Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Россия энергия ресурсларидан воз кечмоқчи. Бу қандай амалга оширилади?
Россия-Украина уруши Европа мамлакатларини қазиб олинадиган ёқилғи ресурсларидан воз кечишни тезлаштиришга ва айниқса, Россия нефть ва газидан узоқлашишга жиддий эътибор қаратишга мажбур қилди. Еврокомиссия Россия томони газ экспорт қилишни тўхтатган тақдирда, амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини эълон қилди.
Янгиланган режага кўра, Европа Иттифоқи 2027 йилгача Россиядан импорт қилинувчи қазиб олинадиган энергия ресурсларидан бутунлай воз кечмоқчи. Бу мақсадни амалга ошириш учун қўшимча 200 миллиард евро ажратилади.
Урушдан олдин 2050 йилдан кейингина «Газпром» билан имзоланган узоқ муддатли шартномаларни тўхтатиш бўйича режалар бор эди, аммо Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан икки ҳафта ўтгач, Еврокомиссия 2030 йилгача рус нефть ва газидан бутунлай воз кечиш дастурини ишлаб чиқди. Эндиликда бу режа конкретлаштирилди ва муддат яна уч йилга қисқартирилади.
«Путин бошлаган уруш жаҳон энергетика бозорини беқарорлаштириб юборди. Россияга қазиб олинадиган ёқилғи етказиб берувчи сифатида таянишимиз эса қанчалик заиф эканимизни кўрсатиб қўйди. Имкон қадар тезроқ Россияга қарамликни камайтиришимиз керак ва буни уддалай оламиз», - деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Шу нуқтайи назардан Еврокомиссия 2050 йилгача мўлжалланган Европа яшил иқтисодиётини қайта қуриш дастурини тезлаштиради. Европа Иттифоқи 2030 йилга бориб газ истеъмолини ҳозиргига нисбатан 30 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда.
Европа Иттифоқи нима қилмоқчи?
Европа Иттифоқи Россия нефть ва газига қисман муқобил танлов сифатида, биринчи навбатда, АҚШ ва Яқин Шарқ мамлакатларидан импортни оширишни режа қилган. Бу борада терминаллар, қувурлар ва бошқа инфратузилмаларни тайёрлаш учун 12 миллиард евро керак бўлади.
Аммо режанинг асосий ва анча қиммат қисми қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва тежамкорликни оширишга қаратилган.
ЕИ қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергиянинг улушини икки баравар ошириб, уни 45 фоизга етказмоқчи (урушгача бўлган режада бу 40 фоиз эди), шунингдек, энергия сарфини олдин режа қилинганидек йилига 1,5 фоизга эмас, балки 2 фоизга камайтириб боради. Бу эса 2030 йилга бориб энергия сарфининг 13 фоизга камайишига имкон беради.
Яшил манбаларга ўтишни тезлаштириш учун Еврокомиссия 2025 йилдан бошлаб барча офис ва жамоат бинолари учун, 2029 йилдан эса янги турар жой бинолари учун қуёш панеллари ўрнатишни мажбурий қилишни таклиф қилмоқда. Газ қозонлари иссиқлик насосларига алмаштирилади, қуруқликда ва денгизда шамол тегирмонлари қуришни жадаллаштирувчи дастур ҳам тасдиқланди.
Қайд этилишича, янгиланган режа нафақат сиёсий жиҳатдан шарқий қўшнига нисбатан қарамликни камайтириши, балки молиявий жиҳатдан ҳам ўзини оқлаши керак. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат ҳар йили газ импортидан 80 миллиард, нефть импортидан 12 миллиард ва кўмир импортидан деярли 2 миллиард евро тежайди.
Бироқ бунинг учун уларнинг барчаси Еврокомиссия тавсияларига риоя этишлари ва барча зарур қарорлар ва қонунларни қабул қилишлари керак. Ҳозирда ЕИ мамлакатлари Россия тажовузи сабабли олдингидан кўра ҳам кўпроқ даражада бирлашган бўлса-да, Еврокомиссиянинг барча таклифлари маъқулланмаган. Хусусан, Венгрия олтинчи санкциялар пакетини блокировка қилишда давом этмоқда ва нефть эмбаргоси сабаб юзага келадиган йўқотишларини қоплаш учун субсидиялар талаб қилмоқда. Янги эълон қилинган режадан тушган пулнинг бир қисми худди шу каби харажатларни қоплаш ва Венгрияга «Дружба» қувури орқали импорт қилинадиган Россия маҳсулотларидан воз кечишга ёрдам бериш учун ишлатилиши мумкин.
Нефть ва газ уруши
Янги чора-тадбирлар ва режалар Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида энергия урушини келтириб чиқармаслиги имконсиз эди. Ўтган йили кузда Европада газ нархи мисли кўрилмаган даражада қимматлашди, бу эса дунёдаги иккинчи энг йирик иқтисодиётнинг секинлашишига ва Европа Иттифоқи аҳолисининг норозилигига олиб келди. Улар рекорд даражадаги инфляция ва коронавирус пандемияси сабаб турмуш даражасининг пасайишидан азият чекишмоқда.
Россия-Украина ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин эса энергетика уруши совуқ босқичдан иссиқ босқичга ўтди. Европа Иттифоқи санкциялар киритди, рус кўмиридан воз кечди, йил охиригача Россиядан газ сотиб олишни учдан икки қисмга қисқартиришни мақсад қилган ва Россия нефтига эмбарго қўйиш бўйича деярли келишиб олди. Бунга жавобан Путин газ учун тўловни рублда қабул қилиш бўйича фармон имзолади, «Газпром» бу талабни бажармаган Польша ва Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатди.
ЕИ умумий истеъмол қилинадиган энергиясининг 57,5 фоизини импорт қилади ва Россия асосий етказиб берувчи ҳисобланади. Хусусан, Европа Иттифоқи газнинг қарийб 40 фоизини ва нефть ва нефть маҳсулотларининг 30 фоизини Россиядан сотиб олади.
Ўз навбатида Россия ҳам Европа Иттифоқи бозорига қаттиқ боғланган. Нефть ва газ сектори мамлакат бюджет даромадларининг ярмини ва экспортининг ярмидан кўпроқ қисмини ташкил қилади. Газининг 70 фоизини, нефть ва нефть маҳсулотларининг 60 фоизини айнан Европа мамлакатларига экспорт қилади. Биргина уруш бошланганидан кейинги даврда ЕИ Россияга нефть ва газ учун 50 миллиард евродан ортиқ пул тўлаган.
Агар Россия газ экспортини тўхтатса…
Россия нефтдан катта даромад олади, Европа Иттифоқи эса айни вазиятда рус газидан кеча олмайди. Шу боис Россияга қарши нефть эмбаргосини тайёрлаётган Европа Иттифоқи, Россия томонининг газ экспорт қилишни тўхтатиб, жавоб қайтаришидан қўрқади.

Еврокомиссия чоршанба куни Россия энергия манбаларига қарамликни камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўпламини эълон қилди. Унда бир нечта тадбирлар кўзда тутилган бўлса-да, асосан иккита умумий нуқтадан иборат.
Биринчидан, бирдамлик: саноатни Европа Иттифоқи даражасида мувофиқлаштириш. Шунда Россия таъминотига бошқаларга қараганда кўпроқ боғлиқ бўлганлар эмас, балки барча мамлакатлар тенг даражада зарар кўради.
Иккинчидан, агар нархлар ҳаддан ташқари ошса, уларни субсидиялаш. Бу тақиқланган, аммо сўнгги пайтларда Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатлари бу ишни фаол равишда амалга оширмоқда.
«2021 йил сентябрь ойидан бери Германия, Франция, Италия ва Испания газ, электр энергияси ва бензин нархини сунъий равишда чеклаш учун 20 миллиарддан 30 миллиард еврогача маблағ сарфлади. Бундай катта ҳажмдаги субсидиялар солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш, геосиёсат ва энергетика хавфсизлиги нуқтаи назаридан зарарли, атроф-муҳитга етказиладиган зиён ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аслини олганда Европа Иттифоқи давлатлари расмийлари президент Путинни субсидия қилмоқда», дейди Bruegel таҳлил маркази иқтисодчиси Симон Тальяпьетра.
Мавзуга оид
18:39 / 23.04.2026
Қирғизистон илк марта Европа Иттифоқининг санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш механизмига тушди
15:47 / 16.03.2026
Словакия Россияга қарши санкциялар бўйича блокадасини бекор қилди
21:47 / 12.03.2026
АҚШ Россия нефтига нисбатан санкцияларни бекор қилмайди
23:30 / 11.03.2026