Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мундиал қуръаси. Ўзбекистон қандай гуруҳдан ўрин олиши мумкин ва гуруҳдан чиқиш имконияти қандай бўлади?
Фото: AFP via Getty Images
Декабр ойида 2026 йилги жаҳон чемпионати учун қуръа ташланади ва Ўзбекистон вакиллари ҳам тарихда илк бор ушбу маросимда бевосита иштирок этади. Табиийки, тарихий турнирга бўлган муносабат нуқтайи назаридан гуруҳда кимлар рақиб бўлиши мумкинлигини билиш, шунга қараб вазифаларни белгилаш биз учун муҳим. Эътиборли тарафи, Ўзбекистон қуръада кўпчилик кутганидек сўнгги саватчада эмас, балки 3-саватчада жойлашишидир. Бу бизга нима беради? Ростан ҳам қайси саватда жойлашиш муҳимми? Қуйида ушбу қуръа ҳақида.
Мундиал формати
Бу сафар мундиалда тарихда илк бор 48 миллий жамоа иштирок этади. Жамоалар 4 та жамоадан иборат 12 гуруҳга ажратилади. Ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар (жами 24 жамоа), шунингдек, учинчи ўрин эгаларидан нисбатан энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 8 жамоа 1/16 финал босқичига чиқади. Яъни Ўзбекистон вакилларида ҳам гуруҳдан чиқиш ва 32 таликка кириш учун яхши имконият бўлади. Аввалги муваффақиятсиз саралашларда Ўзбекистон амалда шундай 32 таликка кира олмай, мундиал остонасида қолиб кетганди.
3-ўрин вакилларига ҳам имконият қолдирадиган форматдаги турнирлар олдин ҳам бўлган, уч ўйиндаги 4 очко амалда гуруҳдан чиқиш учун етарли бўлиб келади. Ҳатто айрим ҳолатларда 3 очко билан ҳам энг яхши учинчи ўринлар қаторида гуруҳдан чиқиш имкони бўлган. Масалан, Евро-2016 ғолиби бўлган Португалия плей-оффга учта дуранг билан чиққанди. Аммо бунинг учун ҳам тўплар нисбати у қадар манфийлашиб кетмаслиги ва бошқа гуруҳларда керакли натижалар содир бўлиши талаб этилади.
Саватчалар қандай аниқланади?
Қуръада 48 иштирокчи ҳар бири 12 та жамоадан иборат бўлган 4 саватга тақсимланади. Ҳар бир гуруҳ ҳар бир саватдан биттадан жамоа билан тўлдирилади. Саватлар ФИФАнинг 2025 йил декабрдаги рейтингига қараб, яъни жамоалар яна иккитадан учрашув ўтказгач ҳосил бўладиган ҳолатга қараб аниқланади.
Биринчи саватдан мундиал мезбонлари – АҚШ, Мексика ва Канада миллий жамоалари жой олиши аниқ. Қолган 9 ўрин эса ФИФА рейтингида энг юқорида жойлашган 9 жамоага берилади. Рейтингда юқори ўриндаги жамоаларнинг деярли барчаси амалда мундиал йўлланмасини ҳал қилгани эътиборга олинса, 1-сават деярли шаклланиб улгурган дейиш мумкин. Булар мезбонлардан ташқари Испания, Аргентина, Франция, Англия, Португалия, Нидерландия, Бразилия, Белгия ва Германия жамоаларидир.
Аслида ФИФА рейтингида Италия ҳам кучли тўққизталикда (Германия 10-ўринда), аммо айни пайтда италянлар саралашдаги гуруҳида пешқадам Норвегиядан анча ортда қолиб кетган ва катта эҳтимол билан ўтиш ўйинлари орқали йўлланма учун курашади.
Демак, юқорида саналган 12 жамоадан бири Ўзбекистоннинг гуруҳдаги биринчи рақиби бўлади.
Кейинги саватлар ҳам худди шундай рейтинг асосида шакллантирилади.
Биз нега учинчи саватдамиз?
Ўзбекистон ФИФА рейтингида 55-ўринда бўлса-да, қандай қилиб 3-саватдан, яъни кучли 36 жамоа орасига қўшилиб қолганининг сабаби бор. Маълумки, финал босқичининг 6 иштирокчиси қуръадан кейин, 2026 йил март ойида бўладиган плей-офф ўйинларида аниқ бўлади. Мана шу 6 жамоа ҳам рейтингидан қатъи назар 4-саватчага жойлаштирилади.
Тўрт жамоа УЕФАдан бўлади. Гуруҳларда 2-ўринни эгаллаган 12 жамоа ва яна Миллатлар Лигаси орқали қўшиладиган 4, жами 16 жамоа плей-офф орқали яна тўрт иштирокчини аниқлайди. Юқорида айтилганидек, Италия каби кучли жамоалар ҳам плей-оффга қолиш эҳтимоли юқори ва аслида Италия рейтингда 9-ўринда турганига қарамасдан сўнгги саватчадан жой олади.
Яна икки жамоа қитъалараро плей-офф орқали аниқланади. Жанубий Америка, Конкакаф, Осиё ва Африка вакиллари ўзаро ўйинларда сўнгги икки йўлланма эгасини аниқлайди. Демак, 4-саватчадан ўрин оладиган 6 жамоа шулар.
Яна 6 жамоа эса табиийки, ФИФА рейтингида йўлланма эгалари орасида нисбатан паст ўринларда турган иштирокчилар. Ўзбекистон айни пайтда рейтингда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиб бўлган 6 жамоадан юқорида жойлашган ва ноябр ойидаги ўйинларда ҳам бу ҳолат ўзгариши амалда имконсиз масала. Бу жамоалар – Саудия Арабистони (58), ЖАР (59), Иордания (66), Кабо Верде (71), Гана (73) ва Янги Зеландия (85) бўлиб, улар қолган икки ўйиндаги натижалардан қатъи назар рейтингда Ўзбекистондан ўтиб кета олмайди.
Мана шу 6 жамоа сўнгги саватчадан жой оладими? Йўқ, масалан, Саудия Арабистони, ЖАР каби жамоаларда ҳам 3-саватчага кўтарилиши имкони бор. Қандай қилиб?
КОНКАКАФ минтақасида ҳали саралаш ўйинлари якунланмади ва жамоалар яна иккитадан ўйинда майдонга тушади. Айни пайтда Суринам, Ямайка, Ҳондурас, Панама, Коста-Рика, Кюрасао, Гветамала, Ҳаити ҳамда Триндад ва Тобаго каби жамоалар тўғридан тўғри уч йўлланма учун кураш олиб боришмоқда, уларнинг ҳар бирида яхши имконият бор. Бу жамоалар ичида Панама (31) ва Коста-Рика (45) рейтингда биздан юқорида жойлашган, қолганлари эса анча пастроқда. Демак, агар ҳозирда гуруҳида пешқадам бўлиб турган Суринам, Ямайка ва Ҳондурас каби жамоалар йўлланмани қўлга киритишса, 4-саватга тушишади (ФИФА рейтингида пастда жойлашгани туфайли) ва Саудия Арабистони ҳам, ЖАР ҳам 3-саватга кўтарилади. Ҳар қандай ҳолатда КОНКАКАФнинг 3 гуруҳидан камида биттасида рейтингда паст бўлган жамоа ғолиб бўлади ва ишонч билан айтиш мумкинки, Саудия Арабистони ҳам 3-саватчага кўтарилиб олади.
Ўзбекистон кимларга рақиб бўлиши мумкин?
Юқорида айтилганидек, мундиалда гуруҳдан чиқиш учун камида битта ғалабага эришиш керак бўлади. Агар омад келиб, 4-саватчадан кучсизроқ рақиб тушиб қолса, ҳатто 2-саватдан бўладиган рақиб билан ўйинда дурангга ҳаракат қилиш ҳам мумкин.
Демак, 1-саватдан эҳтимолий рақиблар – АҚШ, Канада, Мексика, Испания, Аргентина, Франция, Англия, Португалия, Нидерландия, Бразилия, Белгия ва Германия.
2-саватда ФИФА рейтингида 10-дан кейинги ўринларда жойлашган нисбатан кучли жамоалар бўлади. Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Сенегал каби жамоалар ушбу саватда бўлиши деярли аниқ. Шунингдек, Осиёдан Япония ва Жанубий Корея ҳам ушбу саватчадан жой олишади ва Ўзбекистон билан бир гуруҳга тушишмайди.
3-саватда Ўзбекистон бор ва бу саватдаги бошқа жамоалар бизга рақиб бўлмайди. Айни пайтда биз каби бу саватчадан ўрин олиши аниқ бўлган жамоалар – Жазоир, Парагвай, Тунис, Кот-д’Ивуар ва Қатар. Мана шу жамоалар гуруҳда биз билан ўйнамаслиги аниқ.
Асосий масала, 4-саватчадан бизга кимлар рақиб бўлиши мумкинлиги. Чунки айнан мана шу саватчадан чиқадиган рақиблардан очко олиш имконияти кўпроқ бўлади. Гана, Кабо Верде, Иордания ва Янги Зеландия сўнгги саватчадан жой олиши аниқ. Иордания қитъадош экани инобатга олинса, қолган уч жамоа биз билан бир гуруҳда бўлиши мумкин. Шунингдек, юқорида тилга олинган КОНКАКАФ вакилларидан қайсидир жамоа ёки қитъалараро плей-офф ғолибларидан кимдир бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Ва албатта, УЕФА плей-оффи орқали чиқадиган 4 жамоани ҳам унутмаслик керак, яъни Италия, Туркия, Дания каби кучли жамоалар ҳам 4-саватдан бизга рақиб бўлиши мумкин.
Эҳтимоллар шунчалик кенгки, Ўзбекистон «ўлим» гуруҳига тушиб қолиши ҳам, нисбатан осон гуруҳдан жой олиши ҳам мумкин. Масалан, Бразилия, Хорватия, Ўзбекистон, Италия – шунақа гуруҳга нима дейсиз? Ёки Канада, Швейцария, Ўзбекистон, Янги Зеландия гуруҳи шаклланиши ҳам мумкин бўлади. Энг муҳими, ким тушишидан қатъи назар бизда натижа учун имконият доим бўлади. Саудия Арабистони ўтган мундиални Аргентина устидан қозонилган ғалаба билан бошлаганини кўпчилик эслайди.
Мавзуга оид
21:08 / 17.12.2025
ФИФА Ўзбекистон миллий жамоасига камида 10,5 млн доллар тўлайди
18:50 / 12.12.2025
ФИФА ЖЧ-2026 чипталарининг қиммат нархи туфайли «улкан хиёнат»да айбланди
23:23 / 11.12.2025
ЖЧ-2026 чипталари учун аризалар қабули бошланди
17:16 / 07.12.2025