Ўзбекистон | 13:22 / 30.10.2023
17927
4 дақиқада ўқилади

“Авто 60 ой” ишининг 8 йилга қамалган бош айбланувчиси очиқда. У нега озод қилинди?

Фуқароларни 53 миллиардга “тушириб”, 8 йилга қамалган фирибгар Жамшид Баҳодиров 3 йилга қолмай очиққа чиқди. Олий судга кўра, у манзил колонияда “ўзини яхши тутгани ва тузалиш йўлига ўтгани учун” ижобий тавсифнома олган ҳамда ўталмай қолган 5 йилдан кўпроқ муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Фирибгар етказган зарарнинг 23 миллиард сўмдан ортиғи ҳали ундирилмаган бўлиши мумкин.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Kun.uz сайти аввалроқ “Авто 60 ой” иши доирасида фирибгарлик қилиб, фуқароларни катта пулга чув туширган, кейинроқ суд ҳукми билан 8 йилга қамалган Жамшид Баҳодиров озодликда экани ҳақида ёзган эди.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Kun.uz'га изоҳ берди.

Жамшид Баҳодиров ЖИБ Чилонзор туман судининг 2021 йил 29 мартдаги ҳукми билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазони умумий тартибли колонияда 2019 йил 15 октябрдан бошлаб ўташи белгиланган. Шунингдек, бу ҳукм устидан шикоят берилмагани ва протест билдирилмагани сабабли жиноят иши апелляция тартибида кўрилмаган.

Ж.Баҳодиров ЖИБ Нишон туман судининг ажрими билан 2021 йил ноябрь ойида умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ўтказилган. У манзил колонияда 8 ой давомида “ўзини яхши тутгани ва тузалиш йўлига ўтгани учун” ижобий тавсифнома олади ҳамда ЖИБ Бўка туман судининг ажрими билан унинг ўталмай қолган 5 йилдан кўпроқ “муддати” ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

«43-сон манзил-колонияси томонидан 2022 йил 13 июнь куни берилган тавсифномада, маҳкум Ж. Баҳодировга нисбатан Жиноят кодексининг 74-моддасини қўллаш тайинланган жазонинг учдан бир қисми ўталганидан кейин, 2022 йил 15 июнь кунига тўғри келиши, у ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги ҳамда жазони ўташ даврида тузалиш йўлига ўтганлиги кўрсатилиб, ижобий тавсифланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасига асосан маҳкумнинг адвокати томонидан берилган илтимоснома жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг 2022 йил 21 июнь кунги ажрими билан қаноатлантирилиб, шу вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 74-моддаси 3-қисми “б” бандига асосан Ж. Баҳодировга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 5 йил 3 ой 24 кун муддати шу муддатга иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Суд, маҳкум Ж. Баҳодировнинг оғир жиноят учун 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан судланиб, ушбу жазонинг учдан бир қисмидан кўпроғи, яъни 2 йил 8 ой 6 кунини ўтаганлиги ҳамда манзил-колония маъмурияти томонидан билдирилган тавсифномани инобатга олиб, адвокат томонидан берилган илтимоснома қаноатлантирилган.

Мазкур ажрим устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилмаган. Айни пайтда Ж. Баҳодиров очиқда ишлаб ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтамоқда”, — дейилади Азиз Обидовнинг Kun.uz’га берган изоҳида.

Катта шов-шувларга сабаб бўлган ишда Жамшид Баҳодиров ва унинг жиноий шериклари 6 йилдан 8 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Улар Жиноят кодексининг 168, 188-1 ҳамда 243-моддалари билан айбдор деб топилган. Тергов маълумотига кўра, “Авто олтмиш ой” МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг 34,1 миллиард сўми ундирилган. Қопланмаган зарар миқдори эса 23 млрд 264 млн сўмни ташкил этади.

Олий суд тақдим қилган маълумотларда Жамшид Баҳодиров ва унинг жиноий шериклари фуқароларга етказган зарарнинг қопланмай қолган қисми тақдири ҳақида маълумот йўқ. Олий суд матбуот хизмати зарар юзасидан ҳам маълумот берилишини маълум қилди. 

Жамшид Баҳодиров озодликка чиқиши билан яна эски ишини бошлаган кўринади. Таҳририят ўрганаётган мурожаатда юзлаб фуқаролар фирибгарлик қурбони бўлишган. Бу ишда ҳам Жамшид Баҳодиров асосий фигурантлардан бири экани тахмин қилинмоқда.

Батафсил тафсилотлар билан қисқа вақтларда Kun.uz орқали танишасиз.

Мавзуга оид