Жаҳон | 16:16 / 30.12.2025
3444
2 дақиқада ўқилади

Германияда Усмоновга қарши очилган иккинчи тергов ҳам тўхтатилди

Россиялик миллиардерга қарши санкцияларни бузиш гумони билан тергов олиб борилаётганди. Прокуратура уни объектларни қўриқлаш хизматлари учун пул тўлашда гумон қилганди. Усмоновнинг адвокатлари эса унинг ушбу компаниялар ва мол-мулк билан алоқаси йўқлигини маълум қилди ва иш ёпилди.

Фото: Алексей Никольский / ТАСС

Мюнхен прокуратураси россиялик тадбиркор, USM ҳолдинги асосчиси Алишер Усмоновга (Forbes ҳисоб-китобларига кўра, бойлиги 16,7 миллиард доллар) нисбатан санкцияларни бузиш гумони билан олиб борилган терговни тўхтатди, деб хабар берди РБК нашрига тадбиркорнинг вакиллари.

Адвокатлар аниқлик киритишича, қарор Германия Жиноят-процессуал кодексининг 153а-параграфига мувофиқ қабул қилинган. Шунингдек, Усмонов хайрия мақсадлари учун ихтиёрий бадал (10 миллион евро атрофида) тўлашга қарор қилган. «Худди шу гумонлар бўйича терговни қайта тиклаш истисно қилинади, А.Усмоновга нисбатан айбсизлик презумпцияси сақланиб қолади», – дея хабар берди адвокатлар.

Тергов 2022 йилги эпизодларга тааллуқли эди. Назорат органи таъкидлашича, ўша йилнинг апрел ойидан сентябр ойигача Роттах-Эгерн ҳудудидаги кўчмас мулк объектларини қўриқлаш хизматлари учун ҳақ чет эл компаниялари орқали тўланган.

Шунингдек, прокуратура уни Иқтисодиёт ва экспорт назорати федерал идорасига (BAFA) Германия ҳудудидаги мол-мулкини декларация қилмаганликда гумон қилган.

2024 йилда ушбу эпизодлар дастлабки тергов мақомини олган битта иш доирасида бирлаштирилди. Усмоновнинг адвокатлари унинг ушбу компаниялар ва мол-мулк билан алоқасини (бу орқали Европа Иттифоқининг санкция қоидалари қўлланишини ҳам) рад этди. Натижада тергов тўхтатилган.

Бу Европада ушбу тадбиркорга нисбатан тўхтатилган биринчи тергов эмас. 2024 йил ноябр ойида Франкфурт-Майн бош прокуратураси пул маблағларини ювиш билан боғлиқ Усмоновга нисбатан бошқа бир терговни тўхтатган эди.

Spiegel ўшанда бизнесмен 555 миллион евро миқдорида солиқ тўлашдан бўйин товлагани ҳақида ёзганди. Бизнесменнинг вакили эса у 2014 йилдан бери Россияда солиқ тўловчи экани ва қўшалоқ солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Усмонов Германияда даромад солиғини тўлашга мажбур эмаслигини маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид