмиз, шу даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Ундан ортиқ дефицитга маблағнинг ўзи йўқ”, – дея изоҳ берди молия вазири Тимур Ишметов.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

“2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Киритилаётган қўшимча харажатлар эвазига республика консолидациялашган бюджет тақчиллиги 3 фоиздан 4 фоизга оширилмоқда. Юзага келган қўшимча харажатларни қоплаш учун қонуннинг 10-моддасида Ўзбекистон республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг соф миқдори 6 трлн  сўмдан 10 трлн сўмга ўзгартирилмоқда.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг айтишича, президент ва ҳукуматнинг устувор топшириқларини бажариш учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратилган маблағларнинг чекланган миқдорлари 20 трлн 915 млрд сўм қўшимча харажатлар ҳисобига оширилмоқда.

“Ташқи хатарлар ҳисобига иқтисодиёт режалаштиришдан камроқ ўсиши ҳисобига, тарифлар ошмагани эвазига электр энергияси ва газга субсидия ошириляпти”, - деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, инфляция режадагидан юқори бўлиши ҳисобига ижтимоий соҳага маблағ ажратишга тўғри келмоқда.

“Ташқи хатарларнинг асосий муаммоси ноаниқлик, ҳозирги вазият қанча давом этишини аниқлаш қийин, йилнинг охиригача бюджет тақчиллигини 3 фоиздан 4 фоизга оширяпмиз, шу даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Ундан ортиқ дефицитга маблағнинг ўзи йўқ. Ташқи қарздан маблағ жалб қилиш бўйича лимитлари белгиланган, ташқи қарзни оширмаймиз. Даромадлар режадан ортиғи билан бажариляпти: бу ерда айрим йўналишлар бўйича даромадлар камроқ, аммо бошқа йўналишлар бўйича кўпроқ даромадларга эришилади”, - деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, молия вазири Тимур Ишметов ноябр ойи бошида бўлиб ўтган иқтисодий форумда Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда экани, барча харажатларни қисқартириш зарурлигини айтганди.

Аввалроқ вазир бюджетдан ташқари жамғармалар энг оғриқли масала эканини айтиб, жамғармага тушумлар ва харажатлар бюджет орқали амалга оширилиши кераклигини таъкидлаганди.

Мавзуга оид