Жаҳон | 14:51 / 16.10.2025
3360
10 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ҳамасга таҳдиди, сулҳга келишган Покистон–Афғонистон ва МРБнинг Венесуэладаги операциялари – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил урушни қайта бошлаш билан таҳдид қилди

Ҳамас ўз назоратидаги барча ҳалок бўлган исроиллик гаровдагиларнинг жасадлари топширилганини, қолганларини эса Ғазо вайроналари остидан чиқариш учун махсус техник воситалар зарурлигини маълум қилди. Бу баёнот Исроилнинг агар сулҳ шартлари бузилса, урушни қайта бошлаш ҳақидаги таҳдидлари ортидан билдирилди.

Чоршанба куни кечқурун яна икки жасад топширилди. Бунгача Ҳамас 28 нафар ҳалок бўлган гаровдаги исроилликдан 7 нафарининг жасадини топширган, Исроил эса саккизинчи жасад гаровдагилардан бирига тегишли эмаслигини билдирган эди.

Ал-Қассам бригадалари тарқатган баёнотида шундай деди:

«Биз ўзимиздаги барча тирик исроиллик асирларни, шунингдек, қўлимиз етган жасадларни топшириш орқали келишувдаги мажбуриятимизни бажардик... Қолган жасадларни топиш ва чиқариб олиш эса катта саъй-ҳаракатлар ҳамда махсус техник воситаларни талаб қилади».

Бундан олдинроқ Исроил мудофаа вазири Исроил Катц, агар Ҳамас келишувга риоя қилмаса, Исроил АҚШ билан ҳамкорликда жанговар ҳаракатларни қайта бошлаши ҳақида айтганди. Трамп ҳам Ҳамас келишувни бажармаса, Исроилга жангни давом эттиришга рухсат беришни кўриб чиқишини айтди.

Шундан сўнг, АҚШнинг юқори даражадаги маслаҳатчилари журналистларга Ҳамас ўлик гаровдагиларнинг жасадларини қайтариш мажбуриятини бажаришга интилаётганини маълум қилди.

АҚШ маслаҳатчиларининг айтишича, Ғазо «бутунлай вайрон бўлгани» боис жасадларни топиш ниҳоятда қийин. Шу сабабли, АҚШ ва бошқа воситачилар ҳалок бўлган асирларнинг жасадларини топишда ёрдам бераётган шахсларга мукофот дастурини жорий этишни кўриб чиқмоқда. Туркия эса Ғазога жасадларни қидириш бўйича мутахассислар юбориш учун музокаралар олиб бораётганини билдирди.

Чоршанба куни БМТ кузатувчилари ҳамроҳлигида озиқ-овқат ва ёқилғи ортилган юк машиналари Керем Шалом чегарасидан Ғазога киритилди. Рафаҳ ўтиш пункти эса пайшанба куни қайта очилиш арафасида, бироқ Исроил Ҳамас жасадларни жуда секин қайтараётганини баҳона қилиб, ёрдамни чеклаши мумкинлигини огоҳлантирди.

БМТ ва инсонпарварлик ташкилотлари эса Исроилдан «минглаб юк машиналари»ни Ғазога киритиш учун кўпроқ ўтиш пунктларини очишни талаб қилмоқда.

МРБ Венесуэлада махфий операциялар ўтказади

АҚШ президенти Доналд Трамп 15 октябр куни Марказий разведка бошқармасига Венесуэлада махфий операциялар ўтказишга рухсат берганини тасдиқлади. Бу қарор АҚШнинг президент Николас Мадуро ҳукуматига нисбатан босимини кескин кучайтиради.

New York Times’нинг АҚШ расмийларига таяниб ёзишича, Трамп маъмуриятининг бу стратегияси Мадуро режимини ҳокимиятдан четлаштиришга қаратилган. Янги ваколат CIA'га Венесуэлада ўлимга олиб келувчи махфий операцияларни амалга ошириш ҳамда Кариб минтақасида кенг кўламли ҳаракатларни ўтказиш имконини беради.

Трамп журналистларга бу қарорни икки сабаб билан қабул қилганини айтди:

«Мен бу қарорни икки сабаб билан бердим. Биринчидан, улар ўз қамоқхоналарини бўшатиб, жиноятчиларни АҚШга юборишди — улар чегарадан кириб келишди, чунки бизда очиқ чегара бор эди. Иккинчидан — бу наркотиклар масаласи», - деди Трамп Оқ уйда журналистларга.

У Венесуэла томонидан собиқ маҳбуслар АҚШга юборилаётгани ҳақидаги даъвосини ҳеч қандай далил билан тасдиқламаган.

Марказий разведка бошқармасининг бундай махфий операциялардаги иштироки тарихан турлича бўлган: баъзида тўғридан тўғри қуролли ҳаракатларда, баъзида эса разведка ва ахборот йиғиш орқали, яъни минимал жисмоний иштирок билан.

Венесуэла ҳукумати Трампнинг баёнотини халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб атади. Расмий Каракас АҚШни мамлакатнинг нефт ресурсларини эгаллаш мақсадида «режимни ағдариш» амалиётини қонунийлаштиришга уринишда айблади.

«Бизнинг БМТдаги доимий миссиямиз эртага Хавфсизлик Кенгашига ва бош котибга ушбу шикоятни тақдим этади, АҚШ ҳукуматидан жавобгарликни талаб қиламиз», - дейилади Венесуэла ташқи ишлар вазири Иван Гил.

Аш-Шаръа Кремлда

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа 15 октябр куни илк марта Москвага борди, Кремлда уни Владимир Путин кутиб олди.

«Мамлакатларимиз ўртасида кўп йиллар давомида алоҳида муносабатлар шаклланган», деди Путин ва Москва Дамашқ билан муносабатларда доимо Сурия халқи манфаатларига асосланганини айтди.

Путиннинг таъкидлашича, Сурия халқи билан Россиянинг ҳам чуқур алоқалари бор, «юзлаб, балки минглаб одамлар ўзаро никоҳ, дўстлик ришталари билан боғланган».

Аҳмад аш-Шаръа бунга жавобан Россия «янги Сурияни ривожлантиришда жиддий рол ўйнашини» айтди.

Reuters манбалари аввалроқ Сурия президенти учрашувда Москвада яшириниб юрган собиқ президент Башар Асадни экстрадиция этишни талаб қилмоқчи экани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, Аҳмад аш-Шаръа Тартусдаги Россия ҳарбий-денгиз базаси ва Хумаймимдаги авиабазани сақлаб қолиш бўйича музокаралар олиб боришни режалаштирмоқда, деб хабар берди Суриядаги расмий манба. Шунингдек, у Россия иттифоқчиси Асадни сурияликларга қарши жиноятлар бўйича суд қилиш учун расман топширишни сўрайди, деб қўшимча қилди манба.

Россия ва Сурия етакчилари ўртасидаги музокаралар ёпиқ тарзда ўтказилди. Россия ТИВ вакили Мария Захарованинг айтишича, музокараларда Россиянинг Суриядаги «ҳарбий иштироки масаласи», жумладан, «Россия ҳарбий объектлари функционалини эҳтимолий қайта форматлаш контекстида» муҳокама қилинмоқда.

Покистон ва Афғонистон сулҳга келишди

Покистон ва Афғонистон ўртасида сўнгги кунларда кучайган ҳаво ҳужумлари ва ерда кечган жанглардан кейин, кеча 15 октябр куни вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилди.

Чоршанба куни содир бўлган жанглар Афғонистон ва Покистон ўртасидаги нотинч, даъвогар чегара ҳудудида тинчликни бузди. Ҳар икки томон қарши ҳужумларни биринчи бўлиб ким бошлагани борасида бир-бирини айбламоқда.

Хусусан, Покистон Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятидаги Спин Болдак шаҳрига ҳаво зарбаси уюштирганини ҳар икки мамлакат расмийси тасдиқлади. Покистон хавфсизлик хизмати вакиллари бу зарба «Толибон» бригадаси»ни нишонга олганини, ўнлаб жангарилар ҳалок бўлганини билдирди.

Сўнгги кескинлик — Покистоннинг «Толибон» ҳукуматидан ўзига ҳужумларни кучайтираётган жангариларни жиловлашни талаб қилганидан сўнг юзага келди. Исломобод уларни Афғонистон ҳудудидан ҳаракат қилаётганликда айблади.

«Толибон» бу айбловни рад этиб, Покистон армиясини Афғонистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда, чегарада вазиятни қўзғатишда айблади. Покистон эса бу даъволарни рад этди.

Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, икки мамлакат чоршанба куни соат 13:00 дан бошлаб 48 соатлик «вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш» режимини жорий этишга келишган. Баёнотда сулҳ ташаббуси Кобул томонидан билдирилгани қайд этилган.

Афғонистон «Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг сўзларига кўра, бу сулҳ «Покистон томонининг талабига биноан» эълон қилинган. Унга кўра, Афғон кучларига қарши томон ҳужум қилмагунча сулҳга риоя қилиш буйруғи берилган.

Тўқнашувлар халқаро эътиборни тортди: Хитой ўз фуқаролари ва инвестицияларини ҳимоя қилишни сўради, Россия сабр-тоқатга чақирди, АҚШ президенти Доналд Трамп эса можарони тугатишга ёрдам бериши мумкинлигини айтди.

Моди Россия нефтини сотиб олишни тўхтатди — Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда журналистларга берган баёнотида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди унга Россия нефтини импорт қилишни тўхтатишга ваъда берганини маълум қилди.

«У менинг дўстим, бизнинг ажойиб муносабатларимиз бор… лекин биз уларнинг Россиядан нефт олаётганидан мамнун эмасдик, чунки бу Россияга тентакона урушни давом эттириш имконини берарди. Улар ярим миллион одамни йўқотишди», - деди Трамп Овал офисда чиқиш қилиб.

«Мен Ҳиндистоннинг Россиядан нефт олаётганидан норози эдим ва Моди менга Россиядан нефт сотиб олмаслигини кафолатлаганини айтди. Бу катта қадам. Энди биз Хитойни ҳам шунга ундашимиз керак», - дея қўшимча қилди Трамп.

Август ойида Трамп Россиядан нефт ва газ импорт қилгани учун Ҳиндистонга 25 фоизлик бож жорий этган эди — бу аввалги 25 фоизлик тарифга қўшимча сифатида қўлланган.

Трампнинг сўзларига кўра, Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилишни тўхтатиши Украинадаги урушни тезроқ якунлашга ёрдам беради.

Ҳиндистон узоқ йиллардан бери Россия хом нефтига таяниб келади — бу мамлакатнинг тез ўсиб бораётган иқтисодиёти ва 1,4 миллиарддан ортиқ аҳолиси учун асосий энергия манбаларидан биридир. Дунёнинг энг кўп аҳолига эга мамлакати ҳозирда нефт истеъмоли бўйича дунёда учинчи ўринда туради. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид