Бош прокуратура аёл кишининг жасади топилган лифт носоз бўлганини маълум қилди. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси буни рад этди
Шунингдек, аёлнинг ўлими юзасидан дастлабки хулоса ҳам очиқланди. Шифокорларнинг тиббий маълумотномасига кўра, 32 яшар аёл юракнинг ишемик касаллиги, ўткир юрак, қон-томир ва нафас етишмовчилиги туфайли вафот этган.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида жойлашган кўп қаватли уй лифтида аёл кишининг жасади топилган эди. Почтачи аёл 24 июль куни соат тахминан 14:50 ларда кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, қайта чиқмаган. У лифтга кирган вақтда электр таъминотида узилиш кузатилган ва марҳум лифтда қамалиб қолган. Видеокузатув камераларидаги қайдларда унинг лифтга киргани акс этган.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, 26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари томонидан ички ишлар идорасига бедарак йўқолгани юзасидан хабар берилган. Шунингдек, расмий баёнотда аёлнинг жасади Uzalert телеграм-каналида ёзилганидек, 26 июль куни эмас, балки орадан 3 кун ўтиб, яъни 27 июлда топилган.
Қайд этилишича, шифокорларнинг дастлабки тиббий маълумотномасига кўра, марҳуманинг ўлимига юракнинг ишемик касаллиги, ўткир юрак, қон-томир ва нафас етишмовчилиги сабаб деб кўрсатилган.
Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, текшириш давомида ушбу лифт бир неча кундан буён ишламаётгани, олдин ҳам ишламай қолиши ҳолатлари кўп маротаба бўлгани ҳақида муқимлар томонидан тушунтиришлар берилган.
“Жамоатчиликда ушбу воқеа бўйича билдирилаётган тахминлар терговга қадар текширув давомида мутахассислар ёрдамида тўлиқ текширилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади расмий баёнотда.
Лифтда содир бўлган фожиага Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳам муносабат билдирган.
Қўмитанинг тезкор маълумотида электр таъминотидаги узилишдан кейин тўхтаб қолган лифт кўздан кечирилганда, қурилманинг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларнинг ишчи ҳолатдалиги аниқлангани келтирилади.
Фожиа содир бўлган уй уй 2020 йилда Lotus Gaz Invest (2005 йилда рўйхатдан ўтган, Real House брендига эгалик қилади) томонидан қурилган. Лифт ўзи эса 2021 йилда Хитойнинг Aoyama Elevator Global компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, юк кўтариш қуввати 630 кг. Лифт Arena Avto Trans Servis томонидан ўрнатилган ва 2022 йилда қурувчига топширилган.
“Қурилиш ташкилоти ва уй-жой ширкатига лифтни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун инспекцияга мурожаат қилмаган, ишга туширилмаган”, – дейилади хабарда.
Йўқолган одамларни топишга кўмаклашувчи кўнгиллиларнинг гуруҳида ёзилишича, марҳумнинг 6 яшар қизчаси бўлган. Бола бувисининг қарамоғида қолгани айтилмоқда.
Мавзуга оид
16:37
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28 / 22.11.2024