Жаҳон | 20:32 / 20.02.2026
6340
8 дақиқада ўқилади

Тинчлик кенгашининг илк йиғилиши: улар Ғазога тинчлик олиб келадими?

Доналд Трампнинг ўзи тузган кенгаш бўйича мақсадлари Ғазони қайта қуришдан тортиб, халқаро можароларни ҳал этишда БМТ муқобили бўлишгача боради. Аммо Тинчлик кенгаши – Ғазонинг ўзида ҳал қилиши лозим бўлган камида 4 йирик синов қаршисида турибди.

19 февраль куни АҚШ президенти Доналд Трамп ўзи тузган Тинчлик кенгашининг илк йиғилишини Вашингтонда ўтказди. 47 давлат вакилларига йўллаган узун ва мураккаб нутқининг якунида Трамп бир қанча баёнотлар берди.

Трамп дастлаб АҚШ Тинчлик кенгашига 10 миллиард доллар ажратишини айтди. У маблағ қаердан олиниши ёки уни АҚШ Конгрессидан сўраш-сўрамаслигини айтмади.

Трампнинг айтишича, иштирокчи давлатлар Ғазони қайта қуриш учун дастлабки бадал сифатида 7 миллиард доллар йиғган. Бадал қўшганлар қаторида Қозоғистон, Озарбойжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Кувайт бор.

Шунингдек, FIFA Ғазода футбол билан боғлиқ лойиҳалар учун 75 миллион доллар ажратади, БМТ эса ҳуманитар ёрдам учун 2 миллиард доллар қўшади, деди АҚШ етакчиси.

Фото: Reuters

Reuters’нинг ёзишича, халқаро ташкилотлар икки йиллик урушдан сўнг вайронага айланган Ғазони тиклаш харажатларини 70 миллиард долларгача баҳолаган. Бу вайронкор ҳужумларнинг сабаби бўлган Исроил эса Ғазони тиклаш ишларига пул бериш-бермаслиги номаълум.

Кенгаш аъзолари ва БМТга рақобат

Трамп ушбу кенгашни 2025 йил cентябр ойида Исроилнинг Ғазодаги урушини тугатиш режасини эълон қилганида таклиф қилганди. Кейинчалик у кенгаш ваколатини Ғазодан ташқарига ҳам кенгайиб, дунё бўйлаб бошқа можароларни ҳам қамраб олишини очиқ айтган.

Кенгашга 27 та аъзо давлат етакчилари ва ТИВ даражасидаги вакиллари келган. Қолган иштирокчи давлатлар, шунингдек Европа Иттифоқи – кузатувчи сифатида қатнашди.

Тинчлик кенгашига Исроил ҳам қўшилди. Лекин, исроилликлар Ҳамас билан узоқ йиллик алоқаларга эга бўлган Қатар ва Туркиянинг иштирокидан шубҳаланмоқда.

Тинчлик кенгаши аъзолари / Фото: Reuters

Фаластинликлар эса қарийб 2 миллион аҳолиси яшайдиган ҳудуд келажаги муҳокама қилинаётган бўлса-да, уларнинг вакиллари кенгашга таклиф қилинмаганидан норози.

Ғарбнинг нуфузли ОАВлари бу кенгаш аъзоларини асосан Яқин Шарқ давлатлари ва Трампнинг кўнглини олишга интилаётган ёки унинг эътиборини қозонмоқчи бўлган етакчиларидан иборат, дея баҳоламоқда.

АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари Кенгашнинг ваколатлари кўлами туфайли унга киришдан бош тортган. Уларга кўра, бу БМТнинг ролига соя солиши мумкин.

Трамп Кенгаш БМТ ўрнини эгалламоқчи деган хавотир билдираётган танқидчиларга жавобан «кун келиб мен бу ерда бўлмайман, БМТ эса бўлади», деди. «Менимча у анча кучли бўлади ва Тинчлик кенгаши деярли БМТ устидан назорат қилиб, унинг тўғри ишлашини таъминлайди,» дея қўшимча қилди у.

Ҳамаснинг қуролсизланиши

Ўтган йили октябрдаги сулҳ келишувининг иккинчи босқичида – Ҳамас қуролларини топшириши, халқаро кучлар жойлаштирилиши ортидан Исроил қўшинлари Ғазодан чиқиши керак эди. Аммо бу борада аниқ муддат белгиланмаган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ҳамас қуролсизланмагунча ҳеч қандай қайта қуриш бўлмаслигини айтган, бу эса фаластинликларни кенг кўламли вайронагарчилик орасида ноаниқ ҳолатда қолдирмоқда.

Тинчлик кенгашининг араб ва мусулмон аъзолари эса Исроилни кундалик зарбалар орқали сулҳни издан чиқаришда айблаб, АҚШни ўз яқин иттифоқчисини тийишга чақирмоқда. Улар Ҳамасни қуролсизланишга чақирган бўлса-да, Исроил қўшинларининг чиқиши ҳам худди шунчалик муҳимлигини таъкидламоқда.

Ғазо вайроналари / Фото: AP

Исроил қуролсизлантиришни оғир қуроллардан — масалан, гранатомётлардан тортиб, тахминан 60 мингта милтиққача бўлган барча қуролларни қамраб оладиган жараён сифатида таърифлайди. Ҳамаснинг юқори мартабали амалдорлари ўтиш даврида тартибни сақлаш учун хавфсизлик кучлари айрим қуролларни сақлаб қолиши кераклигини айтган.

Associated Press нашри музокараларда иштирок этаётган икки амалдорга таяниб ёзишича, муҳокама қилинаётган ғоялардан бири — Ҳамас қуролларини ташқи назорат остида муҳрланган омборларга жойлаштириб «музлатиб қўяди». Яна бир фикр эса гуруҳ оғир қуроллардан воз кечиб, полиция вазифалари учун айрим тўппончаларни сақлаб қолишидир. Қуролсизланиш мураккаб жараён бўлиб, бир неча ой давом этиши мумкин.

Кенгашдаги нутқида Трамп Ҳамасни қуролсизлантириш учун куч ишлатиш шарт бўлмаслигига умид билдирди. Унинг айтишича, Ҳамас қуролсизланишга ваъда берган: «улар буни қилаётганга ўхшайди, лекин буни кўрамиз», деди Трамп.

Халқаро барқарорлаштириш кучлари

Сулҳ келишуви – аъзо давлатлардан аскарлар жалб қилинган вақтинчалик Халқаро барқарорлаштириш кучини ҳам назарда тутади. Унинг ваколати батафсил белгиланмаган. Тавсифига кўра, улар ёрдам етказиб беришни ҳимоялаш, қурол контрабандасининг олдини олиш ҳамда фаластинлик полиция кучларини тайёрлашни ўз ичига олади.

ISF кучлари қўмондони Жаспер Жефферс / Фото: AFP

ISF кучларига раҳбарлик қилувчи америкалик ҳарбий – генерал майор Жаспер Жефферс Ғазо учун 12 минг нафар полиция ва 20 минг нафар аскар керак бўлишини айтди.

Пайшанба кунги йиғилишда Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания халқаро кучлар учун қўшин юборишга ваъда берди. Хусусан, Индонезиянинг ўзи Ғазода тинчликни таъминлаш учун 8 минг ёки ундан кўпроқ аскар юбормоқчи. Миср ва Иордания эса Фаластин полициясини тайёрлаш мажбуриятини олди.

Халқаро қўшинлар дастлаб – Исроил тўлиқ назоратида бўлган, жиддий зарар кўрган ва деярли бўш қолган Рафаҳга жойлаштирилади. Кейин, бутун сектор бўйлаб тарқалади. Трампнинг куёви Жаред Кушнер Ғазодаги қурилиш ишларини айнан Рафаҳдан бошламоқчи.

Бундан ташқари, Фаластин полиция кучини шакллантириш жараёни бошланган: унга кириш учун «бир неча соат ичида 2 000 киши ариза топширган». Халқаро барқарорлаштириш кучлари полицияга ёрдам беради.

Урушдан кейинги бошқарув

Сулҳ битимига кўра, Ҳамас Ғазодаги ҳокимиятни сиёсий жиҳатдан мустақил фаластинлик маъмурлардан иборат қўмитага топшириши керак. АҚШ 15 кишилик қўмитани белгилаган: БМТнинг собиқ махсус вакили Николай Младенов кенгашнинг Ғазо бўйича вакили сифатида уларни назорат қилади.

Николай Младенов / Фото: Reuters

Младенов ўтган ҳафта Ҳамас ҳокимиятни топширмагунча ва сулҳ бузилишлари тўхтамагунча қўмита ишлай олмаслигини айтди.

«Биз фақат қўмитани ноқулай аҳволга соляпмиз ва охир-оқибат уни самарасиз қиляпмиз,» деди у Мюнхен хавфсизлик конференциясида. «Буларнинг барчаси жуда тез ҳаракатланиши керак».

Фаластин маъмуриятининг собиқ вазир ўринбосари Али Шаат бошчилигидаги қўмита эса ҳамон Мисрда. Исроил уларнинг Ғазога киришига рухсат бермаяпти.

Ноаниқлик

Трамп Тинчлик кенгаши юқоридаги режаларнинг бирортаси учун аниқ муддатларни кўрсатмади. Фаластинликлар, жумладан кўплаб тинч аҳоли вакиллари эса Исроил деярли ҳар куни сулҳни бузиб бераётган зарбаларидан ҳалок бўлишда давом этмоқда.

Фото: Reuters

Келгуси ойлар давомида Тинчлик кенгашининг самарадорлигини синовдан ўтказадиган асосий 4 та масала бор. Булар: Ҳамас аъзоларини қуролсизлантириш, Исроил қўшинларининг сектордан чиқиши, қайта қуриш жамғармасининг ҳажми ҳамда урушдан жиддий зарар кўрган Ғазо аҳолисига ҳуманитар ёрдам оқимини ошириш.

«Агар бу йиғилиш тез ва амалда сезиларли ўзгаришларга — айниқса ҳуманитар йўналишда ўзгаришларга олиб келмаса, унинг ишончлилиги тезда емирилади,» дейди таҳлилчилар.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид