Хитойнинг Франциядаги элчиси Қрим статуси ва собиқ СССР давлатлари суверенитетини шубҳа остига олди
Собиқ СССР давлатлари суверенитети ҳамда Қримнинг Украинага тегишлилигини шубҳа остига олган ХХРнинг Франциядаги элчиси Лу Шайнинг чиқишини Латвия, Литва ва Эстония Ташқи ишлар вазирлари кескин қоралашди.
Лу Шай 21 апрел куни Франциянинг LCI телеканалига интервю берган. Хитойлик дипломат 2014 йили Россия томонидан аннексия қилинган Қримни «бошдан бош Россияга тегишли бўлган»ини таъкидлаган ва Никита Хрушчёв «совет иттифоқи даврида Қримни Украинага совға қилгани»ни эслатган.
Лу Шай, шунингдек, собиқ СССР давлатлари «халқаро ҳуқуқ борасида самарали статусга эга эмаслиги, чунки уларнинг статусига суверен давлатлар кучини тақдим этувчи халқаро келишув йўқлиги»ни ҳам таъкидлаган. Элчи шунингдек постсовет чегаралари масаласида «беҳуда мунозаралар»ни бас қилишга ҳам чақирган.
ХХР элчисининг интервюси эълон қилингач Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна Хитойнинг Франциядаги элчисининг бундай баёнотлари «қайғули» ва тушунарсиз эканини айтиб чиқди. Эстония ТИВ Хитойнинг Таллиндаги элчисини чақиртирмоқчи. «Бизнинг мақсадимиз — бундай кўзқарашлар номаъқул, Эстония — суверен давлат эканини тушунтириб қўйиш», — деган Цахкна.
Литва ташқи ишлар вазири Габриелюс Ландсбергис Лу Шайнинг баёноти «Болтиқбўйи давлатлари Хитойнинг «Украинада тинчлик ўрнатиш учун воситачлик қилиши»га нега ишонмаслиги» борасидаги сабаблардан бири эканини айтган.
Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевич, ўз навбатида, элчининг сўзлаганлари «мутлақо номаъқул» эканини таъкидлаган. «Биз Хитой томонидан тушунтириш ва бу баёнотни тўлиқ рад этиб чиқишларини кутамиз», — деган Ринкевич.
Украинанинг Франциядаги элчиси Вадим Омелченко, ўз навбатида, ХХР элчисининг «география борасида кўриниб турган муаммолари борлиги»ни айтган. Баёнот расмий Пекиннинг «Украинада халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми мақсадлари ва принциплари асосида тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлари» борасидаги позициясига зид келишини таъкидлаган.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисининг баёнотларидан «ташвишга тушгани»ни маълум қилиб, Пекинни ўз позицияларини аниқлаштиришга чақирган, деб хабар беради LCI.
Мавзуга оид
15:18 / 24.11.2024
Лотереяга ютуққа чиққан «Волга»нинг саргузаштлари – СССРдаги энг шов-шувли ҳодиса тарихи
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
17:31 / 15.11.2024
Эстонияда аҳоли орасида пул етишмаслиги туфайли жиноятчилик кўпайгани эълон қилинди
17:28 / 13.11.2024